Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси марказий кенгаши ташаббуси билан шу кунларда алоқа ва ахборотлаштириш тизимидаги вилоятлар ва пойтахтдаги бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари раислари ҳамда фаоллари учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ўқув марказида беш кунлик ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу машғулотлар дастуридан касаба уюшмалари фаолиятларини янада самарали ташкил қилиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, иш ҳужжатларини юритиш, хуллас, касаба уюшма қўмиталари фаоллари учун зарур бўладиган барча жараёнлар ўрин олган. Ташкилотчиларнинг машғулотларда касаба уюшмаси қўмиталарига янги сайланган раисларнинг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишгани диққатга сазовор.
Ташкил этилган ўқув-машғулотлар мавзулари ҳозирги кундаги долзарб масалалардан келиб чиққан ҳолда танланган бўлиб, маърузалар тажрибага эга бўлган етук мутахассислар томонидан тақдимот усулида олиб борилмоқда.
Шунингдек, машғулотларда кичик гуруҳларда ишлаш, муаммоли вазиятларни ҳал этиш чораларини белгилаш ва амалга ошириш механзмини ишлаб чиқиш борасида олиб борилган амалий машғулотлар тақдимотларини тингловчиларнинг ўзлари баҳолашлари муаммоли вазиятларни хал этиш борасида бир-бирилари билан фикр алмашиш, тажрибалари билан бўлишиш имконини бермоқда.
Бундан ташқари, ўқув машғулот иштирокчиларини “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ Тошкент почтаси филиали касаба уюшма қўмитаси ва намунавий Янгибозор тумани цех касаба уюшма қўмитасининг иш фаолияти билан танишиш жараёни уларда катта таъсурот қолдирди.
Маълумки, Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши ҳар ойда Тошкент шаҳридаги фаоллари учун Касаба уюшма кунини ўтказиб келади. Навбатдаги тадбир Федерация кенгаши ўқув марказида вилоятлардан келган фаоллар билан биргаликда ўтказилди. Тадбирни Марказий кенгаш раиси Асрор Ишанходжаев очди ва кун тартибидаги “Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий вазифаларидан келиб чиқадиган касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари тўғрисида” маъруза қилди. Маърузачи “Соғлом бола йили Давлат дастури” ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш, меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазасига оид қонунчилик ҳужжатлари ижроси бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини дам олдириш, хотин-қизлар, ёшларнинг бандлиги, кичик бизнес субъектлари, янги ташкил қилинган қўшма корхоналар ходимларини касаба уюшмасига жалб этиш, маданий-оммавий ва спорт тадбирларини сифатли ташкил этиш сингари масалалар хусусида батафсил сўз юритди.
Марказий кенгаш етакчи юристконсулти Абдувоҳид Аҳмедов Сурхондарё вилоятидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини ўрганиш якунлари мисолида ходимларни ҳуқуқий ҳимоялаш бўйича касаба уюшмаси қўмиталарининг вазифалари ҳақида ахборот берди.
Шундан сўнг, Марказий кенгаш раисининг таклифига кўра, вилоятлардан келган касаба уюшма қўмиталари раислари ўз фаолиятлари, иш жараёнида учраётган муаммоли масалалар, келгуси вазифалар ҳақида гапириб беришди. Очиқ ва ошкора ўтган мулоқотда муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди.
Ўқув машғулот тингловчилари учун маданий тадбир ҳам уюштирилган бўлиб, улар Алоқа тарихи музейига ҳамда “Мукимий” номидаги драмма-театр томошасига ташриф буюришди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши томонидан касаба уюшмалари фаолларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг етакчилик қобилиятларини янада кучайтириш бўйича давра суҳбатлари, учрашувлар, турли маданий-маърифий тадбирлар тизимли равишда ўтказиб келинмоқда. Албатта, бу эзгу ҳаракатлар соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоялаш, тизим ривожи учун хизмат қиладиган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишига яқиндан ёрдам беришга қаратилганидан далолатдир.