09.12.2024
ico-rss

Ishonch telefoni / Телефон доверия

(+99871) 2565685

Соҳа кўчма кубоги учун мусобақаларни янгича тартибда ўтказиш ҳақида

      2006-2008 йилларга келиб соҳамизнинг бир нечта жамоалари устунлиги бошқаларга нисбатан жуда йириклашиб кетди. Натижада саралаш ўйинларида (айниқса, Тошкент шаҳрида) ўйинлар ҳисоби 7-0, 10-0 ва ундан йирикроқ кўриниш ола бошлади. Албатта, бундай ҳисоб билан ўйинни бой берган жамоа аъзоларининг турнирга, қолаверса спортга бўлган иштиёқи камайиб кетади. Бу нуқсонни бартараф этиш мақсадида Ташкилий қўмитанинг қарори билан Тошкент шаҳридаги жамоалар икки гуруҳга ажратилиб, нисбатан кучлироқ жамоалар “Саралаш мусобақалари”да, нисбатан “бўшроқ” жамоалар эса “Ўтирш турнири”га киритилдилар. 

Шундай қилиб, 2008 йилдан буён Тошкент шаҳри жамоалари ўртасида соҳа кубоги учун ўтказиладиган саралаш мусобақалари икки гуруҳга бўлинган ҳолда ўтказилиб келинмоқда. Бири “Ўтиш турнири” бўлса, иккинчиси “Саралаш” мусобақалари. Мана беш йилки, мусобақаларнинг гуруҳга бўлиб ўтказилиши, ўзини тўла оқлади ва самарасини берди. Яъни, “Ўтиш турнири”да иштирок этувчи жамоаларнинг сони кўпайди. Илгари мини футбол мусобақаларида иштирок этишни истамаган корхоналар ҳам энди “Ўтиш турнири”да фаол иштирок этмоқдалар. Чунки кучлар нисбатан тенг. Тошкент шаҳри минтақавий мусобақаларида авваллари нари борса 15-18 жамоа иштирок этган бўлса, сўнги йилларда 20-24 жамоа қатнашиб келмоқда.

Навбатдаги ўзгаришлар асосан финал босқичига алоқадор. Чунки бугунги кунда мусобақаларни мутлақо хоҳлаганимиздек ажойиб тарзда ўтаяпти десак, нотўғри бўлади. Бу билан нима демоқчиман: мусобақалар 2003 йилдан бошлаб республика миқёсида ўтказилаётган бўлсада, фақат 2006 йили “Фарғона Телеком” филиали вакиллари Соҳа кубогини қўлга киритишга эриша олганлар. “Тошкент Телеком” жамоаси пойтахт ҳудудида жойлашгани боис уларни ҳисобга қўшмай турамиз. Финал босқич мусобақаларида маҳорат жиҳатидан пойтахт жамоалари вилоят жамоаларига нисбатан бирмунча устунликка эгалар. Тошкент шаҳри жамоалари билан вилоятликлар тенгма-тенг кураша олмайдилар ва ўз-ўзидан рақобат йўқолади. Натижада вилоят жамоалари мусобақаларнинг статистларига бўлиб қолмоқдалар ва уларнинг турнирга бўлган қизиқишлари камаймоқда.

Бу масала 2013 йил 19 августда ўтган Ташкилий қўмита йиғилишда муҳокама қилинди. Ташкилий қўмита раиси ўринбосари А.Ишанходжаев ва мусобақалар Бош ҳаками Р.Қосимовларнинг таклифлари атрофлича ўрганилиб, Соҳа кубоги учун ўтказиладиган 2013 йил финал ўйинларида вилоят жамоаларигасинов тариқасида, “терма жамоа” кўринишида иштирок этишларига рухсат берилди.

Синов тариқасида ўтказилилишининг сабаблари бор. Чунки айрим уддабурон ташкилотчиларда ўз вилоят терма жамоаси таркибига четдан бир-икки маҳоратли футболчиларни киритиш истаги пайдо бўлиши мумкин. Албатта, буни олдини олиш учун, ўйинчилар низом талабларига тўла жавоб бериши Мандат комиссияси ва ташкилотчилар томонидан синчиковлик билан ўрганилади. Бундай фактлар аниқланмаса, мусобақалар Низомига якуний ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилади.

Тошкент шаҳрида “Ўтиш турнири” ва “Саралаш” баҳслари 2013 йил ноябр-декабр ойларида бўлиб ўтади. Финал мусобақалари 11-15-декабр кунлари ўтказилиши белгиланган.

Соҳа кубоги учун мусобақаларни имкон даражасида Ўзбекистон мини футбол ассоциациясининг атестациясидан ўтган ва шу кунларда миллий чемпионатнинг олий лига жамоалари ўртасидаги ўйинларни бошқариб келаётган ҳакамларни таклиф этишга ҳаракат қиламиз.

Айтиб ўтишим лозимки, ҳар сафар биз хоҳлаган ҳакамларни таклиф этиб мусобақаларни ўтказамиз, деган тушунчага хам бориш керак эмас. Чунки биз билан бир вақтда миллий чемпионат, Ўзбекистон кубоги ва бошқа мусобақалар ўтиши ва тажрибали ҳакамлар банд бўлиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Лекин имкон даражасида Ўзбекистон мини футбол ассоциацияси ва унинг ижро директори Рустамжон Толибжонов бизга ўз ёрдамларини аямайди.

Ҳакамлар йўл қўядиган хатоларга келсак, хато қилмайдиган ҳакамни ўзи йўқ, бу табиий ҳол. Ахир, дунёнинг энг кучли ҳакамларининг ҳам хатоларини кўрганмизку! Хатолар ҳам ҳар хил бўлади. Масалан, ҳакам ўйин мобайнида икки маротаба мунозарали ҳолатларда аутдан тўпни қайси жамоа киритишида янглишди. Шундай ўйинчилар борки, айнан шу арзимаган хатолар уларнинг жамоаси ўйинини ютказишига асосий сабаб қилиб, эътироз билдиради.

Агарда ҳакам ўйин натижасига таъсир кўрсатган хатога йўл қўйса, масалан, йўқ жойдан пеналти белгиласа ёки яққол пеналтини белгиламаса ёки қизил карточка кўрсатиб, ўйинчини майдондан беасос четлатса, бундай хатолар жиддий равишда ўрганилиши ва керакли чоралар кўрилиши шарт.

Айтиб ўтиш лозимки, 2008 йилдан бошлаб ҳар йили финал баҳсларини видеотасвирга олиб, DVD диск тайёрлаймиз. Бу видеоёзувлар ўз-ўзидан ҳакамларни беасос айбланишини олдини олиш ёки уларнинг ишига тўғри баҳо беришда катта омил бўмоқда. Натижада айнан шу дискларни тайёрлашимиз натижасида, ҳакамлар қабул қилган қарорлар бўйича асоссиз эътирозлар кескин камайди.

©2008-2024 O'zbekiston aloqa xodimlari kasaba uyushmasi markaziy kengashi