Тинчлик ва аҳиллик – мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг асосидир

User Rating:  / 1
PoorBest 
Created on Thursday, 16 April 2015 09:34
Hits: 1577

Бу сана урушларда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиладиган, бугун сафларимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган эзгу маросимдир.

Бундай кунларда бугунги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини теранроқ англаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 26 мартдаги «Умумхалқ байрами - Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Фармойиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 28-мажлис баёнида белгиланган вазифалар ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига, оловли жанггоҳлардан омон қайтган ота-боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган момоларимизга кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодаси сифатида намаён бўлди.

Мазкур фармойиш ва қарорда иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ғамхўрлик ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, Ватанимиз истиқлолини, турмушимиз ободолигини, халқимизнинг осойишталигини, фаровон ҳаётини ҳимоя қилишда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларни хотиралаш ва улар оилалари ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган.

Бугун барча ватандошларимиз, бутун халқимиз Хотира ва қадрлаш куни деб ном олган улуғ айёмни, фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигини кенг нишонлаш арафасида турибди.

Шу кунларда барчамиз ўз инсоний бурчимизни адо этиб, бугунги тинч ҳаётимиз учун, мусаффо осмонимиз учун жанг майдонларида жон бериб урушдан қайтмаганларни эслаб, уларнинг арвоҳларини шод этиб, ўчмас хотираси олдида бош эгишимиз даркор.

Бугун орамизда соғ-саломат ҳаёт кечираётган, барчамиз учун азиз ва муҳтарам бўлган нуроний отахон ва онахонларимизга, урушда қатнашган мардларга, шу билан бирга, фронт ортида меҳнат қилиб, Ғалаба кунини яқинлаштиришга муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизга чин қалбдан ҳурмат билдириб, уларга бардамлик, узоқ умр, бахтли ҳаёт тилаш ҳар биримизнинг бурчимиз.

Ҳаётимизга, хонадонларимизга файз ва барака берадиган фахрийларимизнинг кўнглини кўтариш, уларнинг ҳаётини узайтиришга, умрини мазмунли қилишга қўлимиздан келганча ҳисса қўшиш, уларга ғамхўрлик ва меҳрибонлик кўрсатиш бизнинг инсоний бурчимиз эканини, бу ҳаёт ғанимат эканини унутмаслигимиз зарур.

Тарихдаги энг қонли, энг катта йўқотиш ва мислсиз қурбонларга, эл-юртимиз ўртасида қанча-қанча мусибат ва офатлар, ғам-аламларга, бева-бечоралар ва етимларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бешафқат уруш тугаганидан буён орадан қарийб 70 йил ўтди. Лекин юртимизда бирорта хонадон йўқки, бу машъум урушни эсидан, хаёлидан чиқарган бўлса.

Агар урушдан олдин мамлакатимизда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиондан кўпроғи жангларда қатнашган. Ёки ўша пайтдаги халқимизнинг тахминан учдан бир қисми қўлига қурол олиб, жангу жадалларда иштирок этган, қонини тўккан. Ўша ёвуз урушда 500 мингга яқин юртдошларимиз ҳалок бўлган, қанча одам бедарак кетган, қанча-қанча инсонлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтган.

Бу рақамлар халқимизнинг фашизм устидан ғалаба қозонишга қандай улкан, ҳеч унутилмас ҳисса қўшганини кўрсатади ва буни биз ҳамиша ёдимизда тутамиз.

Ҳа, албатта бешафқат уруш йилларининг оғир қийинчиликларига мардона бардош бериб, фронт ортида меҳнат қилган, уруш туфайли  Ўзбекистонга кўчирилган қанча-қанча одамларга, ота-онасидан айрилган минглаб етимларга бошпана берган, ҳатто охирги нонини ҳам улар билан баҳам кўрган халқимизнинг фидойилиги, бағрикенглигидан фахрлансак арзийди. Чунки эл-юртимизнинг маънавий қудрати, унинг одамийлик фазилатлари, меҳр-оқибати, мардлиги ва олижаноблиги айни мана шундай унутилмас воқеаларда, тарихий мисолларда яққол намоён бўлади.

Вақт ўтади, замонлар ўтади, лекин узоқни кўзлаб, ҳаётнинг ўзи ўртага қўяётган талабларни инобатга олиб, одамийлик, инсонпарварлик фазилатларини улуғлаш, умуман, Ватан учун, элу юрт учун хизмат қилган инсонларнинг номларини сақлаш, инсон хотирасини эъзозлаш йўлида қилинган бундай савобли ишлар, ҳеч қачон унутилмайди.

Бугун юртимизда уруш ҳеч қачон қайтарилмаслиги учун доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш зарур. Афсуски, дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида, олис ва яқин атрофимизда қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб бормақда.

Айрим жойларда қон тўкилаётгани, низо ва адоватлар авж олаётгани, фашизм деган бало яна бош кўтараётгани, миллатчилик, шовинизм каби хавфли офатлар майдонга чиқаётгани, бир сўз билан айтганда, вазият тобора кескинлашиб, хавф-хатарлар ортиб бораётгани барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди.

Бугунги кунда ҳар бир инсон албатта бундай ғоят хавфли ҳолатларни, шулар қаторида собиқ иттифоқ ҳудудларида пайдо бўлаётган қарама-қаршиликларни кўриб, кеча яқин дўст бўлганлар эртага ўзаро душманга, ўта хатарли вазият юзага келиб қонли урушга айланиб кетмаслигини истайди.

Бутун дунё халқларининг эзгу орзуси, хоҳиш-иродаси битта. У ҳам бўлса, уруш ҳеч қачон, ҳеч қандай шаклда қайтарилмасин, деган талабдир. Бундай истак, бундай мақсад жаҳондаги барча халқларнинг манфаатларига тўғри келади. Чунки, ҳеч қайси халқ урушни хоҳламайди.

Кўпни кўрган халқимиз яхши билади, фақат тинчлик ва осойишталик бўлган, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ҳукм сураётган давлатда, жамиятда фаровон ва бахтли ҳаёт қуриш мумкин, энг эзгу орзу-мақсадларга етиш мумкин.

Биз бошимиздан кечираётган замон барчамиздан, ҳар биримиздан огоҳ ва сезгир бўлиб яшашимизни, бугунги ва эртанги кунимизни, тинч ҳаётимизни ўзимиз асрашимизни талаб этади. Фақатгина тинчликни ният қилишимиз, орзу қилишимиз эмас, балки тинчлик, осуда ҳаёт учун, мусаффо осмон учун албатта курашишимиз даркор.

Юртбошимиз томонидан жорий йилга «Кексаларни эъзозлаш йили» - деб ном берилиши ҳам ҳеч шубҳасиз, амалга ошираётган кенг кўламли ишларимизни янги юксак босқичга кўтариши ва улкан натижалар беришини тақазо этади.

Бизнинг ота-боболаримиз суронли уруш майдонларида қандайдир номаълум тепаликни эгаллаш, унга қизил байроқ ўрнатиш учун эмас, хаёлида авваламбор ўз ота-онаси, болалари, севимли ёри учун, уларнинг келажаги ва тинч ҳаёти учун жон фидо қилган. Мана шундай фикр-ўйлар одамнинг кўнглидан ўтар экан, беомон жангларда қон тўккан, ҳалок бўлганларнинг бизларга – бугунги мусаффо осмон остида осуда ва тўқ яшаётганларга қаратилган умидлари бамисоли қандайдир садо-даъват бўлиб, қулоғимизда янграб турган бўлса, бу ҳам ҳақиқатдан узоқ эмас.

Яъни, уларнинг “Болаларимиз, юртимиз омон бўлсин, халқимиз ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч кимдан кам бўлмасин”, деган ниятлари бугун барчамиз учун айнан бизларга қаратилган даъват сифатида туюлиб турса, буни ҳам табиий ҳол деб қабул қилишимиз керак. Одам шулар ҳақида ўйлар экан, бундай эзгу ниятларни, юртимизнинг, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, гўзал ва бетакрор Ватанимизнинг янада тараққий топишига ҳисса қўшиш барчамиз учун, бугун яшаётган авлод учун ҳам фуқаролик, ҳам инсоний бурч десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ҳеч кимга сир эмас, бугунги дунёда ўзининг қадр-қимматини, ғурур ва номусини англаб яшайдиган, ўз кучи ва қудратига ишонган, ўз меҳнати ва ақл-заковати билан келажагини қуришга ва ўз юртини ҳимоялашга қурби етадиган давлат ва халқни жаҳон аҳли тан олади ва ҳурмат қилади.

Юртимизда ҳукм сураётган, энг катта бойлигимиз - бу бизнинг тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, миллатлараро тотувликдир. Анна шуларни барчасини кўз қорачиғимиздек асрашимиз ва қадрига етишимиз даркор.

Азиз отахону онахонлар!

Ушбу қутлуғ кунда Сизларни 9 май - Хотира ва қадрлаш куни билан самимий муборакбод этамиз.

Барчангизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, хонадон­ларингизга файзу барака, тинч­лик-осойишталик ва фаро­вонлик тилаймиз.

Осмони ҳамиша беғубор ва му­саффо бўлган жонажон Ўзбе­кис­тонимизда Сизлардек фи­доий, меҳнаткаш ҳамда дуогўй нуронийларимиз бор экан, ал­батта, мустақиллигимиз абадий, ҳаётимиз фаровон, тараққиё­тимиз бардавом бўлади.

Доимо бахтимизга соғ-омон бўлингизлар!

  

color: #0000ff;