Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши ташаббуси билан пойтахтимиздаги Алоқа тарихи музейида навбатдаги "Касаба уюшмаси куни" доирасида маънавият соати ўтказилди. Тадбирни Марказий кенгаш раиси Асрор Ишанходжаев олиб борди.
Маълумки, маънавият соатлари анъанага мувофиқ долзарб масалаларга бағишланиб, касаба уюшма фаолларининг ҳуқуқий-сиёсий билимларини оширишга қаратилади. Бу галги машғулотга Ўзбекистон телерадиокомпанияси сиёсий шарҳловчиси Қобилбек Каримбеков таклиф этилиб, у "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 22 йиллик даврида эришилган ютуқлар тўғрисида" маъруза қилди. Нотиқ ўз чиқишида, тарихан қисқа, аммо асрга татигулик йилларда мамлакатимизда эришилган улкан ютуқларга батафсил тўхталди. Хусусан, Президентимизнинг 2013 йил 9 май —Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситаларига берган интервюси асосида чоп этилган "Ўзбекистон халқига тинчилик ва омонлик керак" номли рисоласи ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзлаган нутқидан ҳаётий мисоллар келтириб, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик муваффақиятлар гарови бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Нотиқ Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларданоқ "Қўшнинг тинч — сен тинч", деган халқ ҳикматига амал қилиб, тинчликпарвар сиёсат юритаётганини дунё ҳамжамияти тан олганини, натижада мамлакатимизга хорижий инвесторлар салмоқли сармоялар киритиб, ўзаро мустаҳкам ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётганини қайд этди.
Тадбирда, шунингдек, "Махсус авария-тиклаш бошқармаси бошланғич касаба уюшмаси қўмитасининг доимий фаолият кўрсатувчи комиссиялари фаолиятлари тўғрисида" мазкур КУҚ раиси Абзалхон Султонсаидов, "Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномаларини касаба уюшмаси ташкилотларида кўриб чиқиш тартиби" ҳақида "Ўзбектелеком" АК "Бош коммутация маркази" филиали бош ҳуқуқшуноси Дилшод Усмоновлар маъруза қилишди.
Маънавият соати таасуротларга бой бўлди.