27.04.2024
ico-rss

Ishonch telefoni / Телефон доверия

(+99871) 2565685

ЎЗБЕКИСТОН АЛОҚА ХОДИМЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИНИНГ УСТАВИ

I.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1.1. Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси (бундан буён – “Касаба уюшмаси”) касаба уюшма аъзоларининг ихтиёрий нодавлат нотижорат жамоат ташкилоти бўлиб, у мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, муассаса, ташкилотлар ходимларининг, шунингдек, таълим муассасалари талабалари ва ўқувчиларининг касбий, ижтимоий-иқтисодий ва меҳнатга доир умумий манфаатларини ифода этади ҳамда вакиллик сифатида уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилади.

Касаба уюшмаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзининг бошланғич ташкилотларига эга бўлган, Республика миқёсидаги жамоат бирлашмасидир.

1.2. Касаба уюшмаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Меҳнат кодексига, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунларига, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Уставга мувофиқ олиб боради.

1.3. Касаба уюшмаси ўз фаолиятида давлат идораларидан ва хўжалик бошқаруви органларидан мустақил бўлиб, улар олдида ҳисобдор эмас ва улар томонидан назорат қилинмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Касаба уюшмаларининг ҳуқуқларини чеклайдиган ёки ҳуқуқларини амалга оширилишига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай аралашув ман этилади.

Касаба уюшмаси мустақил равишда ўз Уставини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, раҳбар органларинисайлайди, фаолиятини ташкил этади, Қурултой, Мажлис, Конференция, йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши (бундан буён – “Федерация Кенгаши”) билан келишилган ҳолда ўз тузилмасини, аппарат ходимларининг штат бирлигини белгилайди, республика ва хорижий давлатларнинг касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилади, миллий ва ҳалқаро касаба уюшмалари бирлашмаларига кириши ва уларни ташкил этишда қатнашиши мумкин.

Касаба уюшмасининг фаолияти эркинлик, мустақиллик, демократизм, ихтиёрийлик, тенг ҳуқуқлик, ўзини-ўзи бошқариш ва қонунийлик тамойилларига асосланади.

1.4. Касаба уюшмасива унингсоҳа бўйича Республика Бирлашган касаба уюшма қўмитаси (бундан буён - “Республика Бирлашган қўмитаси”) ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари Уставда кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун ишлаб чиқариш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, мақсадли жамғармалар, банклар, хусусий ва қўшма корхоналарни ташкил этиши, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда мазкур Уставга зид бўлмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириши мумкин.

1.5. Касаба уюшмаси ўз аъзоларининг манфаатларини ифода этиб, давлат органлари, маҳаллий бошқарув идоралари, иш берувчиларнинг вакилликлари, бошқа жамоат бирлашмалари, юридик шахслар ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Касаба уюшмасининг иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари (уюшма, ассоциация), давлат ҳокимияти ва маҳаллий бошқарув идоралари билан муносабатлари ижтимоий шерикликка, тузилган жамоа шартномалари ва келишувларига ҳамда меҳнат муносабатларида томонларнинг ўзаро ҳамкорлигига асосланади.  

1.6. Касаба уюшмаси жамоат бирлашмаси сифатида давлат рўйхатига олинган вақтдан бошлаб юридик шахс ҳисобланади, ўзининг алоҳида мол-мулкига, банкларда ҳисоб-китоб рақамларига, муҳрига, Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши (бундан буён - “Марказий кенгаш”)Мажлиситомонидан тасдиқланган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган рамзий белгилари(символика)га эга бўлади.

1.7. Касаба уюшмаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг ҳудудларида амалга оширади.

1.8. Касаба уюшмасининг расмий номланиши:

Давлат тилида - Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси (Касаба уюшмаси);

Рус тилида- Профессиональный союз работников связи Узбекистана (Профсоюз);

Инглиз тилида - Trade union of communication workers of Uzbekistan  (Trade union).

1.9. Касаба уюшмасининг жойлашган ери (почта манзили):

- Ўзбекистон Республикаси, 100165, Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 24-уй. 

 

II. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ МАҚСАДИ  ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ 

 

2.1. Касаба уюшмасининг асосий мақсади касаба уюшма аъзоларининг бандлиги, меҳнат муносабатлари, меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнат муҳофазаси, соғлиғини сақлаш ва ижтимоий кафолатларга риоя қилиш масалаларида вакиллигини олиб бориш, умумий ва якка тартибдаги ижтимоий-меҳнат ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

2.2. Касаба уюшмаси ўз аъзолари учун:

-ирқи, миллати, тили, дини, жинси, ёши, ижтимоий келиб чиқиши ва эътиқодидан қатъий назар, касаба уюшма аъзосининг меҳнат қилиш, касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларда ишлаш ва ишсизликдан ҳимоя қилинишга;

-меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат режимининг ижтимоий адолатли тизимини жорий этилишига;

-бўш вақтдан оқилона фойдаланишига;

- ишлаб чиқаришнинг ривожланиш даражасига биноан ходимларнинг малакасини оширилишига ва касб жиҳатдан қайта тайёрланишига;

- меҳнат, атроф муҳит ва меҳнат муҳофазаси қонунларига, қоидаларига ва меъёрларига риоя этилишига;

- ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни йўлга қўйиш, жамоа музокараларини ташкил қилиш, жамоа шартномалари ва келишувлари тузилишига, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширилишига;

- касаба уюшма аъзолари ҳамда уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, жисмоний тарбия, спорт ва оммавий-маданий ишларни ривожлантириш учун база яратилиши ва маблағ ажратилишига;

- давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаш, касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий меҳнат ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишига, барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва фуқаролар тотувлигини сақлаб қолишга;

- касаба уюшма аъзоларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш, касаба уюшма фаоллари фаолиятини кучайтириш ва уларни моддий рағбатлантириш, шунингдек, таркибий бўлинмаларнинг Устав вазифаларини бажаришига молиявий кўмаклашиш мақсадида жамғармалар тузишга;

- жамоат ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар, жумладан касаба уюшма аъзоларининг меҳнат муаммолари, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланадиган халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтиришга;

- касаба уюшма кадрлари ва фаолларининг ўқишини ташкиллаштириш ва ўтказишга, касаба уюшма ишларини ташкил этишда уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатишга эришади.

2.3. Касаба уюшмаси фаолиятининг йўналишлари бўйича аниқ вазифалари ва уларнинг бажарилиш тартиби алоқа ходимлари касаба уюшмаси юқори органи (Қурултой) томонидан белгиланади.

2.4. Касаба уюшмаси ўз аъзоларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида таъқиқланмаган барча усуллардан фойдаланади.

 

III. КАСАБА УЮШМАСИ АЪЗОЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ 

 

3.1. Касаба уюшмасига аъзо бўлиш ихтиёрийдир. Касаба уюшмаси Уставини эътироф этадиган ва бажарадиган, аъзолик бадалини мунтазам тўлаб турадиган, тармоқ корхона ва ташкилотларида ишловчи ходимлар, пенсионерлар, талаба ва ўқувчи ёшлар, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъий назар тадбиркорлар касаба уюшма аъзоси бўлиши мумкин.

Касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқиш якка тартибда фуқаронинг аризасига асосан касаба уюшма гуруҳи, цех ёки касаба уюшма қўмитаси қабул қилади.

Касаба уюшмаси ташкилоти бўлмаган корхона, ташкилот, муассасаларда ходимлар, талабалар ва ўқувчиларни касаба уюшма аъзолигига қабул қилиш касаба уюшма қўмитаси ёки юқори турувчи касаба уюшма ташкилотларининг раёсати томонидан амалга оширилади.

Касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилинган шахсга аъзолик билети топширилади ва аъзолик стажи қабул қилинган вақтдан бошлаб ҳисобланади.

Касаба уюшмаси аъзосига аъзолик билетини ўз вақтида топширилиши учун масъулият бошланғич ва соҳа бўйича Республика Бирлашган касаба уюшма қўмиталарига юклатилади.

3.2. Бир касаба уюшмаси ташкилотидан бошқасига ўтилганда, меҳнат фаолиятини вақтинча тўхтатган касаба уюшма аъзоси, касаба уюшмаси ташкилоти билан алоқани узмаслик ва аъзолик бадалларини тўлаб туриш шарти билан касаба уюшмасида аъзолиги сақланиб қолинади.

3.3. Касаба уюшмаси аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- меҳнат муносабатларига оид масалалар юзасидан давлат, хўжалик органларида касаба уюшмаларининг ҳуқуқий ёрдами ва ҳимоясида бўлиш;

- ўз касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг сайланма органларини сайлаш ҳамда касаба уюшмаси органларига сайланиш;

- касаба уюшмаси тадбирларида иштирок этиш, ўз фикрини эркин ифодалаш, унинг фаолияти бўйича, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали таклифлар киритиш;

- ўз фаолияти ва ҳулқ-атворига тааллуқли масалалар ҳамда ариза, шикоят ва таклифлари бевосита кўриб чиқилаётган йиғилишларда шахсан иштирок этиш;

- касаба уюшмаси органларига ўзининг ижтимоий-иқтисодий, меҳнат ва касаба уюшма ҳуқуқлари ва кафолатларини, шу жумладан суд органларида ҳимоя қилиш бўйича бепул маслаҳат ва ҳуқуқий ёрдам олиш учун мурожаат этиш;

- санатория-курортларда даволаниш, касаба уюшма сиҳатгоҳларида, санатория-профилактория, дам олиш базалари, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиш учун имтиёзли шартларда йўлланмалар олиш, касаба уюшмасининг маданий муассасалари ва спорт иншоотларидан фойдаланиш, шунингдек, касаба уюшмасининг тегишли Низомларида белгиланган тартибда моддий ёрдам олиш;

- касаба уюшмаси органининг тавсиясига асосан тармоқ доирасида ишга жойлашиш бўйича кўмак олиш;

- аризасига кўра касаба уюшмаси аъзолигидан эркин чиқиш.

3.4. Касаба уюшмаси аъзосининг мажбуриятлари:

- мазкур Устав талабларини билиш ва амал қилиш;

- касаба уюшмаси сайланма органлари томонидан қабул қилинган қарорларни бажариш;

- жамоа шартномалари ва келишувлар бўйича мажбуриятларни бажарилишига кўмаклашиш;

- жамиятда ва меҳнат жамоасида одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилиш;

- касаба уюшмасининг нуфузини оширишга ўз ҳиссасини қўшиш;

- касаба уюшмаси фаолиятининг асосий йўналишлари ва тамойиларини билиш;

- бошқа касаба уюшма аъзоларининг Уставга хилоф бўлган ножўя ҳаракатини олдини олиш;

- аъзолик бадалларини ўз вақтида ва белгиланган тартибда тўлаш;

-касаба уюшма ташкилотининг фаолиятида ва тадбирларида шахсан қатнашиш.

3.5. Зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаганлиги учун касаба уюшма аъзосига, танбеҳ бериш ва охирги чора тариқасида касаба уюшма аъзолигидан чиқариш каби жамоат таъсири чоралари қўлланилиши мумкин.

Касаба уюшма аъзолигидан чиқариш ёки жамоат таъсири чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор касаба уюшмасига қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган ёки юқори касаба уюшмаси органи томонидан қабул қилинади.

Қарор учун йиғилишнинг ёки сайлаб қўйиладиган органнинг кворуми мавжуд бўлса, қатнашчиларнинг 2/3 (учдан икки) қисми қарорни ёқлаб овоз берса, у қабул қилинган ҳисобланади.

Касаба уюшма аъзоси йиғилишда иштирок этишини узрсиз рад этганда ҳолларда, жамоат таъсири чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор унинг иштирокисиз ҳам қабул қилиниши мумкин.

Касаба уюшма аъзосига мазкур Уставда белгиланган тартибда берилган жамоат таъсири чораси устидан юқори касаба уюшма органига бир ой муддатда шикоят қилиши мумкин. Агар уни юқори касаба уюшма органи қабул қилган қарор қаноатлантирмаса, юқори касаба уюшма органининг жавоби олинган кундан бошлаб, бир ой муддатда Марказий кенгашга шикоят этиш ҳуқуқига эга.

Касаба уюшмаси аъзосига берилган танбеҳни муддатидан олдин олиб ташлаш масаласи тегишли касаба уюшмаоргани томонидан камида уч ойдан кейин кўриб чиқилади.

Жамоат таъсири чораси қўлланилган кундан бошлаб бир йил ўтганидан сўнг, касаба уюшма аъзоси жазоланмаган ҳисобланади.

Касаба уюшмаси аъзолигидан чиқарилган шахс бир йил ўтганидан кейин унга қайта кириш ҳуқуқига эга.

Касаба уюшмаси аъзолигидан чиқарилган шахс касаба уюшмасининг ҳимоясидан, касаба уюшмаларининг мулки ва воситаларидан имтиёзли фойдаланиш хуқуқини йўқотади.

Касаба уюшма аъзоси касаба уюшмаларининг мулкига нисбатан ўз улушига эга бўлмайди. Касаба уюшма сафидан чиққан ёки чиқарилган аъзонинг улушли мулкка нисбатан даъвоси қаноатлантирилмайди.

3.6. Касаба уюшмаси тадбирида фаол қатнашгани, унинг сайланган органи вазифаларини бажаришдаги иштироки, шунингдек, меҳнатдаги ютуқлари учун касаба уюшма аъзосига:

- ташаккур эълон қилиш;

- аввал қўлланилган танбеҳни олиб ташлаш;

- Фахрий Ёрлиқ бериш;

- касаба уюшма раҳбар органларининг кўкрак нишони топширилиши ҳамда бошқа моддий ва маънавий рағбатлантирилиши мумкин.

 

IV. КАСАБА УЮШМАСИ ФАОЛИЯТИНИНГ ТАМОЙИЛЛАРИ ВА ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛИШИ 

 

4.1. Касаба уюшмаси қуйидаги тамойиллар асосида тузилади ва ўз фаолиятини олиб боради:

- касаба уюшмага аъзо бўлишнинг ихтиёрийлиги, барча аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ундан эркин чиқиш хуқуқи;

- қуйидан юқоригача барча раҳбар органларини сайлаб қўйилиши;

- сайланма органнинг ўз сайловчилари ва юқори касаба уюшма органлари олдида ҳисобот бериши;

- қабул қилинган қарорлар ва уларнинг бажарилишда маслаҳатлашув (коллегиаллик) ва ошкоралик;

- қарор қабул қилишда мунозара эркинлиги;

- касаба уюшма ички интизомига риоя қилиш, озчиликнинг кўпчиликка бўйсуниши;

- юқори касаба уюшмаси органларининг Уставда белгиланган ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларнинг ижроси мажбурийлиги.

4.2. Касаба уюшмасининг ташкилий тузилмаси:

- бошланғич касаба уюшма ташкилотлари (касаба уюшма қўмитаси - КУҚ);

- соҳа бўйича Республика Бирлашган касаба уюшма ташкилотлари (Республика Бирлашган касаба уюшма қўмитаси - РБКУҚ);

- Марказий кенгаш (МК);  

- тафтиш комиссияларидан иборат.

4.3. Касаба уюшмасининг ташкилий тузилмасига ўзгартириш киритиш Марказий кенгаш Мажлиси томонидан,Федерация Кенгаши билан келишилган ҳолда, амалга оширилади.

4.4. Бошланғич касаба уюшма ташкилоти:

Бошланғич касаба уюшма ташкилоти юридик шахс бўлган корхона ва ташкилот ҳамда уларнинг таркибий бўлинмаларида, шунингдек, ўқув муассасаларида касаба уюшма аъзоси камида 3 (уч) нафар бўлганда тузилади.

Бошланғич касаба уюшма ташкилотини тузиш тўғрисида қарор касаба уюшма аъзоларининг Таъсис йиғилиши ёки Конференцияси томонидан қабул қилинади. Касаба уюшма ташкилоти тузилганлиги ҳақида ўн кунлик муддат ичида юқори турувчи ташкилотга маълум қилинади.

Таъсис йиғилиши ёки Конференциянинг қарорига асосан бошланғич касаба уюшма ташкилотини касаба уюшма таркибига киритиш тўғрисидаги қарор соҳа бўйича Республика Бирлашган қўмитаси Раёсати томонидан қабул қилинади.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг сайланма органи касаба уюшма қўмитаси ҳисобланади.

Бошланғич касаба уюшма қўмитасининг қарорига асосан, бошланғич касаба уюшма ташкилоти ичида цех касаба уюшма ташкилоти ва касаба уюшма гуруҳлари тузилиши мумкин.

Соҳа бўйича Республика Бирлашган қўмитаси Раёсати Марказий кенгаш Раёсати билан келишган ҳолда1000(минг)нафардан ортиқ касаба уюшма аъзосига эга бўлган ёки ҳудудий тарқоқлик шароитида ишлаётган бошланғич касаба уюшма ташкилотларига қўмита раёсатини сайлаш, Мажлис, Конференцияларни ўтказиш ва бошқа ҳуқуқларни бериши мумкин.

Бошланғич касаба уюшма ташкилотининг умумий йиғилиши (Конференцияси) унинг юқори органи ҳисобланади.

Бошланғич касаба уюшма ташкилотларида умумиййиғилишлар (Конференция) заруриятга қараб, лекин йилига камида бир марта ўтказилади.

Касаба уюшма ташкилотининг умумий йиғилишларини (Конференция) чақириш имкони бўлмаган бошланғич, цех касаба уюшма ташкилотларида ўша муддатларда смена йиғилишлари ўтказилиши мумкин.

Касаба уюшмасиумумий йиғилиши (Конференцияси)да қуйидагилар 5 (беш) йил муддатга сайланади:

- аъзолари сонидан қатъий назар, касаба уюшма гуруҳларида - касаба уюшмаси гуруҳи ташкилотчисива унинг ўринбосари;

- 30 (ўттиз) нафаргача касаба уюшма аъзосини бирлаштирган бошланғич ва цех касаба уюшма ташкилотида - касаба уюшма ташкилотчиси, унинг ўринбосари ва ғазначи;

- 30 (ўттиз) ва ундан кўп касаба уюшма аъзосини бирлаштирган бошланғич ва цех касаба уюшма ташкилотида - касаба уюшма қўмитаси, цех қўмитаси ва тафтиш комиссияси (ўз мустақил бюджетига эга бўлган касаба уюшма ташкилотларида).    

Касаба уюшма қўмиталари, цех қўмиталарининг йиғилишлари заруриятга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.

Касаба уюшма ва цех қўмиталарининг раислари, касаба уюшма гуруҳи ташкилотчиси, касаба уюшма ташкилотчиси ҳар йили касаба уюшма аъзоларининг умумиййиғилишиёки Конференциясида ўз фаолияти ҳамда аъзолик бадаллари ва хўжалик юритувчи субъектларидан тушган маблағларнинг сарфланиши тўғрисида ҳисобот беради.

Касаба уюшма ва цех қўмиталарининг раислари, касаба уюшма гуруҳи ташкилотчилари ва касаба уюшмаси органининг муддатдан илгари сайлови аъзоларнинг камида 1/3 (учдан бир) қисми талабига, шунингдек, уларнинг ўз ташаббуси билан ёки юқори касаба уюшма раҳбар органининг қарорига биноан ўтказилиши мумкин.

Корхона, ташкилот ёки муассасада мулкчилик шакли ўзгарган тақдирда, касаба уюшма қўмитаси ўз ҳуқуқий мақомини сақлаб қолган ҳолда, фаолиятини давом эттиради.

Бошланғич касаба уюшма ташкилотининг касаба уюшмаси таркибидан чиқишига,соҳа бўйичаРеспубликаБирлашган қўмитаси Раёсатигакамида икки ой олдин берган ёзма мурожаатига асосан йўл қўйилади. Бу муддат ичида бошланғич касаба уюшма ташкилотинингумумий йиғилиши ёки конференциясининг касаба уюшмасидан чиқиш ҳақидаги қарори тақдим этилади.

Таркибдан чиқиш ҳақидаги ҳал қилувчи қарорниМарказий кенгаш Раёсати қабул қилади. 

 

V. СОҲА БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКА БИРЛАШГАН КАСАБА УЮШМА ТАШКИЛОТИ

 

5.1. Федерация Кенгаши Раёсатининг қарорига мувофиқ, Марказий кенгаш Мажлис қарори билан соҳа бўйича Республика Бирлашган касаба уюшма ташкилоти ташкил этилади.

5.2. Республика Бирлашган касаба уюшма ташкилотини тузиш (шакллантириш) Таъсис конференциясида амалга оширилади.

5.3. Республика Бирлашган касаба уюшма ташкилотининг вазифалари ва ваколатлари Марказий кенгаш Раёсати тасдиқлаган Низом билан белгиланади.

 

VI. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ЮҚОРИ ВА САЙЛАНМА ОРГАНЛАРИНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

 

6.1. Касаба уюшмасининг камида 5 (беш) йилда бир марта ўтказиладиган Қурултойиунинг юқори органи ҳисобланади.

Қурултой Марказий кенгаш Мажлисининг қарорига биноан чақирилади. Қурултойни чақириш бўйича вакиллик нормаси ва кун тартиби камида икки ой олдин маълум қилинади.

Касаба уюшмасининг навбатдан ташқари Қурултойи Марказий кенгаш Мажлиси ёки аъзо ташкилотларнинг камида 1/3 (учдан бир) қисмини талабига ёҳуд Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг қарорига биноан чақириши мумкин.

Навбатдан ташқари Қурултойни чақириш ва кун тартиби тўғрисидаги қарор камида бир ой олдин маълум қилинади.

6.2. Касаба уюшмасининг Қурултойи:

- касаба уюшмасини қайта ташкил этиш, тугатиш ва фаолиятини тўхтатиш;

- Устав ва Харакат Дастурини қабул қилиш, уларга ўзгартириш, қўшимчалар киритиш ва тасдиқлаш;

- Қурултойлар оралиғида Уставга ўзгартириш киритиш ҳамда тасдиқлаш ваколатини Марказий кенгаш Мажлисига бериш;

- касаба уюшмаси Марказий кенгаш раисини, Марказий кенгаш аъзоларини сайлаш, белгиланган квотага мувофиқ аъзо ташкилотлар томонидан тўғридан-тўғри вакил йўллаш тамойилига биноан сайланган Марказий кенгаш аъзоларининг ваколатини тасдиқлаш;

- Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қурултойига вакилларни сайлаш;

- Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши таркибига вакилларни сайлаш;

- касаба уюшмасининг тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш ва унинг ваколатларини белгилаш;

- тафтиш комиссиясининг ҳисоботини эшитиш ва тасдиқлаш;

-  Марказий кенгашининг ҳисоботини эшитиш ва фаолиятига баҳо бериш;

Қурултойлар орасида 5 (беш) йил муддатга сайланадиган касаба уюшмаси Марказий кенгаш Мажлиси тармоқ касаба уюшмасининг раҳбар органи ҳисобланади.

Қурултой қарорига биноан унинг айрим ваколатлари Марказий кенгаш Мажлисига берилиши мумкин.

Марказий кенгаш Мажлиси ҳар йили камида бир марта ўтказилади.

6.3. Марказий кенгаш Мажлиси:

- касаба уюшмасининг жорий ишларига раҳбарлик қилади, соҳа бўйича Республика Бирлашган қўмиталари, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларга ёрдам кўрсатади ва қўллаб-қувватлайди;

- касаба уюшмаси Қурултойлари, Федерация Кенгаши Мажлиси ва Раёсати ҳамда ўз қарорлари бажарилишини таъминлайди;

- Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган ҳолда, касаба уюшмасининг кадрлар ва молиявий сиёсатини белгилайди;

- касаба уюшмаси тузилмасини кўриб чиқади, ўзгартиради ва тасдиқлайди;

- Марказий кенгаш бюджетини, касаба уюшма бадалларидан ажратмалар тартиби ва миқдорини Федерация Кенгашининг меъёрий ҳужжатларга амал қилган ҳолдатасдиқлайди;

- касаба уюшмасини қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик жамғармаларини тузади;

- сайланма органларни тузиш тартибини белгилайди;

- Марказий кенгашнинг комиссиялари таркибини тасдиқлайди;

- Марказий кенгаш раис ўринбосарини сайлайди ва вазифасидан озод этади. Сайланган раис ўринбосари айни вақтда, Марказий кенгаш Раёсатининг аъзоси ҳисобланади.

- заруриятга кўра, Марказий кенгаш раисини вазифасидан озод этади ва сайлайди ҳамда Марказий кенгашга янгидан вакил этилган аъзоларнинг ваколатларини тасдиқлайди;

- Қурултой берган ваколатга кўра Федерация Кенгаши таркибига ўз вакилларини сайлайди ва чақириб олади;

- Марказий кенгаш Раёсатини сон жиҳатдан таркибини белгилайди ва шакллантиради;

- касаба уюшмаси Қурултойини чақиради, кун тартиби ва ўтказилиш жойи бўйича таклифлар киритади;

- ўз фаолияти тўғрисида фақат касаба уюшмаси Қурултойига ҳисобот беради;

6.4. Марказий кенгашнинг Мажлислари оралиғида касаба уюшманинг амалдаги доимий раҳбарлик қилувчи органи Марказий кенгаш Раёсати ҳисобланади.

Марказий кенгаш Раёсатининг йиғилишлари заруриятга кўра, ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.

Марказий кенгаш Мажлиси қарорига биноан унинг айрим ваколатлари Марказий кенгаш Раёсатига берилиши мумкин.

6.5. Марказий кенгаш Раёсати:

- касаба уюшмаси Марказий кенгаш Мажлисини чақиради, кун тартиби ва ўтказилиш жойи бўйича таклифлар киритади;

- юқори органлар ва ўз қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

- Республика Бирлашган қўмитаси ва айрим ҳолларда бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раисларини Устав фаолияти бўйича ҳисоботини тинглайди ва қарор қабул қилади;

- касаба уюшмаси манфаатларини давлат, хўжалик ва суд органларида ифодалайди ва ҳимоя қилади;

- давлат органлари ва иш берувчилар билан ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича Тармоқ (Тариф) келишувларини тузади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилишда иштирок этади;

- алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари корхоналари ва касаба уюшмаси таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам, шунингдек, тармоқ даражасидаги меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорига амал қилинишида  жамоатчилик назоратини олиб боради;

- Республика Бирлашган қўмиталарига ва бошланғич ташкилотларга амалий ҳамда услубий ёрдам кўрсатади;

- бошланғич ташкилотнинг касаба уюшмасига кириши, хизмат доирасига олиниши, касаба уюшмасидан чиқиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлайди;

- Федерация Кенгаши билан мувофиқлаштирилган ҳолда, ҳалқаро касаба уюшмалари билан алоқаларни амалга оширади;

- касаба уюшмаси кадрлари ва фаолларини тайёрлаш ҳамда ўқитишни ташкиллаштиради;

- бошланғич ташкилот, соҳа бўйича Республика Бирлашган қўмитаси тўғрисидаги, хуқуқий ва меҳнат муҳофазаси хизматларига оид Низомларни тасдиқлайди;

- соҳа бўйичаРеспублика Бирлашган қўмитаси ва Марказий кенгаш аппаратининг штат жадвали, сарф-харажатлар сметаси (бюджети)ни Федерация Кенгаши Раёсати билан келишган ҳолда тасдиқлайди;

- касаба уюшма ташкилоти органлари томонидан статистик ва бошқа ҳисоботлар рўйхатини ҳамда уларни Марказий кенгашга тақдим этиш даврийлигини белгилайди;

- Марказий кенгашнинг иш режаларини тасдиқлайди;

- соғломлаштиришга йўналтирилган касаба уюшма бюджети ҳамда ижтимоий суғурта маблағларининг сарфланиши бўйича назорат олиб боради;

- касаба уюшмаси кадрлари ва фаолларини рағбатлантириш ва тақдирлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

- касаба уюшмаси аъзоларини давлат ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш тўғрисида тегишли органларга тақдимномалар беради.

6.6. Касаба уюшмаси Марказий кенгаши Раиси:

- касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси бир вақтнинг ўзида Марказий кенгаш Раёсатининг раиси ҳисобланади, тармоқ касаба уюшмаларининг ушбу Уставга мувофиқ фаолияти учун жавобгардир;

- Марказий кенгаш фаолиятини ташкил қилади, унинг сайланма органлари қарор қабул қилишида берилган ёқловчи ва қарши овозлар тенг бўлиб қолса, ҳал қилувчи овоз ҳуқуқига эга;

- Марказий кенгаш раиси ўринбосарини лавозимига сайлаш учун номзодлар хусусида Марказий кенгаш Мажлисига таклифлар киритади;

- Марказий кенгаш ва Республика Бирлашган қўмитаси аппаратларини шакллантиради, уларнинг ишига умумий раҳбарлик қилади ва ходимлар билан, шунингдек, Конференция берган ваколатга мувофиқ, Республика Бирлашган қўмитаси раиси лавозимига сайланган шахслар ҳамда асосий ишидан озод этилган касаба уюшма қўмитаси раислари билан меҳнат шартномасини тузади;

- касаба уюшмасининг пул маблағлари ва мулкини ушбу Уставда белгиланган тартибда тасарруф этади;

- ушбу Уставга мувофиқ, касаба уюшмасининг раҳбар органлари томонидан унга ваколат берган бошқа вазифаларни бажаради.      

6.7. Соҳа бўйича Республика Бирлашган касаба уюшмаси ташкилотнинг Конференцияси:

Конференция заруриятга кўра, лекин 5 (беш) йилда камида бир марта ўтказилади.

Конференция Республика Бирлашган қўмитасинингМажлисқарорига асосан чақирилади.

Конференцияни чақириш, вакиллик нормаси, кун тартиби тўғрисида камида икки ой олдинмаълум қилинади.

Республика Бирлашган қўмитаси таркибига кирган бошланғич ташкилотларнинг камида 1/3 (учдан бир) қисми талабига ёки юқори турувчи касаба уюшма органинг қарорига асосан навбатдан ташқари Конференция чақирилиши мумкин.

Навбатдан ташқари Конференцияни чақириш, кун тартиби тўғрисида камида бир ой олдин маълум қилинади.

6.8. Бошланғич касаба уюшма ташкилотининг умумий йиғилиши (Конференцияси):

Бошланғич ташкилотнинг умумий йиғилиши (Конференцияси) унинг олий органи ҳисобланади.

Бошланғич ташкилотнинг умумий йиғилиши (Конференцияси) заруриятга кўра, аммо йилига камида бир марта ўтказилади.

Айрим ҳолларда, яъни ҳудудий жиҳатдан тарқоқ бўлганлиги, аъзолар сони кўплиги ёки бошқа сабаблар туфайли бошланғич ташкилотнинг умумий йиғилиши ўрнига Конференцияси ўтказилиши мумкин.

Бошланғич ташкилотининг умумий йиғилиш (Конференцияси)ни чақириш, вакиллик нормаси ва кун тартиби тўғрисидаги қарор камида 3 (уч) кун олдин эълон қилинади.

Бошланғич ташкилотининг навбатдан ташқари умумий йиғилиш (Конференцияси) касаба уюшмаси қўмитаси (Раёсати) қарори билан ўз ташаббусига кўра, бошланғич ташкилот аъзоларнинг камида 1/3 (учдан бир) қисмининг талабига кўра ёки юқори турувчи касаба уюшмаси органинг қарорига мувофиқ чақирилади.

6.9. Умумий йиғилиш ва Конференция:

- қўмита раисини сайлаш;

- қўмита аъзоларини сайлаш;

- тафтиш комиссия аъзоларини сайлаш;

- касаба уюшмаси қўмитаси ва тафтиш комиссиясининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;

- юқори органларнинг таркибига вакилларни сайлаш;

6.10. Бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси:

- ходимларнинг ишлаб чиқариш, меҳнат, маиший, жисмоний тарбия, соғломлаштириш ва маданият соҳаларида қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ифодалайди ҳамда ҳимоя қилади;

- жамоа шартномасини тузиш бўйича иш берувчи билан музокара олиб бориш учун касаба уюшма вакилларини юборади;       

- меҳнатга ҳақ тўлаш тизими, тариф ставкалари (иш хақи) миқдори, моддий ёрдам ва рағбатлантириш шаклларини белгилашда иштирок этади;

- ходимлар ва уларнинг фарзандларини санаторийларда ва болалар оромгоҳларида соғломлаштиришни ташкил этади ҳамда йўлланмалар учун йўналтирилган маблағларни мақсадли сарфлайди;

- иш берувчи томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши, жамоа шартномаси ва келишувларини, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича битимлар бажарилишини, меҳнат муносабатларига оид тартиб-қоидаларга амал қилинишини, ходимлар меҳнати, саломатлиги ва турмуш шароитини яхшилаш бўйича ишларни амалга оширилишини ҳамда ушбу мақсадларга ажратилган маблағлардан фойдаланишини назорат қилади;

- меҳнат жамоасини ижтимоий ривожлантиришнинг жорий ва истиқбол режаларини ишлаб чиқишда, якка тартибдаги ва жамоаларга доир меҳнат низоларини ҳал қилишда қатнашади;

- ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги иш берувчининг тақдимномасини кўриб чиқади;

- бошланғич касаба уюшма ташкилоти тузилишини белгилайди, цех ташкилоти ва касаба уюшма гуруҳини тузиш ёки тугатиш бўйича юқори касаба уюшма раҳбар органи билан келишган ҳолда қарор қабул қилади;

- касаба уюшма аъзоларини ҳисобга олиш ва касаба уюшма фаолларини ўқитишни ташкиллаштиради;

- касаба уюшма фаолиятининг йўналишлари бўйича доимий ва вақтинчалик комиссиялар тузади;

- бошланғич касаба уюшма ташкилотининг жорий ишларини ташкил этади;

- ходимларни касаба уюшмага жалб қилади;

- умумий йиғилиш ёкиКонференцияни чақириш тўғрисида қарор қабул қилади;

- касаба уюшма йиғилишлари, Конференциялари, юқори касаба уюшма раҳбар органларининг ва ўз қарорларини бажарилишини таъминлайди;

- амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, уларнинг ихтиёрида қолдирилган маблағлардан касаба уюшма бюджетини ва сарф-харажатлар сметасини юқори касаба уюшма органлари билан келишилган ҳолда тасдиқлайди ҳамда мазкур маблағларни Уставда белгиланган мақсадларга сарфлайди;

- умумий йиғилиш ёкиКонференция томонидан унга топширилган бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.

Касаба уюшмаси қўмитаси цех қўмиталарига бошланғич ташкилот ваколатига кирадиган айрим ҳуқуқларни бериши мумкин.

Цех касаба уюшма қўмитасига берилиши мумкин бўлган ҳуқуқлар доирасини Республика Бирлашган қўмитаси Раёсати, Марказий кенгаш Раёсати билан келишилган ҳолда, белгилайди. 

 

VII. ҚУРУЛТОЙ, КОНФЕРЕНЦИЯ, МАЖЛИС ВА ЙИҒИЛИШЛАРНИ ВАКОЛАТЛИ БЎЛИШИ,

ҚАРОРЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИ

 

7.1. Касаба уюшмаси Қурултойи, Мажлиси, Конференцияси ва йиғилишларида (бундан буён - “сайланма орган”) вакил қилинган шахсларнинг камида 2/3 (учдан икки) қисми иштирок этганда, улар ваколатли ҳисобланади.

7.2. Сайланган вакилларнинг ваколатлари Қурултой, Конференцияни чақираётган касаба уюшма органларининг раёсати, қўмитаси томонидан тасдиқланади.

7.3. Касаба уюшмаси сайланма органларининг қарорлари, уларда қатнашаётган вакиллар ёки аъзоларнинг ярмидан кўпи ёқлабовоз берган тақдирда, қабул қилинган ҳисобланади.

7.4. Касаба уюшмаси Марказий кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисидаги қарор учун йиғилишда қатнашаётган вакилларнинг камида 2/3 (учдан икки) қисми овоз берган тақдирда, қабул қилинган ҳисобланади.

7.5. Овоз бериш усули (очиқ ёки ёпиқ) Қурултой, Конференция вакиллари, йиғилиш иштирокчилари, сайлаб қўйилган орган аъзолари томонидан белгиланади.

7.6. Заруриятга кўра Қурултой, Мажлис, Конференциялар видеоконференция тарзида ўтказилиши мумкин.

 

VIII. КАСАБА УЮШМАСИ ТАФТИШ КОМИССИЯЛАРИ

 

8.1. Тафтиш комиссиялари ўз фаолиятида мустақил бўлиб, вазифаларни қонун ҳужжатларига, мазкур Уставга ҳамда фаолиятга таалуқли Низомга мувофиқ бажаради. Улар фақат ўзларини сайлаган раҳбар орган олдида ҳисобот беради.

8.2. Касаба уюшмаси таркибий бўлинмаларининг тафтиш комиссияси тегишли йиғилиш ва Конференцияларда, Марказий кенгашнинг тафтиш комиссияси Қурултойда ушбу Уставда белгиланган сайланма органнинг ваколат муддатига сайланади.

8.3. Касаба уюшмаси Марказий кенгаши аъзолари, шунингдек, касаба уюшмасининг штат ходими ҳисобланган шахслар тафтиш комиссияси аъзолари бўлиши мумкин эмас.

8.4. Тафтиш комиссиясининг раиси, ўринбосари ва котиби мазкур комиссиянинг биринчи йиғилишида сайланади.

8.5. Марказий кенгашнинг тафтиш комиссияси ҳар қандай даражадаги касаба уюшмаси органининг Уста в талаблари бўйича олиб бораётган фаолиятини тафтиш қилади ва текширади, бошланғич ва таркибий бўлинмаларнинг тафтиш комиссияларига услубий ёрдам кўрсатади, тавсиялар беради, касаба уюшмаси органлари молия-хўжалик фаолиятини текширув ёки тафтишдан ўтказиш масалалари бўйича тушунтиришлар беради.

8.6. Тафтиш комиссиясининг қарори ва далолатномалари тегишли касаба уюшмаси томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиши ҳамда улар бўйича чора-тадбирлар белгиланиши шарт.

8.7. Тафтиш комиссия аъзолари тегишли касаба уюшмаси сайланма орган йиғилишининг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан қатнашади.

8.8. Тафтиш комиссияларининг фаолияти Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Назорат-тафтиш комиссияси томонидан ҳам мувофиқлаштириб ва йўналтирилиб борилади.

 

IX. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ МАБЛАҒЛАРИ ВА МУЛКИ

 

9.1. Касаба уюшмаси ушбу Уставда назарда тутилган фаолиятни моддий таъминлаш учун зарур бинолар, иншоотлар, жиҳозлар, транспорт ва техник воситалар, инвентар, маданий-оқартув ва соғломлаштиришга мўлжалланган бинолар, пул маблағлари, қимматли қоғозлар, корхоналар ҳамда қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа мол-мулкка эгалик қилиши мумкин.

9.2. Касаба уюшмасининг пул маблағлари кириш ва ҳар ойлик аъзолик бадаллари, ихтиёрий ажратмалар ва хайр-эҳсондан, тадбирлар ўтказишдан, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромаддан, шунингдек, қонун билан таъқиқланмаган бошқа тушумлардан иборат.

Касаба уюшмаси ўзига тегишли маблағидан фаолиятини таъминлашда фойдаланади ва уларниЎзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати билан келишган ҳолдакасаба уюшмаси Марказий кенгаш Раёсати тасдиқлаган сметага мувофиқ сарфлайди.

9.3. Касаба уюшмаси органлари ўз маблағларини исталган банкка қўйиш, акцияларни сотиб олиш, ссудалар бериш, банкдаги пул маблағларини белгиланган тартибда депозитга қўйиш, ўз мулкларини ижарага бериш ҳуқуқига эгадир.

9.4. Касаба уюшмаси Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига биноан ўз мулкига эгалик қилади, улардан фойдаланади ва тасарруф этади.

Қурултой касаба уюшмаси ва унинг таркибий бўлинмаларининг пул маблағи ҳамда мол-мулкининг эгаси ҳисобланади.

9.5. Касаба уюшмаси аъзоларидан ҳар ойлик аъзолик бадалларини йиғиш вазифаси бошланғич ташкилотлар зиммасига юкланади.

Бошланғич ташкилотлар аъзолик бадалларини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга мувофиқ,сайланма органлар тасдиқлаган сметага биноан сарфлайдилар.

9.6. Мазкур Уставда назарда тутилган фаолияти натижасида бошланғич ташкилотларда вужудга келган пул маблағлари ва сотиб олинган мулк улар ихтиёрига ўтиб, алоҳида балансда ҳисобга олинади.

9.7. Аъзолик бадаллари ойлик иш ҳақи (стипендия)нинг 1 (бир) фоизи миқдорида белгиланади.

9.8. Ишламайдиган пенсионерлар, узрли сабаблар бўйича вақтинчалик ишини тўхтатган шахслар аъзолик бадалларини, белгиланган энг кам иш ҳақи ёки пенсиянинг 1 (бир) фоизи миқдорида тўлайдилар.

9.9. Якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган шахслар аъзолик бадалларини йиллик даромади тўғрисидаги декларацияда кўрсатилган маблағнинг 1 (бир) фоизи миқдорида йилда бир марта тўлаши мумкин.

9.10. Аъзолик бадалларини тўлашдан қўйидаги касаба уюшма аъзолари озод қилинади:

- стипендия олмайдиган талабалар;

- бола туғилиши ва бола парвариши билан боғлиқ таътилдаги аёллар;

- 50 (эллик) ва ундан кўп йил касаба уюшма стажига эга бўлган касаба уюшма аъзолари;

- касаба уюшмаси Марказий кенгаши Раёсатининг қарори бўйича касаба уюшмасининг бошқа аъзолари.

9.11. Касаба уюшмаси аъзолигидан чиққан ёки чиқарилган шахсларга улар тўлаган аъзолик бадаллари қайтарилмайди.

 

X. МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ

 

10.1. Касаба уюшмасининг сайланма лавозимдаги ходимлари билан 5 (беш) йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга меҳнат шартномасини тузиш хуқуқи (иш берувчи ваколати) раҳбар органлар орқали:

- Марказий кенгаш раисига нисбатан - касаба уюшмаси юқори раҳбар органи (Қурултой, мажлис) ваколат берган Раёсат аъзосига;

- Марказий кенгаш раис ўринбосарига нисбатан - Марказий кенгаш раисига;

- Республика Бирлашган қўмитаси раисига нисбатан - Марказий кенгаш раисига;

- Бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари раисларига нисбатан - Марказий кенгаш раисига ёки умумий йиғилиш (Конференция) ваколат берган шахсга юклатилади.

10.2. Сайланма лавозимдаги ходимлар билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш ва бекор қилиш, меҳнат шартларини ўзгартириш, уларни интизомий ва моддий жавобгарликка тортиш бўйича қарорни фақат, уларни мазкур лавозимга сайлаган органнинг олдиндан розилиги билан қабул қилиниши мумкин.

10.3. Касаба уюшмасининг сайланма лавозимдаги ходимлари билан меҳнат муносабатлари сайланма лавозимдаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш тўғрисидаги Низомга асосан амалга оширилади.

Мазкур Низом касаба уюшмаси ишини тўлов асосида бажарувчи аппарат ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар билан меҳнат муносабатлари умумий тартибда яъни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига асосан тартибга солинади.

 

XI. КАСАБА УЮШМАЛАРНИНГ ЮРИДИК ШАХС МАҚОМИ

 

11.1. Касаба уюшма ташкилотлари:

- қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда рўйхатга олинган вақтдан бошлаб юридик шахс ҳисобланади;

- ўз номидан мулкий ва номулкий ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни бажаради, судда даъвогар ва жавобгар бўлиб қатнашади;

- Марказий кенгаш Раёсати тасдиқлаган намуна бўйича муҳри ва штампига, рамзий белгисига, расмий иш қоғозлари (бланка)га, банкларда ҳисоб-китоб рақамларига эга бўлади.

  

XII. КАСАБА УЮШМАСИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ, ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ ВА ТУГАТИШ 

 

12.1. Касаба уюшмасининг фаолиятини қайта ташкил этиш, тўхтатиш ва тугатиш Қурултой қарорига кўра, шунингдек, қонунда кўзда тутилган тартибда амалга оширилиши мумкин.

12.2. Қурултойнинг касаба уюшмаси фаолиятини қайта ташкил этиш, тўхтатиш ва тугатиш ҳақидаги қарори, агар уни Қурултойда иштирок этган вакилларнинг камида 2/3 (учдан икки) қисми ёқлаб овоз берган тақдирда, қабул қилинган ҳисобланади.

12.3. Касаба уюшмасининг фаолияти тугатилганда, барча қарзлар ва мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган маблағ, мол-мулк ушбу Уставда кўзда тутилган ва Қурултойнинг қарори билан белгиланган мақсадларга йўналтирилади.

 

XIII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

 

13.1.Ушбу Уставга ўзгартириш, қўшимчаларни киритиш ва тасдиқлашга касаба уюшмасининг юқори раҳбар органи (Қурултой), Уставда назарда тутилган ҳолларда эса, Марказий кенгаш мажлиси хақлидир.

13.2.Уставга ўзгартириш, қўшимчалар киритиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, агар уни Қурултой вакилларининг камида 2/3 (учдан икки) қисми ёқлаб овоз берган тақдирда, қабул қилинган ҳисобланади.

13.3. Мазкур Уставни ўзбек ва рус тилларида шарҳлаш ҳуқуқи Марказий кенгаш Мажлисига, мажлислар оралиғида эса - Марказий кенгаш Раёсатига берилган.

  

 

 

©2008-2024 O'zbekiston aloqa xodimlari kasaba uyushmasi markaziy kengashi