22.12.2024
ico-rss

Ishonch telefoni / Телефон доверия

(+99871) 2565685

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ва Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши ўртасида 2012-2014 йилларга тузилган ТАРМОҚ КЕЛИШУВИ

 

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1.1. Тармоқ келишуви (бундан буён матнда Келишув деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига, Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2011-2013 йиллар учун тузилган БОШ  КЕЛИШУВга ва бошқа амалдаги қонун ҳужжатлари асосида, шунингдек, соҳада меҳнатнинг ҳуқуқий муносабатларини тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон  алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан қабул қилинган норматив-хуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган.

1.2. Келишув соҳа ходимларининг ижтимоий-меҳнатга оид ва у билан боғлиқ бўлган иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи ягона принципларни ўрнатувчи ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

1.3. Келишув Ўзбекистон  алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши ўртасида 2012-2014 йилларга мўлжалланган давр учун тузилмоқда.

II.  КЕЛИШУВ  ТОМОНЛАРИ

 

2. Мазкур Келишув томонлари қуйидагилар ҳисобланади:

бир томондан - Ўзбекис­тон    алоқа     ва      ахборотлаштириш   агентлиги (бундан буён матнда – Агентлик  деб юритилади)  - алоқа  ва ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича вазифаларни ҳал  қилиш ваколатига эга бўлган, давлатнинг ишончли вакиллари орқали иштирок этадиган, мувофиқлаштирувчи бошқарув органи, хўжалик юритувчи          субъектлар  иш  берувчиларининг  вакили  сифатида  намоён  бўладиган Агентлик;  

иккинчи томондан -алоқа ва ахборотлаштириш соҳаси ходимларининг ваколатли органлари – касаба уюшмалари номидан -Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши (бундан буён матнда  Марказий кенгаш деб юритилади).

Келишув томонлари ўзаро муносабатларини ижтимоий-шерикчилик, ижтимоий–меҳнат муносабатларини жамоа-шартномовий  тартибга  солиш ва ушбу Келишув қоидаларини сўзсиз бажариш принциплари асосида олиб борадилар.

 

III. КЕЛИШУВНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИ

 

3.1. Келишув томонлар имзолаган  вақтдан бошлаб кучга  киради ва  2014 йилнинг 31 декабригача амал қилади.

3.2. Томонлар Келишувнинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки янги Келишув тузиш тўғрисидаги масалани унинг амал қилиш муддати тугашидан  3 ой илгари муҳокама қилишга  келишиб олдилар.Агар томонлар Келишувнинг амал қилиш муддатининг узайтирилиши тўғрисидаги масалани муҳокама қилмаган бўлсалар, у  ҳолда  шартнома  уч  йилга  узайтирилади.

            

IV. КЕЛИШУВНИНГ  АМАЛ  ҚИЛИШ  СОҲАСИ

 

4.1. Келишувнинг амал қилиши алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги барча хўжалик юритувчи субъектларга тааллуқлидир.

Мазкур   Келишув   қоидалари   хўжалик   юритувчи  субъектларнинг ўз Тариф келишувларини, ягона жамоа шартномаларини ва жамоа шартномаларини тузиш йўли билан амалга оширилади.

4.2. Келишувга ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш томонларнинг ўзаро розилиги билан  ушбу  Келишувда  белгиланган  тартибда  амалга  оширилади.

4.3.  Томонлар ушбу Келишувнинг белгиланган  амал қилиш муддати давомида ўз зиммасига олган мажбуриятларининг бажарилишини бир томонлама тўхтатишига йўл қўйилмайди.

 

V. ТОМОНЛАР  МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

5.1. Томонлар алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун  шароитлар яратишга харакат қиладилар.

Агентлик тассаруфидаги компания ва жамиятларида иш берувчилар ва тегишли касаба уюшмаларига   Тариф келишувлари ва ягона жамоа шартномасини 2012 йилнинг январь-февралдан, корхона ва филиалларда эса жамоа шартномаларини иш берувчилар ва  касаба уюшма қўмиталари билан февраль-мартдан кечиктирмай тузиши тавсия этилади.

5.2. Иш берувчи:

- касаба уюшмасини - хўжалик юритувчи субъект ходимларининг мухтор вакили сифатида;

-меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларни ва меҳнат низолари бўйича комиссия аъзоларини меҳнат жамоаларининг вакили сифатида тан олади.

5.3. Марказий кенгаш Агентлик ёрдамида акциядорлик компаниялари ва жамиятлари билан Тариф келишувлари ёки ягона Жамоа шартномаларини тузиш орқали мазкур Келишув шартларини амалга ошириш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олади ва ташкилий-ҳуқуқий  шаклидан қатъий назар, тегишли иш берувчилар (иш берувчилар бирлашмалари) билан касаба уюшмалари ва уларнинг сайланадиган органлари ўртасида жамоа шартномаларининг қабул қилинишига эришади.

5.4. Тузиладиган жамоа шартномалари, уларга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур Келишув ва Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари  қоидаларини бузмаслиги (ёки салбий таъсир кўрсатмаслиги) керак. Тармоқ келишуви акциядорлик компаниялари, жамиятлари учун ўзларининг Тариф келишувлари ёки ягона Жамоа шартномаларини тузишнинг асосий принциплари            ва ёндошувларини белгилайди.

5.5. Иш берувчи ва меҳнат жамоаси Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида ўз ходимлари учун ушбу Келишув шартларига қараганда янада кенгроқ ижтимоий кафолатларни назарда тутиш ҳуқуқига эга.

5.6. Иш берувчилар локал ҳужжатларга (меҳнат шартномаси, ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномаси, лавозим йўриқномалари ва ҳ.к), амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва ушбу  Келишув шартларига  зид келадиган шартларни киритмасликлари керак.

5.7. Иш берувчилар хўжалик юритувчи субъектнинг ўз маблағлари ҳисобидан касаба уюшмаси қўмиталари уставда белгиланган фаолиятларини амалга оширишлари учун уларни хона, транспорт, алоқа, ташкилий, замонавий техника воситалари, канцелярия моллари билан  таъминлайдилар.  

5.8. Томонлар қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш, муҳокама қилиш, улар бўйича қарорлар ва тавсияларни қабул қилиш тўғрисида келишиб олдилар:

5. 8.1.   ҳақ тўлаш,  жумладан,  иш ҳақи ва даромадларини ошириш, меҳнатни  меъёрлаш;

5.8.2.  бандликни таъминлаш;

5.8.3. меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ва ходимларнинг меҳнати ҳамда соғлиғини муҳофаза қилиш шароитларини яхшилаш;

5.8.4.  ходимлар учун  ижтимо­ий кафолатларни белгилаш;

5.8.5. ходимлар меҳнатини рағбатлантириш, шу жумладан ишдаги муваффақиятлари ва меҳнатдаги алоҳида хизматлари учун ходимларни тақдирлаш ва мукофотлаш;

5.8.6. ваколатлари доирасида ходимларнинг ижтимоий кафолатларини ошириш  масалалари бўйича, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи  органларга таклифлар киритиш.

5.9.  Иш берувчилар ушбу Келишув ва жамоа шартномаларида кўзда тутилмаган ижтимоий масалалар бўйича қарорлар қабул қилингунга қадар, тегишли каса­ба уюшмаси органлари билан дастлабки консультацияларни  ўтказадилар ҳамда уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга оладилар.

5.10. Касаба уюшмалари органлари хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳар йиллик бизнес-режаларини  ишлаб чиқишда иштирок этадилар.

5.11. Иш берувчилар барча таркибий бўлинмаларни жамоа шартномалари билан таъминлайдилар ва барча ходимларни унинг мазмуни билан таништириш учун тегишли чоралар кўрадилар.

5.12. Томонлар қуйидагиларни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар:

5.12.1. касаба уюшмаси аъзолик бадалларини тўлашни ходимлар ва талабаларнинг ёзма розилиги билан хўжалик юритувчи субъект бухгалтерияси орқали пул ўтка­зиш ва уни иш ҳақи тўлови билан бир вақтда тўлашнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш, касаба уюшмаси аъзолик бадалларининг ўз вақтида ўтказилиши учун жавобгарликни шахсан   бош ҳисобчи зиммасига юклатилишини белгилаб қўйиш;

5.12.2. хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағлариданкасаба уюшмаси қўмиталарига маданий-оммавий, спорт ва соғломлаштириш ишлари учун Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида кўрсатилган миқдорда пул ўтказишларни амалга ошириш;

5.12.3.  хўжалик юритувчи субъектнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартиришда меҳнат жамоасининг фикрини инобатга олиш;

5.12.4. мол-мулкни хусусийлаштириш ва хўжалик юритувчи субъектларни давлат тасарруфидан чиқариш бўйича комиссия таркибига касаба уюшмаси қўмитасининг вакилини киритиш.

5.13. Касаба уюшмалари меҳнат қонунчилигига  риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширадилар, ходимларнинг хуқуқий билимларини оширишга кўмаклашадилар, касаба уюшма   аъзолари орасида меҳнат ва ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган тушунтириш                          ва ташкилий ишларни олиб борадилар, низоли вазиятларнинг олдини олиш чораларини кўрадилар.

Касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини муҳофаза қиладилар, меҳнат қонунчилигига риоя қилиш, меҳнат муҳофазаси ва бошқа масалалар бўйича бепул маслаҳат берадилар ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатадилар.

5.14. Меҳнат соҳасидаги мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда бошқа томонга зарар етказган меҳнат шартномаси томонлари (иш берувчи ва ходим)дан бири зарар етган              томонга меҳнат тўғрисидаги қонун хужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларга асосан   ушбу зарарни қоплайди.

Меҳнат шартномасида ёки унга ёзма шаклда тузиладиган қўшимча битимда меҳнат шартномаси томонларининг моддий жавобгарлиги аниқлаштирилиши мумкин. Бунда иш берувчининг ходим олдидаги жавобгарлиги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг  тегишли нормаларида кўзда тутилганидан паст бўлмаслиги, ходимнинг иш берувчи олдидаги жавобгарлиги  эса  юқори  бўлмаслиги  керак.

5.15. Агентлик, соҳа компаниялари ва жамиятиятлари раҳбарларини ҳамда касаба уюшма етакчиларини таклиф этган ҳолда  меҳнат жамоаларида  долзарб масалалар бўйича  “Очиқ эшиклар куни”ни ўтказиш амалиётини жорий қилиш ( қайта тиклаш).

 

VI. ХОДИМЛАРНИНГ  БАНДЛИГИ  ТЎҒРИСИДА

 

6.1. Ходимларнинг бандлиги ва улардан фойдаланиш ходимнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига мувофиқ таъминланади.   Соҳа тизимига кирувчи олий ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълим муассасалари битирувчиларини  иш билан таъминланишига ҳар томонлама  кўмаклашиш.

6.2. Ишидан бўшатиладиган ходимларни сақлаб қолиш мақсадида иш берувчилар ишлаб чиқариш ва алоқа хизматларини кенгайтириш ҳамда қўшимча иш ўринларини яратиш бўйича чоралар кўрадилар.

Бунда барқарор иш ҳақини ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминловчи доимий иш ўринлари яратилишига алоҳида эътибор берилади.

6.3. Иш берувчининг ташаббуси билан бошқа ишга вақтинча ўтказилган даврда меҳнатга               ҳaқ тўлаш бажарилган ишга қараб, лекин аввалги иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилади.

Бошқа ишга ўтказиш муддатининг чегараси, меҳнатга ҳақ тўлашнинг аниқ миқдорлари                        ва ишлаб чиқариш зарурияти мезонлари хўжалик юритувчи субъектларнинг касаба уюшмаси  қўмиталари билан биргаликда қабул қилинадиган локал ҳужжатларда белгиланади ва иш берувчининг          ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруқлари, фармойишлари билан расмийлаштирилади.

6.4. Ишлаб чиқариш ҳажми қисқарганда, хўжалик юритувчи субъектнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарганда иш берувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кадрларни  қайта тайёрлаш ва қайта ўқитиш бўйича, шунингдек ишидан бўшатиладиган ходимларни қайта ўқитиш ва ихтисослигини ўзгартириш  юзасидан меҳнат органлари билан шартнома тузиш чораларини  кўрадилар. 

6.5. Тариф келишувлари ва жамоа шартномаларида болали аёллар, пенсияга чиқиш               арафасидаги ёшда бўлган ходимлар, байналминалчи-жангчилар, соғлиғи туфайли меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашиш  қобилиятига эга бўлмаган ходимлар ва соҳа ўқув муассасаларини битирган ёш мутахассисларни бандлигини таъминлашнинг устувор шартлари кўзда тутилади.

6.6. Хўжалик юритувчи субъектда бўш лавозим ёки янги  иш жойи пайдо бўлганда,                 ишга  қабул қилиш - аввал иш ўрни(жойи) қисқартиришга тушган  ходимлар ҳисобига, уларнинг малакаси  ва иш тажрибасига  мувофиқ,  имтиёзли равишда амалга оширилади.

6.7. Хўжалик юритувчи субъектни тугатиш ёки қайта ташкил этиш, ишлаб чиқаришни              тўлиқ ёки қисман тўхтатиш иш ўринларининг қисқариши ёки меҳнат шароитларининг ёмонлашишига олиб келса, иш берувчиларўзларининг бу ниятлари тўғрисида тегишли касаба уюшма органлариникамида икки ой олдин хабардор қиладилар.

 

6.8.  Хўжалик  юритувчи субъектларнинг тугатилиши ёки қайта ташкил этилишида ходимлар сонини оммавий қисқартириш ва оммавий равишда бўшатиш оқибатларини юмшатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида кўзда тутилади.

 

6.9. Қисқартирилишга тушган пенсияга чиқиш арафасидаги ходимлар ва пенсия ёшига етиб меҳнат фаолиятини давом эттирмаган ходимлар хўжалик юритувчи  субъектнинг  ишламайдиган пенсионерлари ҳисобланадилар ва уларга Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида  ишламайдиган пенсионерлар учун белгиланган барча ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиш татбиқ этилади.

6.10. Акцияларни хорижий инвесторларга сотишда норматив-хуқуқий ҳужжатларда ва меҳнат қонунчилигида кўзда тутилган кафолатлар ва компенсациялар (қоплама тўловлар)ни муқаррар таъминлаш (сақлаб қолиш) билан ходимларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоялаш  масалалари  кўзда тутилади.  

6.11. Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишкасаба           уюшмаси қўмитасининг олдиндан олинган розилиги асосида амалга оширилади (Ўзбекистон   Республикасининг   Меҳнат   кодексида ва бошқа норматив-хуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган  ҳоллар бундан мустасно).

6.12. Ходимнинг вақтинча бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги илтимоси узрли сабаблар туфайли келиб чиққан ва бундай иш хўжалик юритувчи субъектда мавжуд бўлса, бу илтимос иш берувчи томонидан қаноатлантирилиши керак.

Вақтинча бошқа ишга ўтказиш учун узрли сабаблар, шунингдек меҳнатга ҳақ тўлаш рўйхати Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида белгиланади.

6.13. Бевосита пул ёки моддий бойликлар билан муомала қилаётган ходим махсус ёзма             шартнома асосида унга ишониб топширилган бойликлар сақланишининг таъминланмаганлиги учун  тўлиқ моддий жавобгар бўлади.

Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома тузилиши мумкин бўлган ходимларнинг тоифалари рўйхати Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида белгиланади.       

 

VII. МЕҲНАТ  ҚИЛИШ  ВА  ДАМ  ОЛИШ  ТАРТИБИ

 

7.1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ иш берув­чилар иш ҳафтасининг қуйидаги давомийлигини таъминлайдилар:

7.1.1. меъёрдаги меҳнат шароитларига эга ходимлар учун  - 40  соатдан кўп эмас;

7.1.2. ноқулай меҳнат шароитларидаги ишлардабанд бўлган ходимлар, шунингдек 16 дан 18  ёшгача бўлган шахслар учун -  36 соатдан кўп эмас;

7.1.3. ишнинг алоҳида хусусиятига эга бўлган ишларда ҳамда меҳнат шароити  зарарли ва  оғир бўлган ишларда банд бўлган ходимлар   учун  - 36 соатдан кўп эмас;

7.1.4. 16 ёшдан кичик бўлган ходимлар учун - 24  соатдан кўп эмас;

7.1.5.  I  ва II - гуруҳ ногиронлари ҳисобланган ходимлар учун -  36 соатдан кўп эмас;

7.2.  уч ёшгача болалари бўлган аёллар ва бева эркакларга -   35 соатдан кўп эмас;

7.3 12 ёшдан ошмаган икки ва ундан ортиқ болалари бор аёлларга иш ҳафтаси бир соатга қисқартирилади.

7.4.  Томонлар қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:

7.4.1 ходимларни иш вақтидан ташқари ишларга, шунингдек смена жадвалида кўзда тутилмаган кечки ва тунги ишларга, дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилишга касаба уюшмаси           қўмитаси билан келишув бўйича қабул қилинадиган рўйхатда кўзда тутилган алоҳида ҳолларда йўл қўйилади;

7.4.2. истисно ҳолларда иш вақтининг давомийлиги меъёрдагидан юқори қилиб белгиланиши мумкин, аммо иш вақтини қўшиб ҳисоблаганда суткасига 12 соатдан ошмаслиги керак, бунда иш вақтининг йиллик балансига риоя қилинади;

7.4.3. ходимларнинг меҳнат қилиш ва дам олиш тартиби касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қабул қилинадиган Ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланади;

7.4.4. Иш берувчи ходимларнинг узоқ ва етиб бориш қийин бўлган районларга, шунингдек             иш кеч тугаган ҳолларда навбатчи транспортда ишга етказилиши ва ишдан олиб кетилишини таъминлайди. Ходимларни ишга олиб келиш ва ишдан олиб кетишниташкил этиш жамоа шартномаларида белгиланади;

7.4.5. тармоқнинг хўжалик юритувчи субъектларида  йиллик асосий таътилнинг давомийлиги  18 иш кунидан кам эмас, Орол бўйидаги экология жиҳатдан ноқулай жойлар (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятлари)да ишловчи ходимлар учун эса  20  иш кунидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади;

Таътиллар давомийлиги календарь бўйича олти кунлик иш ҳафтаси ҳисобидан иш кунларида ҳисоблаб чиқилади.  

Ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг белгиланган минимал муддатидан ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин. Бунда унинг минимал давомийлиги  18 иш куни деб ҳисобланади.

7.4.6. иш берувчилар ходимнинг илтимосига кўра Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси нормаларида кўзда тутилган асослар рўйхатига мувофиқ тўлиқ бўлмаган иш вақтини белгилашлари шарт;

7.4.7. меҳнат таътиллари учун ҳақ тўлаш,  пластик карточкалари мавжуд бўлган тақдирда эса, таътил пулларини банк - пластик карточкаларига ўтказиштаътил бошлангунга қадар охирги иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади;

7.4.8. аёлларга икки ва уч ёшгача болаларни парваришлаш бўйича таътил Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддасига биноан берилади. Бола парваришлаш бўйича таътил вақти навбатдаги ҳар йиллик иш ҳақи тўланадиган таътил олиш хуқуқини берувчи иш стажига қўшилмайди;

7.4.9. икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга болани овқатлантириш учун ҳар уч соатда ўттиз минутдан кам бўлмаган танаффус, икки ёшга тўлмаган иккита ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда эса - камида бир соатдан кам бўлмаган танаффус белгиланади. Танаффусни тақдим этиш тартиби  Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида  белгиланади;

7.4.10. ходимнинг аризасига кўра унга давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланадиган, иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин.

7.4.11. ходимнинг хоҳишига  кўра,    иш    хақи    сақланмаган   таътил 14 календарь кунига қадар муқаррар тартибда қуйидагиларга берилади:

- 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;

-  ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига;

- 12 ёшгача икки ва ундан кўп фарзандлари бўлган  аёлларга;

Муддати икки ҳафтадан ортиқ бўлган ва иш ҳақи сақланмаган таътил даври навбатдаги  ҳақ тўланадиган меҳнат таътили олиш хуқуқини берувчи иш стажига қўшилмайди;

7.4.12 . ходимларга қуйидаги ҳолларда иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътиллар  (меҳнат таътилини ҳисобга олмасдан)  берилади:

- ходимнинг ўзи  қонуний никоҳдан ўтаётганда;

- фарзанд туғилганида;

- ходимнинг яқинлари, яъни турмуш ўртоғи, фарзандлари, ота-оналари ва бирга яшаётган яқин қариндошлари вафот этганда;

- ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга.

Қўшимча таътилларни бериш муддатлари Тариф келишувларида, жамоа шартномаларида  белгиланади:

7.4.13. ёши 18 дан кичик бўлган шахслар меҳнатнинг ҳуқуқий муносабатларида вояга етган ёшдаги ходимларнинг ҳуқуқига тенглаштирилади, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътилларвабошқа меҳнат шароитлари борасида эса улар ўзлари учун қонун хужжатлари, Тариф келишувлари,  жамоа шартномаларида белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланадилар.

 

VIII.  МЕҲНАТГА  ҲАҚ  ТЎЛАШ,  КОМПЕНСАЦИЯЛАР,  ҚЎШИМЧА ТЎЛОВЛАР ВА  ПУЛ  МУКОФОТЛАРИ

 

8.1. Хўжалик  юритувчи   субъектлар оладиган  даромадлар  алоқа ва ахборотлаштириш соҳаси ходимларининг меҳнатига ҳaқ тўлаш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш манбаи ҳисобланади. Меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари ва тизимлари, йил якунлари бўйича мукофотлар, тақдирлашлар ҳамда моддий рағбатлантиришнинг бошқа шакллари Тариф келишувлари,  жамоа шартномаларида белгиланади.

8.2. Иш ҳақи, лавозим маошлари ва нолинчи разряд миқдорлари эришилганидан паст бўлмаган даражада белгиланади, амалдаги қонун ҳужжатларидан келиб чиққан ҳолда уларни ошириш чоралари кўрилади. Меҳнат нормалари, тариф сеткалари, ишбай ҳақ тўлаш миқдори касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда белгиланади.

8.3. Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида қуйидагиларнинг аниқ миқдорларини белгилаш кўзда тутилади:

8.3.1. ходимларга юқори касб маҳоратлари учун ва мутахассисларга меҳнатда эришган ютуқлари учун қўшимча ҳақ;

8.3.2. байрам кунлари, дам олиш кунлари ва ишдан ташқари вақтда ишлагани учун камида 2,1   миқдорда;

8.3.3. тунги сменада ишлагани учун камида 1,55  миқдорда,

8.3.4. кечки сменадаги иши учун камида 1,2 миқдорда;   

8.3.5. иқлим шароитлари учун қўшимча тўловлар;

8.3.6.  алоқа ва ахборотлаштиришсоҳасида   хизмат қилган йиллари учун тўлов;

8.3.7. ходимларга тегишли бўлган мулкдан ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланганлик               учун   харажатларни, ходимларнинг хизмат сафаридаги ва ишлар сайёр характерга эга бўлганда             тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган қўшимча харажатларини, шунингдек бошқа жойга ишга ўтказилганда харажатларини қоплаш;

8.3.8.хизмат сафари вақтида суткалик харажатларни қоплаш;

8.3.9. бошқа турдаги компенсациялар (овқатланиш учунва жамоат транспортидаги йўл кира қиймати);

8.3.10. қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақини сақлаш.

8.3.11. “Усто-шогирд” йўналишида фаолият юритаётган ходимга устама ҳақ тўлашни Тариф келишуви ва жамоа шартномаларида белгилаш.

8.4. Иш ҳақини тўлаш муддатлари ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлмаслиги керак (ҳарбий қисмлар, фельдъегерлик хизмати ва махсус муассасалар бундан мустасно). Иш ҳақини тўлашнинг аниқ муддатлари, шунингдек иш ҳақини тўлаш муддатини кечиктирганлиги учун иш берувчилар жавобгарлиги Тариф келишувларида, жамоа шартномаларида белгиланади.

Иш берувчининг айби билан ходимларга иш ҳақи тўлашнинг аниқ муддатлари кечиктирилганда, иш берувчи амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.

8.5. Иш ҳақини ўз вақтида тўланмаганлиги учун ходимларга Ўзбекистон почта ва    телекоммуникация     агентлиги (ҳозирги Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги) Ҳайъати ва алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий қўмитаси Раёсатининг 2002 йил 27 майдаги 13/А-13/23 «о»-сон қўшма қарори билан тасдиқланган «Ходимга иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги учун зарарни қоплаш ҳисоб-китобини ўтказиш тартиби»га мувофиқ зарарни қоплаш амалга оширилади.

Иш берувчининг айби билан иш ҳақи мунтазам равишда ўз вақтида тўланмаган ҳолларда (йилига икки ва ундан ортиқ марта), унинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги тўғрисидаги масала  кўриб чиқилади.

8.6. Ходимнинг айби билан боғлиқ бўлмаган мажбурий туриб қолишлар (иш ҳажмининг йўқлиги, моддий ресурслар билан таъминланмаганлик, фавқулодда ҳолат давридаги мажбурий тўхтаб қолишлар ва ҳ.к.) учун тўловлар ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида амалга оширилади.

8.7. Иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш пайтида (малака ошириш, қайта ўқиш, хиз­мат сафарида бўлиш, турли хилдаги мусобақалар, танловларда қатнашиш ва ш.к.) ходимлар меҳнатигаҳaқ тўлаш уларнинг охирги икки ойлик иш ҳақларининг ўртача ҳисобидан амалга оширилади.

8.8. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа тўловлари хўжалик юритувчи субъектларининг ҳисобидан амалга оширилади. Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа тўловларини тўлаш чегараси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 февралдаги 71-сон қарорида белгиланган нормаларга нисбатан ходимларнинг ҳолатини ёмонлаштирмайдиган миқдорда белгиланади.

 

IX.  МЕҲНАТНИ  МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

 

9.1. Агентлик  меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини қуйидаги йўллар билан амалга оширади:

9.1.1. алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларда соғломва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашга, ходимларнинг ишлаб чиқаришда жароҳатланиши ва касб касалликларининг профилактикасига  қаратилган чора-тадбирларни ташкил этиш;

9.1.2. ишлаб чиқаришда жароҳатланиш профилактикасига йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш бўйича норматив ва услубий тавсияларни тайёрлаш;

9.1.3. ишлаб чиқаришда ўлимга сабаб бўлган ёки оғир оқибатларга олиб келган бахтсиз ҳодисаларни текширишда иштирок этиш.

9.2. Иш берувчилар қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммаларига оладилар:

9.2.1. махсус кийим, махсус пойафзал, умумий ва шахсий ҳимоя воситалари, шунингдек, сут, шарбатлар, витаминлар ва ювиш воситаларини харид қилиш учун  маблағ ажратиш;

9.2.2. меҳнат мажбуриятларини бажараётганида ёки хўжалик юритувчи субъект манфаатларида бирор бир хатти-ҳаракатни амалга ошираётганида ходимнинг соғлиғига етган зарарни қонун ва норматив ҳужжатларда белгиланган миқдорда  қоплаш;

9.2.3.  соҳа ходимларини иш вақтида бахтсиз ҳодисалардан ва касб касалликларидан ҳар йили   суғурта қилиш учун  корхоналар томонидан қонун  (ЎзР “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини  мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги) ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган миқдорда маблағ ажратиш;

9.2.4. ходим ўз меҳнат мажбуриятларини ёки хўжалик юритувчи субъект манфаатларида            бошқа хатти-ҳаракатларни бажараётганида, унинг соғлиғига шикаст етказилганлиги сабабли касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлиги учун бир йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда,  ўлим билан тугаган ҳолларда эса  ўртача бир йиллик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида бир марталик нафақа тўлаш;

9.2.5. иш ўринларини норматив хужжатларга мувофиқ шаҳодатлашдан ўтказиш;

9.2.6.соғлиқни сақлаш идоралари томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, меҳнат шартномаси тузилаётган вақтда ходимларни дастлабки тиббий кўрикдан, иш фаолияти давомида эса даврий тиббий кўрикдан ўтказилишини ташкил этиш;

9.2.7. йил давомида камида икки марта 50-55 ёшдаги монтёрлар ва мачта-антенначиларни, 30 ёшдан катта бўлмаган ҳамда  зарарли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган  бошқа тоифадаги ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтазилишини ташкил этиш.

9.2.8. Меҳнат мухофазаси бўйича вакилларни сайлаш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш ва уларни самарали ишлаши учун шароитлар яратиб берилишини ҳамда уларга  бажараётган ишлари учун қўшимча ҳақ тўлашни  жамоа шартномалари ва Келишувларида белгиланишини таъминлаш. 

 

X.  МЕҲНАТ  ИНТИЗОМИ

 

10.1. Хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат шартномалари, лавозим йўриқномалари, хўжалик юритувчи субъектнинг Устави (Корхона тўғрисидаги низом) ва Ички меҳнат тартиби қоидаларига мувофиқ ходимларнинг меҳнат мажбуриятларини бажаришлари устидан назорат таъминланади ва амалга оширилади.

10.2. Томонлар қуйидагиларни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар:

10.2.1. ходимларни ишдаги муваффақиятлари учун фахрий ёрлиқлар ва пул мукофотлари билан, миннатдорчилик эълон қилиш, қимматбаҳо совғалар бериш, хўжалик юритувчи                 субъект ҳисобидан санаторий ва дам олиш уйларига бепул йўлланмалар бериш ва моддий мукофотлашнинг бошқа йўллари билан рағбатлантириш;

10.2.2. юбилей ёши (50,55,60)га етганида  ходимларнирағбатлантириш;

10.2.3. ҳалол ва интизомли ходимларни  соҳадаги   кўп   йиллик    иш стажи саналари  (20,  25,  30,  35,  40  йиллик)  учун рағбатлантириш.

 

XI.  ИЖТИМОИЙ   ИМТИЁЗЛАР

 

11.1. Иш берувчилар ва тегишли касаба уюшмаси органлари Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат қилиш учун шарт-шароитларини яратиб бериш мақсадида ўз зиммаларига қуйидаги мажбуриятларни оладилар:

11.1.1.  ходимларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш:

- навбатдаги меҳнат таътилига чиққанда;

- ходимлар  биринчи марта қонуний никоҳдан ўтаётганда;

- узоқ давом этадиган касаллиги ҳолатида; (бир ой ва ундан ортиқ)

- ходимнинг яқинлари, яъни турмуш ўртоғи, фарзандлари, ота-оналари ва биргаликда истиқомат қилувчи оила аъзолари вафот этганда;

- пенсияга чиқишда;

- вафот этган ходимнинг оиласига;

- ишламайдиган пенсионерларга;

- кам таъминланган ва кўп болали оилаларга, бунда: оиланинг жами даромади ҳар бир оила аъзосига Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 1,5 баробари тўғри келса, бу оила кам таъминланган оила ҳисобланади;

тўртта ва ундан ортиқ 16 ёшга тўлмаган боласи бўлган оилалар кўп болали оила ҳисобланади;

- вафот этган ишламайдиган пенсионер оиласига;

- қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилиш учун;

- моддий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашнинг бошқа турлари;

11.1.2. алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида узоқ вақт (муддати Тариф келишувлари,  жамоа шартномаларида белгиланади) ишлаган ходимларга хонадон телефонларига абонентлик тўловлари бўйича, маҳаллий даврий нашрларга обуна тўловлари бўйичаимтиёзлар;

11.1.3. икки ёшдан уч ёшгача бўлган болаларни парвариш қилиш бўйича таътилда бўлган аёлларга нафақа пуллари;

11.1.4. ходимларга ижтимоий ёрдам чоралари:

- ногирон болалари бўлганларга;

- штат сони (лавозими) қисқартирилганлар рўйхатига тушган ходимларга;

- ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда соҳа ўқув муассасаларида таълим олаётганларга;

- байналминалчи-жангчиларга;

- табиий  офатлардан   ва   бошқа   фавқулодда   ҳодисалардан жабрланганларга;

- стационар даволаш-профилактик муассасаларида даволанаётганларга;

- ишлаб  чиқаришда  жабрланганларга - даволаниш ҳамда тиббийва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларидан фойдаланиш учун харажатларни қоплаш, агар у шундай ёрдамга муҳтож деб топилса;

- ёш оилаларга узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш ва уй-жойларини таъмирлашга фоизсиз ссудалар бериш.

11.1.5. болалар уйларини оталиққа олиш;

11.1.6. ходимларнинг фарзандлари учун болалар соғломлаштириш оромгоҳларига,                    16 ёшгача ногирон болалари бўлган ходимлар учун эса - дам олиш уйлари, сиҳатгоҳ (санаторий)ларга йўлланмаларнинг тўлиқ қийматини хўжалик юритувчи субъект ҳисобидан тўлаш;

11.1.7. Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, пенсияга чиқиш арафасидаги ходимларнинг   (аёллар 53,  эркаклар  58 ёшга  тўлган ойдан  бошлаб,  аёллар 55,  эркаклар 60 ёшга тўлган ойга қадар) шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларига хўжалик юритувчи субъект ҳисобидан ўтказиладиган кўшимча бадаллар миқдори ва уларни ўтказиш муддатларини Тариф келишувлари,  жамоа шартномаларида кўзда тутиш;

11.1.8. Соҳа ўқув муассасаларини битиргандан сўнг мутахассислиги бўйича ишга юборилган ёш мутахассисларга хўжалик юритувчи субъект томонидан Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг  5  баробаригача  миқдорида компенсация тўлаш. Унинг аниқ миқдори Тариф келишувлари ва жамоа шартномаларида белгиланади.

11.2. Қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича ишни яхшилаш, озиқ –овқат маҳсулотлари учун нарҳ-наволар ўсишини олдини  олиш мақсадида Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида хавфсизлик техникаси талабларига жавоб берадиган ёрдамчи хўжаликларни яратиш бўйича мажбуриятларни кўзда тутиш ёки ўз ходимларини гўшт, сут, сабзавотлар ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича фермерлар билан шартномалар тузиш. 

11.3. Ижтимоий кафолатлар ва компенсациялар рўйхати тегишли иш берувчилар ва касаба уюшмаси қўмиталари ўртасида тузиладиган жамоа шартномаларида кенгайтирилиши мумкин.

11.4. Томонлар  хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини ҳисобга олган                 ҳолда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги мавжуд ижтимоий объектлар (соғломлаштириш оромгоҳлари, профилакторийлар, дам олиш уйлари ва ҳ.к.)ни сақлаб қолиш ва уларни ривожлантириб  бориш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.

11.5. Ҳукумат томонидан уюштириладиган умумхалқ ҳайрия хашарларида, айниқса Наврўз,  Мустақиллик байрами   арафасида ўтказиладиган ҳашарларда соҳа ходимларининг  фаол иштирокини таъминлаш ҳамда ходимларнинг  бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағни аниқ мақсадли фойдаланиш учун ўрнатилган тартибда  ажратиш.

 

XII.  МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ,  ЖИСМОНИЙ  ТАРБИЯ – СОҒЛОМЛАШТИРИШ 

 ВА  СПОРТ   ИШЛАРИ

12.Томонлар қуйидагиларни зарур деб ҳисоблайдилар:

12.1. Ходимларнинг маънавий эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шарт-шароитларни яратиш соҳасидаги ишларни яхшилаш.

Жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш ҳамда оммавийлигини ошириш мақсадида соҳа корхона ва ташкилотларида спорт жихозларини моддий техника базасини мунтазам мустаҳкамлаб боришни.

12.2. Жамоалар ўртасида маданият ва спортни ривожлантиришга сарфланадиган маблағлар миқдорини сақлаб қолиш ва кўпайтиришни;

12.3. Соғломлаштириш оромгоҳларини эстетик жиҳатдан безатиш, моддий-техника базасини мустахкамлаш, мавсумга ўз вақтида тайёрлаш, болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича  чора-тадбирларни ишлаб чиқишни;

12.4. Иш берувчиларга ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар йили маданий дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкиллаштиришни тавсия этишни;

12.5. Алоҳида «Маънавият ва маърифат» хонасини жиҳозлаш ва уни зарур стендлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг асарлари, мустақиллик йилларида чоп этилган замонавий адабиётлар, шунингдек плакатлар ва техник воситалар билан таъминлаш ва унинг ишлаши учун шароитлар яратиш.

12.6. Вилоят бирлашган касаба уюшма қўмиталарида фаолият юритувчи спорт йўриқчиси лавозимидаги ходимнинг ойлик маоши тенг миқдорда “Ўзбектелеком” АК ҳамда “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ филиаллари ҳисобидан қоплаш.

           

ХIII.  ИЛМИЙ  ИШ  ВА  ИЛМИЙ   КАДРЛАРНИ   ТАЙЁРЛАШ

 

13. Томонлар илмий-тадқиқот ишларида ҳамда ёш илмий ходимларни тайёрлашда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган илмий ходимларнинг иштирокини, шунингдек соҳа хўжалик юритувчи субъектларида илмий-тадқиқот ишларини амалга оширадиган  раҳбар ва мутахассисларнинг ижодий фаоллигини ривожлантириш,  илмий ходимлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш  мақсадида   Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида қуйидагиларни назарда тутишга келишиб олдилар:

13.1. илмий-тадқиқот ишларини бажаришда ходимларнинг моддий манфаатдорлигини кучайтириш мақсадида қўшимча ҳақ, устама тўловларни ва бошқа тўловларни  назарда  тутиш;

13.2. ёш илмий кадрларни тайёрлашда ва ТАТУ талабаларининг диплом ишлари билан ишлайдиган ходимларни мукофотлаш, рағбатлантириш ва тақдирлаш тартибини  белгилаш;

13.3. соҳадаги    хўжалик   юритувчи  субъектлар  томонидан раҳбар ва мутахассисларга  илмий-тадқиқот ишларини  амалга оширишлари учун зарур шароитларни яратиш.

 

XIV. МЕҲНАТ  НИЗОЛАРИ

 

14.1. Ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат низолари ва келишмовчиликлар қонун хужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

14.2. Томонлар хўжалик юритувчи субъектларда  иш  берувчилар ва касаба уюшмасининг тенг сонли  вакилларидан иборат бўлган  меҳнат низолари бўйича комиссиялар тузишга келишиб олдилар.

 

XV.  КАСАБА  УЮШМАСИ   ҚЎМИТАСИ  ВА  КАСАБА  УЮШМАСИ  ФАОЛЛАРИНИНГ ҲУҚУҚИЙ   КАФОЛАТЛАРИНИ  ТАЪМИНЛАШ

 

15.1. Касаба уюшмаси қўмиталарининг ишдан озод этилган ходимлари (раис, раис ўринбосари, бухгалтер, инструктор ва бошқа ходимлар) доимий ишловчи ходимлар билан бир қаторда хўжалик юритувчи субъектлар меҳнат жамоасининг аъзолари ҳисобланадилар.

15.2. Касаба уюшмаси органларининг ишдан озод этилган ходимлари алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларда амалда бўлган, уларнинг маблағлари ҳисобидан бериладиган барча имтиёзлардан   тенг ҳуқуқли фойдаланадилар.

Касаба уюшмаси органларининг ишдан озод этилган ходимлари мукофотлаш   ва йиллик иш якунларига кўра тақдирлаш хўжалик юритувчи субъект маблағлари ҳисобидан белгиланган шартларда қуйидагича амалга оширилади:

-    касаба уюшмаси қўмиталари раислари учун -  раҳбарлари даражасида;

- касаба уюшмаси қўмитасининг бошқа ходимла­ри учун - хўжалик юритувчи субъектларнинг ходимлари даражасида.

Хўжалик   юритувчи   субъектлар  томонидан ҳисобланган  мукофотлаш ва тақдирлашнинг  аниқ миқдори ҳақидаги қарор касаба уюшмаси юқори ташкилоти томонидан Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши тасдиқлаган мукофотлаш тўғрисидаги Низомга мувофиқ қабул қилинади.

15.3. Касаба уюшмаси органларига сайланган ва ишлаб чиқариш фаолиятидан озод этилган ходимларнинг тармоқдаги ва мазкур хўжалик юритувчи субъектдаги умумий ва узлуксиз иш стажи сақланади.

15.4. Иш берувчилар (мансабдор шахслар) касаба уюшмаларининг ҳуқуқларини тўлиқ эътироф этадилар, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлайдилар.

15.5. Касаба уюшмаси органлари ва меҳнат низолари бўйича комиссия таркибига сайланган, меҳнат муҳофазаси бўйича вакил этилган ва асосий ишидан озод қилинмаган ходимларга интизомий жазо чораларини қўллаш, уларни бошқа ишга ўтказиш, иш берувчининг ташаббуси билан улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш  Меҳнат кодекси    ва Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг  кафолатлари тўғрисида»ги  Қонуни  нормаларига  мувофиқ  амалга  оширилади.

15.6. Касаба уюшмасига сайланган ва асосий ишидан озод этилмаган ходимларга  касаба уюшмаси ишларини бажариши учун вақт ажратиш, шунингдек уларга ҳақ тўлаш хўжалик юритувчи субъектлар маблағи ҳисобидан амалга оширилиши Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида назарда тутилади.

 

XVI. КЕЛИШУВНИНГ  БАЖАРИЛИШИ  УСТИДАН  НАЗОРАТ

 

16. Томонлар ўз зиммаларига қуйидаги мажбуриятларни оладилар:

16.1.Келишувнинг бажарилишини назорат қилиш бўйича биргаликдаги комиссияни тузиш;

16.2. Тармоқ келишуви, Тариф келишувлари, ягона Жамоа шартномаси ва жамоа шартномаларининг  бажарилишини   йил  давомида  икки  марта  (ярим йиллик ва йиллик якунлар  бўйича) текшириш, натижаларини  Агентлик  Ҳайъати ва Марказий кенгаши Раёсатининг қўшма мажлисларида, шунингдек, «Ўзбекистон почтаси» ОАЖ,  «Ўзбектелеком»  АК, «Матбуот тарқатувчи» АКнинг тегишли органлари ва Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши Раёсатининг йиғилишларида кўриб чиқиш.

16.3. Йил давомида камида икки марта (ярим йиллик ва йиллик якунлар бўйича) хўжалик юритувчи субъектлар томонидан  жамоа  шартномаларининг бажарилишини  текшириш ва натижаларини  жамоа шартномасини  имзолаган мансабдор  шахсларнинг ҳисоботи билан  меҳнат жамоасининг  йиғилишида (конференцияда) кўриб чиқиш.

 

XVII.  КЕЛИШУВ  БАЖАРИЛМАГАНЛИГИ  ЁКИ  БУЗИЛГАНЛИГИ  

УЧУН  ЖАВОБГАРЛИК

 

17. Келишув мажбуриятларини бажармаганликда ёки бузганликда айбдор  бўлган мансабдор шахслар қонун хужжатларида белгиланган тартибда интизомий ёки бошқа жавобгарликка тортиладилар.

 

XVIII.  ЯКУНИЙ  ҚОИДАЛАР.

 

18. Мазкур Келишув ўзбек ва рус тилларида тузилган. Келишув коидаларини талқин қилиш масаласида келишмовчиликлар юзага келганда, унинг ўзбек тилидаги матни асос учун қабул қилинади. Келишувнинг ўзбек ва рус тилидаги матни  бир хил юридик кучга эгадир.

©2008-2024 O'zbekiston aloqa xodimlari kasaba uyushmasi markaziy kengashi