Гуруҳ баҳслари
Қуръа натижаларига кўра, 16 жамоа 4 гуруҳга бўлинган ҳолда чорак финал йўлланмаси учун кураш олиб борди.
“А” гуруҳи “В” гуруҳи “С” гуруҳи “Д” гуруҳи
“Телекомчилар” Наманган “Қўмита” “Хизматчилар”
Қашқадарё Андижон Хоразм Самарқанд
Сирдарё Сурхондарё Фарғона Бухоро
Тошкент вил. Навоий Жиззах Қорақалпоғистон
Дастлабки беллашувларданоқ, ўз гуруҳларида фаворитлар ажрала бошлади. “С” гуруҳини ҳисобга олмаганда, бошқа гуруҳларда иккинчи тур баҳсларидан кейин чорак финалга кимлар йўл олиши деярли аниқлашиб қолди. “С” гуруҳида пойтахтнинг “Қўмита” жамоаси барча ўйинларда ғалаба қозониб, биринчи ўрин билан чорак финалга йўл олган бўлса, Жиззах ва Фарғона жамоалари сўнгги турда гуруҳнинг иккинчи ўрини учун ўзаро баҳслашдилар. Тенг курашлар остида ўтган учрашувда дуранг қайд этилди ва тўплар нисбатига кўра, жиззахликлар чорак финал йўлланмасига эга чиқдилар.
Чорак финал
Ҳар бир гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар чорак финалга йўл олди. Ушбу босқичда қуйидаги жамоалар ўзаро дуч келишди:
“Хизматчилар” – Наманган – 0:3
“Телекомчилар” – “Қўмита” – 2:7
Бухоро – Сурхондарё – 3:2
Қашқадарё – Жиззах – 0:0 (пеналтилар бўйича – 3:4)
Муросасиз ўтган баҳснинг асосий вақтида томонларнинг кучи тенг келди. Пеналтилар сериясида эса жиззахликлар аниқроқ ҳаракат қилиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритдилар.
Ярим финал
Ярим финал ўйинлари қизиқарли кечди. Айниқса, “Қўмита” ва Бухоро жамоалари учрашуви ниҳоятда кескин курашларга бой ўтди.
“Қўмита” – Бухоро – 1:1 (пеналтилар бўйича – 5:4)
Наманган – Жиззах – 5:3
3-ўрин учун
Бухоро таркибида асосий ҳужумчиси Нуриддин Нарзиев ҳаракат қилмагани жиззахликлар учун қулай имконият эди. Ўйин шунга яраша тенг курашлар остида ўтди. Агар чорак финалда омад жиззахликлар томонида бўлган бўлса, бу сафар эса бухороликларга кулиб боқди. Шу тарзда, бир неча йиллардан буён совринли ўринлар учун курашиб келган Бухоро жамоаси ниҳоят 3-ўринни қўлга киритди.
Бухоро – Жиззах – 1:1 (пеналтилар бўйича – 5:4)
Финал
Мусобақа кубоги Наманган жамоасига насиб этди. Финалда “Қўмита” жамоаси қаршилигини енга олган водийликлар турнир ғолиблигини қўлга киритишди.
Наманган – “Қўмита” – 3:2
Тақдирлаш маросими
Мусобақа якунида баҳсларда совриндор жамоалар мос даражали дипломлар ва медаллар ҳамда ташкилий қўмитанинг қимматбаҳо совринлари билан тақдирландилар. Чемпионликни қўлга киритган Наманган жамоасига Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари М.Маҳмудов махсус кубокни топширди.
Шунингдек, бир қатор иштирокчилар махсус совринлар билан тақдирланди. Ташкилий қўмита қарорига кўра, бу сафарги мусобақада энг яхшиларни аниқлаш вазифаси “Xabar” газетасига юкланди. Шундай қилиб, газета талқинига кўра – “Энг иродали жамоа” соврини Жиззах жамоасига, “Энг яхши дарвозабон” соврини Қашқадарё дарвозабони Равшан Шодмоновга, “Энг яхши ҳимоячи” номи Бухоро етакчиси Тоҳир Денисовга, “Энг яхши ҳужумчи” номинацияси ғолиблиги “Қўмита” аъзоси Қўчқор Норчаевга, “Энг моҳир тўпурар” соврини турнир давомида 19та гол уришга эришган Наманган ҳужумчиси Баҳром Эгамбердиевга, “Энг ёши улуғ қатнашчи” соврини 65 ёшни қаршилаган “Хизматчилар” жамоаси дарвозабони Абдуғаппор Артиковга, “Энг яхши ҳакам” соврини Олег Дачевга, “Энг яхши мураббий” соврини Сурхондарё жамоаси мураббийига, турнирнинг “Энг фойдали ўйинчи” номинацияси ғолиблиги Жиззах жамоаси вакили Раимқул Думаевга насиб этди. Таъкидлаш керакки, Раимқул Думаев ҳам 65 ёшни қаршилаган бўлишига қарамай, жамоаси ўйинларида алмаштиришсиз ўйнади ва бир нечта голлар киритиб, Жиззахнинг ярим финалга қадар етиб келишига жуда катта ҳисса қўшди.
Шундай қилиб, ТАТУ спорт залига ташриф буюрган томошабинлар уч кун давомида қизиқарли мусобақа гувоҳи бўлдилар. Ташкилотчилар мусобақанинг анъанавий ўтказилишини билдиришди. Демак, келгусида ҳам шу каби тажриба ва шижоат уйғунлигидаги баҳсларни кутиб қоламиз.