1. Савол:
- Меҳнат шартномасининг иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда Иш берувчи Меҳнат кодексининг қайси моддасидан фойдаланади ва у нечта банддан иборат. Касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш талаб этилмайдиган ҳолатлар қандай?
Жавоб:
- Иш берувчи меҳнат шартномасини ўзининг ташаббуси билан бекор қилишда Меҳнат кодексининг 100-моддасини қўллайди. Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2 та қисм ва 7 банддан иборат, яъни:
1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги сабабли;
2) ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
3) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги;
4) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги;
5) ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги;
6) корхона рахбари, унинг ўринбосари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги.
7) ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда;
Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда, башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида назарда тутилган тақдирда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда касаба уюшма қўмитасининг олдиндан розилигини олиш лозим.
Қуйидаги ҳолларда меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда касаба уюшма қўмитаснинг олдиндан розилиги олинмайди:
- корхона тугатилиши муносабати билан;
- корхона раҳбари билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилинганда;
- корхона рахбари, унинг ўринбосари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги;
2. Савол:
- Иш берувчи ходим-пенсионер билан меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи бўлса нималарга эътибор бериши керак ва бу ҳуқуқ қачон пайдо бўлади?
Жавоб:
- Ўз.Рес МКнинг 100-моддасининг 2-қисми 7-бандига асосан ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда меҳнат шартномасини и ш берувчининг ташаббуси билан ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда, кўрсатилган огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қоибилиятсиз даврлари, шунингдек, давлат ва жамоат топшириқларини бажарган вақтни кирмаган ҳолда, огоҳлантириш муддати даврида ҳафтада 1 куни, яъни ҳафтанинг меҳнат жараёнига тўсқинлиқ қилмаган ҳолда, график асосида ўртача иш ҳақини сақланган ҳолда ишга чиқмасликка ва бу вақтдан бошқа иш қидириш учун фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаган ҳолда, тарафларнинг келишувига биноан огоҳлантириш муддати ўртача ойлик иш ҳақини компенсация билан алмаштирилиши мумкинлигини таъминлаган ҳолда, касаба уюшма қўмитасининг олдиндан розилигини олган ҳолда, МКнинг 109-моддасига асосан ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдорида ишдан бўшаш нафақасини берган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.
3. Савол:
- Аёлга бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар даврида қандай кафолатлар мавжуд?
Жавоб:
- Ўзбекистон Республикаси МКнинг 233-моддасида - Аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.
234-моддага асосан аёлга хомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади.
Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.
Болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки уни қисмларга бўлиб фойдаланишлари мумкин.
Аёл ёки ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар ўз хоҳишларига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлашлари мумкин. Бунда уларнинг нафақа олиш ҳуқуқлари (ушбу модданинг биринчи қисми) сақланиб қолади.
Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.
Болани парваришлаш таътилларининг вақти, башарти жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа локал ҳужжатида ёхуд меҳнат шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, кейинги ҳақ тўланадиган йиллик таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшилмайди.
237-моддага асосан, Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.
4. Савол:
- Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг қандай қўшимча кафолатлари мавжуд?
Жавоб:
- Ўз.Рес. МКнинг 246-моддасига асосан, Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя қилишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.
5. Савол:
- Якка меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органлар қаторига кимлар киради?
Жавоб:
- Ўз.Рес. МКнинг 260-моддасига асосан, Якка меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органларга қуйидагилар киради:
1.Меҳнат низолари комиссиялари томонидан, ушбу Кодекснинг 269-моддасида кўрсатилган низолар бундан мустасно;
2. туман (шаҳар) судлари томонидан кўриб чиқилади.
Ходим меҳнат низосини ҳал қилиш учун ўз хоҳишига кўра, меҳнат низолари комиссиясига ёки бевосита судга мурожаат этишга ҳақлидир.
Хизмат кўрсатиш ва ўқув муассасалари соҳа Республика бирлашган касаба уюшма қўмитасида 8-371 202-45-84 раыамли Ишонч телефони фаолият кўрсатмоқда. Қунғироқ қилинг, меҳнат ҳуқуқи қонунчилиги борасидаги саволларингизга батафсил жавоб берамиз.
Маъмуржон Қиёмов,
Қўмита етакчи ҳуқуқшуноси