Қурултойда “Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмасининг VI Қурултойдан сўнг ўтган даврдаги фаолияти ва навбатдаги стратегик вазифалар тўғрисида” Марказий кенгаш раиси Асрор Ишанходжаев маъруза қилди. Маърузачи 2010-2013 йиллар мобайнида ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини, шунингдек, ижтимоий тотувлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида амалга оширилган ишларни батафсил таҳлил қилди, эришилган ютуқлар омилига ҳамда келгуси вазифаларга тўхталди, айрим камчиликларни тугатиш учун мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Ҳисобот даврида Тариф келишувлари ва Ягона жамоа шартномасига иккита янги бўлим - Аёллар меҳнатини тартибга солиш, қўшимча имтиёзлар ва кафолатлар ҳамда Ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар киритилиб, 2012 йили 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши билан банд бўлган 192 нафар аёлга 94 миллион сўм, 2013 йили 374 нафар аёлга 172 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам берилди. Жамоа жартномаларида қабул қилинган имтиёзлар асосида соҳа ходимларининг ўртача иш ҳақи 2010 йили 387,5 минг сўм бўлган бўлса, 2013 йилга келиб бу кўрсаткич 707,0 минг сўмни ташкил этди.
Жамоа шартномалари орқали:
- кам таъминланган 1338 та оилалар вакилларига жами 247,4 миллион сўм, шундан 33,0 миллион сўм касаба уюшма бюджети ҳисобдан моддий ёрдам кўрсатилди;
- мамлакатимизда ишлаб чиқилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек, уй-жой қурилиши учун 543 та оилага иш берувчилар маблағи ҳисобидан 1 миллиард 10 миллион сўм миқдорида фоизсиз ссудалар берилди.
- 222 нафар талаба учун шартнома пулларининг бир қисми, яъни 523,0 миллион сўм иш берувчилар маблағи ҳисобидан тўлаб берилди.
- ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг 970 нафарига нақд пул шаклида, жами 53,0 миллион сўм (шундан 4,2 миллион сўми касаба уюшма бюджети ҳисобидан) моддий ёрдам берилди.
Шунингдек, соҳа корхоналарида амалиёт ўтаган касб-ҳунар коллеж ўқувчиларининг 200 нафарига энг кам иш ҳақининг 20 фоиз миқдорида касаба уюшма бюджети ҳисобидан бир марталик ёрдам пуллари тўлаб берилди.
Марказий кенгашнинг “TRADEUNIONICT.UZ” веб-сайти модернизация қилиниб, янги интерактив ва бошқа рукнлар ташкил этилди, тармоқ касаба уюшмалари фаолиятлари учун зарур меъёрий ҳужжатлар тўпламлар ҳамда ёритувчи мақолалар билан тўлдирилиб борилди.
Соҳа корхоналарида 2013 йил якуни бўйича меҳнат муҳофазаси тадбирларига 3,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Ҳисобот даврида барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги алоқа сохаси корхона ва ташкилотларида касаба уюшма қўмита раислари ва фаоллари учун ташкил этилган “Касаба уюшмалари ўқуви куни”да Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Меҳнат, Фуқаролик, Солиқ ва Оила кодекслари, меҳнат муҳофазаси ва касаба уюшмалари фаолиятига ва бошқа ҳуқуқий мавзуларга оид ҳуқуқий ўқув машғулотлари ўтказилди. Соҳа ходимларининг Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари ва бошқа қадимий қадамжоларига саёҳатлари ташкил этилди.
Соҳа спартакиадаларида жами 8100 нафардан зиёд раҳбар ва ходим иштирок этди. Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ва Алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгашининг кўчма соврини учун (соҳа кубоги) мини-футбол мусобақалари 2000 йилдан бошлаб, ҳар йили тизимли равишда ўтказилмоқда.
2010-2013 йиллар мобайнида жами 24796 нафар бола, шундан 12 мингдан зиёди алоқа корхоналари тасарруфидаги оромгоҳларда соғломлаштирилди. Агентлик ва Марказий кенгашнинг қўшма қарори асосида Оролбўйи ҳудудидан 1800 нафардан зиёд бола оромгоҳларда соғломлаштирилди.
Муҳокамаларда “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ Жиззах филиали касаба уюшмаси қўмитаси раиси Насиба Гайирова, “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали маркетинг бўлими бошлиғи Назокат Маҳмудова, “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ Хоразм филиали касаба уюшмаси қўмитаси раиси Алишер Салаев, ТАТУ бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Дилшод Мирзаев, ОАТ “Алоқабанк” маркетинг бўлими бошлиғи Рамиля Сахаповалар сўзга чиқишиб, ўз таклиф ва истакларини билдиришди.
Қурултойда Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси марказий кенгашини Республика кенгаши деб номлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши таркибига вакил этиб сайланган аъзоларнинг ваколатлари тасдиқланди ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг навбатдан ташқари VI Қурултойига ва Федерация кенгаши таркибига вакиллар сайланди.
Қурултой ишида Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси ўринбосари А.Файзуллаев ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Б.Маҳамадалиев қатнашди ва сўзга чиқишди.