22.12.2024
ico-rss

Ishonch telefoni / Телефон доверия

(+99871) 2565685

Аъзолар сони 15 нафар ва ундан кам бўлган бошланғич ташкилотларда касаба уюшмаси фаолиятини ташкил этиш юзасидан ТАВСИЯЛАР

Т А В С И Я Л А Р

Мазкур тавсиялар касаба уюшмаси аъзолари сони 15 нафардан кам бўлган бошланғич ташкилот фаолиятини ташкил этишга оид бўлиб, кам сонли бошланғич ташкилотларда ортиқча қоғозбозлик, расмиятчиликни камайтириш, фаолиятни енгиллаштиришга қаратилган.

Касаба уюшмаси аъзолари сони 15 нафаргача бўлган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотида – касаба уюшмаси ташкилотчиси, унинг ўринбосари ва ғазначиси (агар ҳисоб рақами мавжуд бўлса) бошланғич ташкилотнинг умумий йиғилишида 5 йил муддатга сайланади.

Умумий йўналиш

Аъзолари сони 15 кишидан кам бўлган бошланғич ташкилотларда асосий эътибор жамоа шартномасини имзоланиши ва бажарилишига қаратилади.

Жамоа шартномасида тарафларнинг кўзда тутилган мажбуриятларини тўлиқ бажарилишни таъминлаш, иш ҳақи, меҳнат муҳофазаси, ҳуқуқий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратиш бошланғич ташкилот фаолиятининг асосини ташкил этади ва самарали ишлаётганлигини кўрсатади.

Йиғилишларни ўтказиш

Бошланғич ташкилот умумий йиғилиши йилнинг бошида ўтказилиб, унда бошланғич ташкилотнинг ўтган йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинади, жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинади.

Жамоа шартномасининг йил якунлари бўйича бажарилиши юзасидан меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ва касаба уюшмаси ташкилотининг йил якунлари бўйича умумий йиғилишларини бир вақтнинг ўзида ўтказиш тавсия этилади.

Мазкур йиғилишда дастлаб касаба уюшмаси ташкилотчиси йиллик фаолият ҳамда жамоа шартномасининг бажарилиши юзасидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот беради. Иккинчи бўлиб корхона иш берувчиси жамоа шартномасидаги бандлар бажарилиши юзасидан ҳисобот беради.

Кун тартибидаги кейинги масалаларда жамоа шартномасининг бажарилишини ўрганиш якунлари бўйича комиссия ҳисоботи ва келгуси йил учун жамоа шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари муҳокама қилинади ва тегишли қарорлар қабул қилинади.

Амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида жамоа шартномаси бажарилиши муҳокамасига бағишланган меҳнат жамоаси умумий йиғилишининг баёнини алоҳида, касаба уюшма ташкилоти умумий йиғилишининг баёнини алоҳида расмийлаштириш тавсия этилади.

Бошланғич ташкилотдан йил давомида бошқа умумий йиғилиш ўтказиш талаб қилинмайди. Зарур ҳолларда, бошланғич ташкилотнинг ташаббуси билан умумий йиғилиш ўтказилиб, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, моддий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий кўмак бериш, санаторийлар, дам олиш уйлари ва болалар оромгоҳларига йўлланмалар ажратиш масалалари кўриб чиқилиши мумкин.

Иш режаларига оид

Ушбу тоифадаги бошланғич ташкилотлар ёки ўзлари алоҳида иш режаларини тасдиқлашлари, ёки бошланғич ташкилот томонидан амалга ошириладиган маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, турли давра суҳбатлари, учрашувлар ва бошқа тадбирлар улар касаба уюшма хизматида бўлган бирлашган қўмита, туман (шаҳар), Республика кенгашларининг ярим йиллик ёки йиллик иш режаларида алоҳида бўлим сифатида, умумий тарзда акс эттирилиши мумкин.

Шу боис туман (шаҳар), Республика кенгашлари ёки бирлашган қўмиталар ярим йиллик ёки йиллик иш режаларини ишлаб чиқишда аъзолари кам сонли бўлган бошланғич ташкилотлар иштирокида ўтказиладиган тадбирлар ўтказишни инобатга олади.

Бундай ҳолда, бошланғич ташкилотлар бевосита юқори касаба уюшмаси органининг иш режалари асосида ўтказиладиган турли тадбирларда ўз вакиллари иштирокини таъминлайдилар.

Ҳужжатларни юритиш

Бу тоифадаги бошланғич ташкилотларда ҳужжатлар йиғма жилдини (номенклатурасини) қуйидагича юритилиши тавсия этилади:

1. Умумий йиғилиш баённомалари, йиғилишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар.

2. Жамоа шартномаси ва унинг бажарилиши бўйича ҳужжатлар;

3. Юқори касаба уюшмалари ташкилотларидан келган ҳужжатлар;

4. Юқори касаба уюшмалари ташкилотларига юборилган ҳужжатлар;

5. Бошланғич ташкилот фаолиятига оид статистик ҳисоботлар (барча йўналишлар бўйича).

6. Ташкил этилган тадбирларни қайд қилиш китоби.

7. Бошланғич ташкилотнинг таъсис хужжатлари, гувоҳномалари, бошланғич ташкилотлар тўғрисидаги Низом ва бошланғич ташкилотнинг паспорти.

Қулайлик ва енгиллик яратиш мақсадида йиғилиш баёнларини компьютерда чоп этиш ёки қўлёзма шаклида китобда қайд этиш йўли билан расмийлаштириш мумкин.

Жамоа шартномасини тузиш ва бажарилишига оид ҳужжатларни ҳам минималлаштириш мақсадида, жамоа шартномасининг ўзи, уни йилда бир марта бажарилишини муҳокама қилиш билан боғлиқ умумий йиғилиш қарори ва бажарилишини текшириш далолатномаси етарли бўлади.

Бошланғич ташкилотнинг алоҳида дастурини тузмаслик учун йил дастурлари бўйича бошланғич ташкилот томонидан амалга оширилиши лозим бўлган масалалар корхона, ташкилот, муассасанинг йил дастурига киритилишига эришиш тавсия этилади.

Кам сонли бошланғич ташкилотларга ҳужжатларни асосан электрон кўринишда етказиб бериш тавсия этилади. Имконияти мавжуд (тегишли компьютер техникаси билан таъминланган) бошланғич ташкилотда юқори ташкилотлардан келган ҳужжатларни электрон кўринишда сақлаш мумкин, уларни албатта печатлаш шарт эмас.

Бундай имконияти бўлмаган бошланғич ташкилотларга ҳужжатлар қоғоз кўринишида етказилади ва уларни ҳаммасини битта папкада йиғиш ва олинганлигини қайд қилиб қўйиш мумкин.

Юқори ташкилотларнинг қарори асосида бошланғич ташкилотнинг қарорини қабул қилиш фақат зарур ҳоллардагина (асосан агар шу бошланғич ташкилот фаолияти юқори касаба уюшма органи йиғилишида эшитилган ва бу бўйича қарор қабул қилинган бўлса) амалга оширилади. Бошқа ҳолларда қарорда белгиланган вазифалар бажарилишини ташкил қилиш етарли бўлади.

Бошланғич ташкилот томонидан ўтказилган тадбирларга маблағ ҳаражат қилинсагина белгиланган тартибда қарор ва молиявий хужжатлар расмийлаштирилади. Маблағ ҳаражат қилинмаган ҳолда ташкил этилган тадбирлар («Маънавият соатлари», давра суҳбатлари, учрашувлар, кечалар ва шу кабилар) ўтказилганлиги тўғрисида «Ташкил этилган тадбирларни қайд қилиш китоби»га тегишли ёзувни киритиб қўйиш етарли бўлади (тадбирнинг номи, ўтказилган санаси, мавзуси ва иштирокчилар сони).

Ҳисоботларни топшириш

Юқори ташкилотлар кам сонли бошланғич ташкилотлардан ҳисоботларни (молиявий масалалар, йўлланмалар бўйича ҳисоботлар бундан мустасно) телефон орқали қабул қилишлари мумкин. Бундай ҳолда ҳисоботларни қайд этиш учун алоҳида дафтар тутилиб, унда ҳисобот шаклини рақами, қачон қабул қилинганлиги, ҳисоботни телефон орқали узатган ва қабул қилиган шахсларнинг фамилиялари қайд этиб қўйилади.

©2008-2024 O'zbekiston aloqa xodimlari kasaba uyushmasi markaziy kengashi