25.04.2024
ico-rss

Ishonch telefoni / Телефон доверия

(+99871) 2565685

Ўзбекистон касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати тўғрисида НИЗОМ

1. Ушбу Низом Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари, касаба уюшмалари Марказий кенгашлари, соҳа бўйича Республика бирлашган касаба уюшма қўмиталари (кейинги ўринларда – касаба уюшмалари)нинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматига қўйиладиган талабларни, унинг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.

2. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати (кейинги ўринларда – хизмат) Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги ҳамда Федерацияга аъзо ташкилотлар ва улар тасарруфидаги касаба уюшма ташкилотларинингмеҳнат муҳофазаси соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилишни амалга ошириш мақсадида ташкил этилади.

3. Хизмат ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, касаба уюшмалари Уставлари, Қурултойлари қарорлари, Кенгашлар мажлислари ва Раёсатлари қарорлари, касаба уюшма ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмалари конференциялари, Бирлашмалар кенгашлари Мажлислари ва Раёсатлари қарорлари ҳамда ушбу Низомга амал қилади.

4. Хизмат – меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими шаклида ташкил қилиниши ёки меҳнат муҳофазаси бўйича бош (етакчи) мутахассис сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг қарори билан тасдиқланадиган штатлар жадвалига мувофиқ тузилади.

5. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири ёки меҳнат муҳофазаси бўйича бош (етакчи) мутахассис лавозимларига олий-техник маълумотга эга бўлган шахслар тайинланиши мумкин. Бўлим мудири ҳамда бош мутахассис лавозимларига меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида камида 3 йиллик, етакчи мутахассис лавозимига бу соҳада камида 2 йиллик иш стажига эга бўлган шахслар тайинланади.

6. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари, касаба уюшмалари Марказий Кенгашлари, соҳа бўйича Республика бирлашган касаба уюшма қўмиталарининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлим мудири, бош (етакчи) мутахассиси лавозимларига номзод танлаш ва уларни эгаллаб турган вазифасидан озод қилиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашинингмеҳнатни муҳофаза қилиш бўлими билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

7. Хизмат ходимлари ҳар икки йилда камида бир маротаба Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Ўқув марказида ўқитилади (малакаси оширилади), сўнгра меҳнат муҳофазаси соҳасидаги билимлари текширилади ва тегишли гувоҳнома берилади.

8. Хизмат ўз фаолиятини ҳуқуқни муҳофаза қилиш, меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазаси, саноат ва экология хавфсизлиги соҳасида давлат назорати ва текшируви органлари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб боради.

9. Касаба уюшмалари ташкилотлари меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўзаро фаолиятларини мазкур Низомга мувофиқ амалга оширадилар ва қуйида кўрсатилган муддатларда:

1) Бошланғич касаба уюшма қўмитаси (ташкилоти) тармоқ касаба уюшмаси туман (шаҳар) кенгашига, соҳа бўйича Республика бирлашган касаба уюшма қўмитаси тизимидаги бошланғич касаба уюшма қўмитаси (ташкилоти) соҳа бўйича Республика бирлашган касаба уюшма қўмитасига ҳамда ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига жорий йилнинг ҳар чорагида (уч, олти, тўққиз ой) якунлари бўйича жорий йил ҳар чорагидан кейинги ойнинг 10 санасигача чораклик ва кейинги йилнинг 10 январигача йиллик маълумотни 1-иловага биноан;

2) Тармоқ касаба уюшмаси туман (шаҳар) кенгаши ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига, соҳа бўйича Республика бирлашган касаба уюшма қўмитаси касаба уюшмаси Марказий кенгашига жорий йилнинг ҳар чорагида (уч, олти, тўққиз ой) якунлари бўйича жорий йил ҳар чорагидан кейинги ойнинг 20 санасигача чораклик ва кейинги йилнинг 20 январигача йиллик маълумотни 2-иловага биноан;

3) Ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ва касаба уюшмаси Марказий кенгаши жорий йил ҳар чорак (уч, олти, тўққиз ойлик) якунлари бўйича жорий йил ҳар чорагидан кейинги ойнинг сўнги  санасигача чораклик ва кейинги йилнинг 1 февралигача йиллик олиб борган ишлари ҳақидаги маълумотни 2-иловага биноан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига йил бошидан эътиборан ортиб борувчи якун тарзида умумлаштириб, таҳлил этган ҳолда тақдим этиб борадилар.

10. Касаба уюшмалари ташкилотларида меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда рўй берган бахтсиз ҳодисалар ҳамда белгиланган зарар тўловларининг амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотни:

1) Бошланғич касаба уюшма қўмитаси (ташкилоти) тармоқ касаба уюшмаси туман (шаҳар) кенгашига, соҳа бўйича Республика бирлашган касаба уюшма қўмитаси тизимидаги бошланғич касаба уюшма қўмитаси (ташкилоти) ўзининг Марказий кенгашига ҳамда ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига жорий йилнинг ҳар чорагида (уч, олти, тўққиз ой) якунлари бўйича жорий йил ҳар чорагидан кейинги ойнинг 1 санасидан 3 санасигача 3-иловага биноан;

2) Тармоқ касаба уюшмаси туман (шаҳар) кенгаши ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ва касаба уюшмаси Марказий кенгашига жорий йилнинг ҳар чорагида (уч, олти, тўққиз ой) якунлари бўйича жорий йил ҳар чорагидан кейинги ойнинг 3-санасидан 6-санасигача 4-иловага биноан;

3) Ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши касаба уюшмалари Марказий кенгаши Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига ўтган чорак маълумотини навбатдаги ойнинг 6-санасидан 10-санасигача 4-иловага биноан йил бошидан эътиборан ортиб борувчи якун тарзида умумлаштириб, таҳлил этган ҳолда тақдим этиб борадилар.

 

II. ХИЗМАТНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФА ВА ФУНКЦИЯЛАРИ

 

11. Хизматнинг асосий вазифалари:

касаба уюшма ташкилотларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

корхона, ташкилот ва муассасаларда, уларнинг идоравий мансублиги, мулк ва ҳўжалик юритиш шаклидан қатъи назар, меҳнатни муҳофаза қилишнинг қоида ва меъёрларига риоя этилиши устидан жамоат текширувини амалга ошириш ҳамда ходимларнинг меҳнати муҳофаза қилинишига доир ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

ходимларга хавфсиз меҳнат шароитлари таъминланишига кўмаклашиш, уларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш;

меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазаси, экологик хавфсизликка доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомилаштиришда, ишлаб чиқишда ва келишишда иштирокэтиш;

меҳнат муҳофазасига оид  ягона талаблар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

меҳнат муҳофазаси ва шароитлари, атроф-муҳит муҳофазаси ҳолатини ўрганиш ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар бериш;

ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларига чалиниш сабабларини таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тадбирлар ишлаб чиқиш;

корхона, ташкилот ва муассасалардаги меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ва комиссияларга амалий ёрдам кўрсатиш.

12. Юкланган вазифаларни бажариш учун хизмат қуйидаги функцияларни амалга оширади:

меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазасига оид тармоқ, ҳудуд ва давлат дастурларини шакллантиришда, ишлаб чиқаришда жароҳат олганлар ва касб касаллигига чалинганларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

Бош, ҳудудий, тармоқ келишувларига меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликларидан мажбурий суғурта қилиш масалаларининг киритилишига эришади;

жамоа шартномалари ва меҳнат муҳофазаси бўйича битимларда назарда тутилган меҳнат муҳофазаси ҳолати ва шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирларнинг иш берувчилар томонидан бажарилишини назорат қилади;

касаба уюшмаси аъзоларининг мурожаатларини ўз ваколати доирасида кўриб чиқади;

янги қурилаётган, қайта қурилаётган ишлаб чиқариш объектлари лойиҳаларини, янги технологиялар, ускуналар, машина ва механизмлар, транспорт воситаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрлари талабларига мос келишини экспертизадан ўтказишда иштирок этади;

меҳнат муҳофазаси ва шароитлари,  атроф-муҳитнимуҳофаза қилиш масалалари бўйича, шунингдек жамоа шартномаси ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича битим чора-тадбирларини шакллантиришда бошланғич касаба уюшма ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатади;

меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар, комиссияларга ўз фаолиятларини олиб боришларида услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

оммавий ахборот воситалари орқали ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат муҳофазаси ва шароитларини яхшилаш бўйича илғор тажрибаларни тарғиб қилади.

13. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими юқорида қайд этилган функциялардан ташқари:

хизмат фаолиятини мувофиқлаштиради, услубий раҳбарликни амалга оширади, хизмат ходимларига ўз функцияларини бажаришларида кўмаклашади;

меҳнат муҳофазаси бўйича Федерация Кенгашига тақдим этилаётган меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқади ва улар юзасидан таклиф ва эътирозлар билдиради;

хизмат ходимлари ва касаба уюшма ташкилотлари томонидан меҳнат муҳофазаси соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳамда ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликлари ва улар туфайли етказилган зарар тўловлари ҳақида тақдим этилаётган маълумотларни таҳлил қилади ва умумлаштиради;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходисалар ва касб касалликларининг олдини олиш ва хизмат фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишлар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказишни, хизмат мутахассисларининг малакасини ошириш ва тажриба алмашишларини ташкил этади;

меҳнат муҳофазасига оид масалалар бўйича давлат ва бошқа бошқарув органларида Федерация Кенгаши манфаатларини ифода этади;

Федерация Кенгаши раҳбариятининг меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилиги доирасида берилган кўрсатмаларига асосан бошқа вазифаларни бажаради.

14. Касаба уюшмалари меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг фаолияти ушбу Низомдаги функция ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

 

III. ХИЗМАТ ХОДИМЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

15. Юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш бўйича хизмат ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириш учун идоравий мансублиги, мулк ва ҳўжалик юритиш шаклидан қатъи назар, касаба уюшма аъзолари ишлаётган корхона, ташкилот ва муассасалар, уларнинг тузилмавий бўлинмалари, иш ўринларига тўсқинликсиз ташриф буюриш;

иш берувчилар,  мулкдорлар ёки улар вакил қилган бошқарув идораси ва мансабдор шахслар томонидан меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси қоида ва меъёрлари талабларининг бажарилиши устидан жамоат назоратини олиб бориш ҳамда улардан аниқланган қоидабузарликларни (камчиликларни) бартараф этиш юзасидан бажарилиши шарт бўлган тақдимномалар киритиш;

ходимлар ҳаёти ва соғлиғига таҳлика солаётган меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрлари талаблари бузилиши аниқланса, ишлаб чиқариш, устахоналар, ишлаб чиқариш участкалари, дастгоҳлар, машиналар, транспорт воситалари ва бошқа ускуналар ишини вақтинча тўхтатиб қўйишни иш берувчидан талаб қилиш;

меҳнат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича давлат, ҳудудий, тармоқ дастурларини шакллантиришда иштирок этиш;

меҳнат муҳофазаси, касб касалликлари ва экологик хавфсизлик бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

лойиҳалаштирилаётган, қурилаётган ва фойдаланилаётган ишлаб чиқариш объектларида хавфсиз меҳнат шароитларининг экспертизасида ҳамда лойиҳалаштирилаётган ва фойдаланилаётган механизм ва дастгоҳларнинг хавфсизлиги экспертизасида иштирок этиш;

ишлаб чиқариш объектларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича ишчи комиссиялари ва давлат комиссиялари ишида иштирок этиш;

ишлаб чиқариш воситаларини синаш ва фойдаланишга қабул қилиш давлат комиссиялари ишида иштирок этиш;

ходимларнинг меҳнати муҳофаза қилинишига доир ҳуқуқларини қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилиш;

меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазасига оид қоида талабларининг бузилишлари ҳамда ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодисаларнинг яширилганлиги аниқланганда, ушбу ҳолатларга йўл қўйган айбдор шахсларга нисбатан чоралар кўриш учун тегишли бошқарув ёки ваколатли давлат назорати органларига мурожаат қилиш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини текширишда иштирок этиш;

тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) мажлисларида қатнашиш;

меҳнат жарохати ёки касб касаллиги туфайли етказилган зарар суммаларининг тўланиши, шунингдек ходимларнинг соғлиғи ва меҳнати муҳофаза қилинишига доир ҳуқуқлари камситилган бошқа ҳолларда ўз ташаббуси билан ёки ходимларнинг аризаларига биноан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, даъво аризалари билан судга мурожаат этиш ҳамда касаба уюшма ташкилоти ёки ходимнинг ваколатли вакили сифатида судда қатнашиш;

давлат  органларидан ва корхоналардан ходимларнинг ҳақ-ҳуқукларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган маълумотномалар, тавсифномалар, экспертларнинг хулосалари ва бошқа ҳужжатларни сўраб олиш, жамланган материалларни ходим ишини кўриб чиқаётган судларга ва бошқа давлат органларига тақдим этиш;

меҳнат шароити зарарли ва хавфли ишлаб чиқаришларда, шунингдек ўта нохуш ҳароратли ёки ифлосланишлар билан боғлиқ шароитларда бажариладиган ишларда ишловчи ходимларга давлат бошқарув идоралари белгилаган меъёрларда махсус кийим, махсус пойабзал, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари, ювиш ва дезинфекция воситалари, сут (шунга тенг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқатлари бепул берилишини иш берувчилардан талаб қилиш.

16. Хизматга юклатилган вазифа ва функциялар ҳамда берилган ҳуқуқлардан келиб чиқган ҳолда хизмат ходимлари қуйидагиларга мажбур:

ушбу Низомда хизматга юклатилган вазифа ва функцияларни тўлиқ амалга оширилишига эришиш;

эгаллаб турган лавозим қўламида меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазасига оид амалдаги қоида ва меъёрлар талабларини билиш ва бу борада ўз малака ва билимларини доимий тарзда ошириб бориш;

корхона, ташкилот ва муассасаларда  меҳнатни муҳофаза қилишнинг қоида ва меъёрларига риоя этилиши устидан жамоат текширувини амалга ошириш;

жамоа келишувлари ва шартномаларини ташкилий ва услубий жиҳатдан тузишда ва уларни экспертизадан ўтказишда иштирок этиш;

бошланғич касаба уюшма ташкилотларига меҳнат муҳофазаси ва шароитлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳамда жамоа шартномаси ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича битимга киритиладиган чора-тадбирларни тузишда амалий ёрдам кўрсатиш;

ходимларни меҳнат муҳофазаси бўйича ўқитиш ҳамда уларнинг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги билимларини текширишда иштирок этиш;

меҳнат  муҳофазаси  ойлиги, хавфсизлик кунлари, меҳнат муҳофазаси ва шароитларини яхши ташкил этиш бўйича кўрик-танловлар ўтказилишини ташкил этиш;

ходимлар белгилаган меъёрларда махсус кийим, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминланиши устидан доимий назорат олиб бориш;

ходимларнинг соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларида меҳнат қилиш, зарарли ва хавфли ишларда банд бўлган ходимлар учун белгиланган имтиёз ва компенсацияларнинг тўғри қўлланиши, меҳнат жарохати ва касб касаллиги туфайли етказилган зарар тўловларини олиш бўйича ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

меҳнат жарохати ёки касб касаллиги туфайли етказилган зарар суммаларининг тўланиши, шунингдек ходимларнинг соғлиғи ва меҳнати муҳофаза қилинишига доир ҳуқуқлари камситилган бошқа ҳолларда уларга судга даъво аризаларини тузишда ёрдам бериш ҳамда ходимнинг ваколатли вакили сифатида судда қатнашиш;

бошланғич касаба уюшма ташкилотларидан тақдим этилган   маълумотномаларни таҳлил қила билиш ҳамда уларни жамлаб юқори касаба уюшмаси органларига белгиланган муддатларда етказиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида олиб борилган ишларни, бу борада эришилган ютуқларни, аниқланган камчиликларни таҳлил қила билиш ва Кенгаш, соҳа бўйича Республика бирлашган қўмитасининг мажлис ва раёсатларида муҳокама этиш учун киритиш;

болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг техник ҳолатини, мавсумга тайёргарлигини ўрганиш ва уларни фойдаланишга қабул қилишда иштирок этиш;

меҳнат муҳофазаси ва шароитлари ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тарғибот усуллари  ва ишларини олиб боришни билиш;

“Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида”ги ва “Касб касалликларини текшириш тўғрисида”ги низомларни мукаммал билиши ва комиссия таркибига киритилган ҳолларда, ушбу текширишларда қатнашиш;

касаба уюшмаси ишида фаол қатнашиш ва касаба уюшмаси ҳаракатига зарар келтирадиган ҳаракатларга йўл қўймаслик.

 

IV. ХИЗМАТ ХОДИМЛАРИ ТОМОНИДАН МЕҲНАТ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ВА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ БЎЙИЧА ҚОИДА ВА МЕЪЁРЛАРГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ ТЕКШИРИШ (ЎРГАНИШ) ТАРТИБИ

 

17. Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрларига риоя қилинишини текшириш хизмат ходими томонидан шахсини тасдиқловчи  гувоҳномани кўрсатган ҳолда, текшириш (ўрганиш) тўғрисидаги тегишли касасба уюшма ташкилотининг фармойишига асосан ўтказилади.

18. Ҳар бир текшириш (ўрганиш) натижалари хизмат ходими томонидан уч нусхада маълумотнома ёки 5-иловада келтирилган тақдимнома шаклида расмийлаштирилади ҳамда корхона раҳбари ва касаба уюшмаси қўмитаси раисига ёки уларнинг ваколатли вакилларига бир нусхадан берилади.

19. Корхона раҳбари маълумотнома ёки тақдимноманинг бажарилиши ҳақида уларда кўрсатилган санагача текшириш (ўрганиш) ўтказган хизмат ходимига ёзма равишда ахборот беради.

20. Хизмат ходими берилган ёзма ахборотдан қониқмаса, маълумотнома ёки тақдимнома ҳақиқатда бажарилганлигини жойига чиқиб, кўриши мумкин.

 

VI.ХИЗМАТ ХОДИМЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

 

21. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари хизматга юклатилган вазифа ва функцияларнинг ҳамда ўз мажбуриятларининг самарали бажарилишига жавобгардирлар, ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки етарли даражада бажармаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар

©2008-2024 O'zbekiston aloqa xodimlari kasaba uyushmasi markaziy kengashi