Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини
ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида
2014 йил 8 сентябрда 235-сон билан рўйҳатга олинган
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Тармоқ келишуви (бундан буён матнда - Келишув деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига, Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2014-2016 йиллар учун тузилган БОШ КЕЛИШУВга ва бошқа амалдаги қонун ҳужжатлари асосида, шунингдек, соҳада меҳнатнинг ҳуқуқий муносабатларини тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаситомонидан қабул қилинган норматив-хуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган.
1.2. Келишув соҳа ходимларининг ижтимоий-меҳнатга оид ва у билан боғлиқ бўлган иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи ягона принципларни ўрнатувчи ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
1.3. Келишув Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида 2014-2016 йилларга мўлжалланган давр учун тузилган.
II. КЕЛИШУВ ТОМОНЛАРИ
2.1. Мазкур Келишув томонлари қуйидагилар ҳисобланади:
бир томондан - Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси (бундан буён матнда – Иш берувчи деб юритилади) - Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича вазифаларни ҳал қилиш ваколатига эга бўлган, давлатнинг ишончли вакиллари орқали иштирок этадиган, мувофиқлаштирувчи бошқарув органи, хўжалик юритувчи субъектлар иш берувчиларининг вакили сифатида намоён бўладиган Давлат қўмитаси;
иккинчи томондан - Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳаси ходимларининг ваколатли органлари – касаба уюшмалари номидан Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши (бундан буён матнда – Касаба уюшмаси деб юритилади).
Келишув томонлари ўзаро муносабатларини ижтимоий-шериклик, ижтимоий–меҳнат муносабатларини жамоа-шартномовий тартибга солиш ва ушбу Келишув қоидаларини сўзсиз бажариш принциплари асосида олиб борадилар.
III. КЕЛИШУВНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИ
3.1. Келишув томонлар имзолаган кундан бошлаб кучга киради ва 2016 йил 31 декабргача амал қилади.
3.2. Томонлар Келишувнинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки янги Келишув тузиш тўғрисидаги масалани унинг амал қилиш муддати тугашидан3 ой илгари муҳокама қилишга келишиб олдилар.Агар томонлар Келишувнинг амал қилиш муддатининг узайтирилиши тўғрисидаги масалани муҳокама қилмаган бўлсалар, у ҳолда Келишув уч йилга узайтирилади.
3.3. Келишувга ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш томонларнинг ўзаро розилигига кўра, қўшма қарор билан расмийлаштирилади.
IV. КЕЛИШУВНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ СОҲАСИ
4.1. Келишувнинг амал қилиши Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги барча хўжалик юритувчи субъектларга тааллуқлидир.
Мазкур Келишув қоидалари хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз Тариф келишувларини, Ягона жамоа шартномаларини ва жамоа шартномаларини тузиш йўли билан амалга оширилади.
4.2. Томонлар ушбу Келишувнинг белгиланган амал қилиш муддати давомида ўз зиммасига олган мажбуриятларининг бажарилишини бир томонлама тўхтатишига йўл қўйилмайди.
V. ТОМОНЛАР МАЖБУРИЯТЛАРИ
5.1. Томонлар Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун шароитлар яратишга харакат қиладилар.
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳаси тизимидаги акциядорлик жамият ва компанияларда Иш берувчилар ҳамда Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши билан Тариф келишувлари ва Ягона жамоа шартномасини, шунингдек корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномасини иш берувчилар ва касаба уюшма қўмиталари билан март ойидан кечиктирмай тузиш тавсия этилади.
5.2. Давлат қўмитаси ва иш берувчилар:
- касаба уюшмасини - хўжалик юритувчи субъект ходимларининг мухтор вакили сифатида;
- меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларни ва меҳнат низолари бўйича комиссия аъзоларини меҳнат жамоаларининг вакили сифатида тан олади.
5.3. Республика кенгаши Давлат қўмитаси билан ҳамкорликда акциядорлик компаниялари ва жамиятлари билан Тариф келишувлари ёки ягона Жамоа шартномаларини тузиш орқали мазкур Келишув шартларини амалга ошириш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олади ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, тегишли иш берувчилар ҳамда касаба уюшмаси сайланма органлари ўртасида жамоа шартномаларининг қабул қилинишига эришади.
5.4. Тузиладиган жамоа шартномалари, уларга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур Келишув ва Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари қоидаларини бузмаслиги (ёки салбий таъсир кўрсатмаслиги) керак. Тармоқ келишуви акциядорлик компаниялари, жамиятлари учун ўзларининг Тариф келишувлари ёки ягона Жамоа шартномаларини тузишнинг асосий принциплари ва ёндашувларини белгилайди.
5.5. Иш берувчи ва касаба уюшма органи Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида ўз ходимлари учун ушбу Келишув шартларига қараганда янада кенгроқ ижтимоий кафолатларни назарда тутиш ҳуқуқига эга.
5.6. Иш берувчилар локал ҳужжатларга (меҳнат шартномаси, ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномаси, лавозим йўриқномалари ва ҳ.к), амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ва ушбу Келишув шартларига зид келадиган шартларни киритмасликлари керак.
5.7. Иш берувчилар хўжалик юритувчи субъектнинг ўз маблағлари ҳисобидан касаба уюшмаси қўмиталари Уставида белгиланган фаолиятларини амалга оширишлари учун уларни хона, транспорт, алоқа, ташкилий, замонавий техника воситалари, канцелярия моллари билан таъминлайдилар.
5.8. Томонлар қуйидаги масалаларни кўриб чиқиб, муҳокама этиб, улар бўйича қарорлар қабул қиладилар:
5. 8.1. ҳақ тўлаш, жумладан, иш ҳақи ва даромадларини ошириш, меҳнатни меъёрлаш;
5.8.2. бандликни таъминлаш;
5.8.3. меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ва ходимларнинг меҳнати ҳамда соғлиғини муҳофаза қилиш шароитларини яхшилаш;
5.8.4. ходимлар учун ижтимоий кафолатларни белгилаш;
5.8.5. ходимлар меҳнатини рағбатлантириш, шу жумладан ишдаги муваффақиятлари ва меҳнатдаги алоҳида хизматлари учун ходимларни тақдирлаш ва мукофотлаш;
5.8.6. ваколатлари доирасида ходимларнинг ижтимоий кафолатларини ошириш масалалари бўйича, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларга таклифлар киритиш;
5.8.7. аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатларни жорий этиш;
5.8.8. маънавий-маърифий ишлар, жисмоний тарбияни оммалаштириш ишлари, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш;
5.8.9. касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг қонуний ҳуқуқларига риоя этиш, уларнинг қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда тузилишига ва фаолият юритишига тўсқинлик қилинишига йўл қўймаслик;
5.8.10. касаба уюшма ташкилоти рахбарларини хўжалик бошқарув органларининг таркибига киритиш.
5.9. Иш берувчилар ушбу Келишув ва жамоа шартномаларида кўзда тутилмаган ижтимоий масалалар бўйича қарорлар қабул қилингунга қадар, тегишли касаба уюшмаси органлари билан дастлабки маслаҳатларни ўтказадилар ҳамда уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга оладилар.
5.10. Касаба уюшмаси органлари хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳар йиллик бизнес-режаларини ишлаб чиқишда иштирок этадилар.
5.11. Иш берувчилар барча таркибий бўлинмаларни Тармоқ, Тариф келишувлари ҳамда жамоа шартномалари билан таъминлайдилар ва барча ходимларни унинг мазмуни билан таништириш учун тегишли чоралар кўрадилар.
5.12. Томонлар қуйидагиларни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар:
5.12.1. касаба уюшмаси аъзолик бадалини тўлаш ходимлар ва талабаларнинг ёзма розилиги билан хўжалик юритувчи субъект ва ўқув муассасалари бухгалтерияси орқали пул ўтказиш ва уни иш ҳақи тўлови билан бир вақтда тўлашнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш, касаба уюшмаси аъзолик бадалининг ўз вақтида ўтказилиши учун жавобгарликни шахсан бош ҳисобчи зиммасига юклатилишини белгилаб қўйиш;
5.12.2. хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағлариданкасаба уюшмаси қўмиталарига маданий-оммавий, спорт ва соғломлаштириш ишлари учун Тариф келишувлари, Ягона жамоа шартномалари ва жамоа шартномаларида кўрсатилган миқдорда пул ўтказишларни амалга ошириш;
5.12.3. хўжалик юритувчи субъектнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартиришда меҳнат жамоасининг фикрини инобатга олиш.
5.13. Касаба уюшмалари меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширадилар, ходимларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга кўмаклашадилар, касаба уюшма аъзолари орасида меҳнат ва ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган тушунтириш ва ташкилий ишларни олиб борадилар, низоли вазиятларнинг олдини олиш чораларини кўрадилар.
Касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини муҳофаза қиладилар, меҳнат қонунчилигига риоя қилиш, меҳнат муҳофазаси ва бошқа масалалар бўйича бепул маслаҳат берадилар ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатадилар.
5.14. Меҳнат соҳасидаги мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда бошқа томонга зарар етказган меҳнат шартномаси томонлари (иш берувчи ва ходим)дан бири зарар етган томонга меҳнат тўғрисидаги қонун хужжатлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларга асосан ушбу зарарни қоплайди.
Меҳнат шартномасида ёки унга ёзма шаклда тузиладиган қўшимча битимда меҳнат шартномаси томонларининг моддий жавобгарлиги аниқлаштирилиши мумкин. Бунда иш берувчининг ходим олдидаги жавобгарлиги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли нормаларида кўзда тутилганидан паст бўлмаслиги, ходимнинг иш берувчи олдидаги жавобгарлиги эса юқори бўлмаслиги керак.
5.15. Соҳа тизимидаги акциядорлик компания ва жамиятлар раҳбарлари ҳамда касаба уюшма етакчилари билан ҳамкорликда меҳнат жамоаларида долзарб масалалар бўйича “Очиқ эшиклар куни”ни ўтказиш амалиётини жорий қилиш (қайта тиклаш).
VI. ХОДИМЛАРНИНГ БАНДЛИГИ ТЎҒРИСИДА
Меҳнат бозорининг самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳамда аҳолини иш билан таъминланганлик даражасининг юксалтирилишини ўз мақсади деб эътироф этган ҳолда Томонлар янги иш ўринларини яратиш, кадрлар салоҳиятини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасида қуйидагиларни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар:
6.1. Ходимларнинг бандлиги ва улардан фойдаланиш ходимнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига мувофиқ таъминланади. Соҳа йўналишидаги олий ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминланишига ҳар томонлама кўмаклашишва уларнинг қўнимлилигини таъминлаш;
6.2. Ишдан бўшатиладиган ходимларни сақлаб қолиш мақсадида иш берувчилар ишлаб чиқариш ва алоқа хизматларини кенгайтириш ҳамда қўшимча иш ўринларини яратиш бўйича чоралар кўриш.
Бунда барқарор иш ҳақини ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминловчи доимий иш ўринлари яратилишига алоҳида эътибор бериш.
6.3. Иш берувчининг ташаббуси билан бошқа ишга вақтинча ўтказилган даврда меҳнатга ҳaқ тўлаш бажарилган ишга қараб, лекин аввалги иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилади.
Бошқа ишга ўтказиш муддатининг чегараси, меҳнатга ҳақ тўлашнинг аниқ миқдорлари ва ишлаб чиқариш зарурияти мезонлари хўжалик юритувчи субъектларнинг касаба уюшмаси органлари билан биргаликда қабул қилинадиган локал ҳужжатларда белгиланади ва иш берувчининг ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруқлари, фармойишлари билан расмийлаштирилади (ХМТнинг 29-Конвенцияси).
6.4. Ишлаб чиқариш ҳажми қисқарганда, хўжалик юритувчи субъектнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарганда иш берувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кадрларни қайта тайёрлаш ва қайта ўқитиш бўйича, шунингдек, ишдан бўшатиладиган ходимларни қайта ўқитиш ва ихтисослигини ўзгартириш юзасидан меҳнат органлари билан шартнома тузиш чораларини кўрадилар.
6.5. Тариф келишувлари ва жамоа шартномаларида болали аёллар, пенсияга чиқиш арафасидаги ёшда бўлган ходимлар, байналминалчи-жангчилар, соғлиғи туфайли меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашиш қобилиятига эга бўлмаган ходимлар ва соҳа йўналишидаги таълим муассасаларини битирган ёш мутахассисларнинг бандлигини таъминлашнинг устувор шартлари кўзда тутилади.
6.6. Хўжалик юритувчи субъектда бўш лавозим ёки янги иш жойи пайдо бўлганда, ишга қабул қилиш аввал иш ўрни(жойи) қисқартиришга тушган ходимлар ҳисобига, уларнинг малакаси ва иш тажрибасига мувофиқ, имтиёзли равишда амалга оширилади.
6.7. Хўжалик юритувчи субъектни тугатиш ёки қайта ташкил этиш, ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиш иш ўринларининг қисқариши ёки меҳнат шароитларининг ёмонлашишига олиб келса, иш берувчиларўзларининг бу ниятлари тўғрисида тегишли касаба уюшма органлариникамида икки ой олдин хабардор қиладилар.
6.8. Хўжалик юритувчи субъектларнинг тугатилиши ёки қайта ташкил этилишида ходимлар сонини оммавий қисқартириш ва оммавий равишда бўшатиш оқибатларини юмшатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида кўзда тутилади.
6.9. Қисқартирилишга тушган пенсияга чиқиш арафасидаги ходимлар ва пенсия ёшига етиб меҳнат фаолиятини давом эттирмаган ходимлар хўжалик юритувчи субъектнинг ишламайдиган пенсионерлари ҳисобланадилар ва уларга Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида ишламайдиган пенсионерлар учун белгиланган барча ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиш татбиқ этилади.
6.10. Акцияларни хорижий инвесторларга сотишда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ва меҳнат қонунчилигида кўзда тутилган кафолатлар ва компенсациялар (қоплама тўловлар)ни муқаррар таъминлаш (сақлаб қолиш) билан ходимларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоялаш масалалари кўзда тутилади.
6.11. Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш касаба уюшмаси органининг олдиндан олинган розилиги асосида амалга оширилади (Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).
6.12. Ходимнинг вақтинча бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги илтимоси узрли сабаблар туфайли келиб чиққан ва бундай иш хўжалик юритувчи субъектда мавжуд бўлса, бу илтимос иш берувчи томонидан қаноатлантирилиши керак.
Вақтинча бошқа ишга ўтказиш учун узрли сабаблар, шунингдек меҳнатга ҳақ тўлаш рўйхати Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида белгиланади.
6.13. Бевосита пул ёки моддий бойликлар билан муомила қилаётган ходим махсус ёзма шартнома(битим) асосида унга ишониб топширилган бойликлар сақланишининг таъминланмаганлиги учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади.
Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома(битим) тузилиши мумкин бўлган ходимларнинг тоифалари рўйхати Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида белгиланади.
VII. МЕҲНАТ ҚИЛИШ ВА ДАМ ОЛИШ ТАРТИБИ
7.1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ иш берувчилар иш ҳафтасининг қуйидаги давомийлигини таъминлайдилар:
7.1.1. меъёрдаги меҳнат шароитларига эга ходимлар учун - 40 соатдан кўп эмас;
7.1.2. ишнинг алоҳида хусусиятига эга бўлган ишларда ҳамда меҳнат шароити зарарли ва оғир бўлган ишларда банд бўлган ходимлар учун - 36 соатдан кўп эмас;
7.1.3. I ва II гуруҳ ногиронлари ҳисобланган ходимлар учун - 36 соатдан кўп эмас.
7.4. Томонлар қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
7.4.1 ходимларни иш вақтидан ташқари ишларга, шунингдек смена (навбатчилик) жадвалида кўзда тутилмаган кечки ва тунги ишларга, дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилишга касаба уюшмаси органи билан келишув бўйича қабул қилинадиган рўйхатда кўзда тутилган алоҳида ҳолларда йўл қўйилади;
7.4.2. истисно ҳолларда иш вақтининг давомийлиги меъёрдагидан юқори қилиб белгиланиши мумкин, аммо иш вақтини қўшиб ҳисоблаганда суткасига 12 соатдан ошмаслиги керак, бунда иш вақтининг йиллик балансига риоя қилинади;
7.4.3. ходимларнинг меҳнат қилиш ва дам олиш тартиби касаба уюшмаси органи билан келишувга кўра хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қабул қилинадиган Ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланади;
7.4.4. иш берувчи ходимларнинг узоқ ва етиб бориш қийин бўлган туман(ҳудуд)ларга, шунингдек, иш кеч тугаган ҳолларда навбатчи транспортда ишга етказилиши ва ишдан олиб кетилишини таъминлайди.
Ходимларни ишга олиб келиш ва ишдан олиб кетишни ташкил этиш жамоа шартномаларида белгиланади;
7.4.5. соҳа тизимидагихўжалик юритувчи субъектларда йиллик асосий таътилнинг давомийлиги 18 иш кунидан, Орол бўйидаги экология жиҳатдан ноқулай ҳудудларда (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида) ишловчи ходимлар учун эса 20 иш кунидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади;
Таътиллар давомийлиги календарь бўйича олти кунлик иш ҳафтаси ҳисобидан иш кунларида ҳисоблаб чиқилади.
Ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг белгиланган минимал муддатидан ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин. Бунда унинг минимал давомийлиги 18 иш куни деб ҳисобланади.
Тариф келишувлари ва жамоа шартномаларида ходимлар учун асосий меҳнат таътилига қўшимча равишда таътиллар берилади.
7.4.6. иш берувчилар ходимнинг илтимосига кўра Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси нормаларида кўзда тутилган асослар рўйхатига мувофиқ тўлиқ бўлмаган иш вақтини белгилашлари шарт;
7.4.7. меҳнат таътиллари учун ҳақ тўлаш,пластик карточкалари мавжуд бўлган тақдирда эса, таътил пулларини банк - пластик карточкаларига ўтказиштаътил бошлангунга қадар охирги иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади;
7.4.8. ходимнинг аризасига кўра, унга давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланадиган, иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин.
7.4.9. ходимнинг хоҳишига кўра, иш хақи сақланмаган таътил 14 календарь кунига қадар муқаррар тартибда қуйидагиларга берилади:
- 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;
- 12 ёшгача икки ва ундан кўп фарзандлари бўлган аёлларга.
Муддати икки ҳафтадан ортиқ бўлган ва иш ҳақи сақланмаган таътил даври навбатдаги ҳақ тўланадиган меҳнат таътили олиш хуқуқини берувчи иш стажига қўшилмайди;
7.4.10. ходимларга қуйидаги ҳолларда иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътиллар (меҳнат таътилини ҳисобга олмасдан) берилади:
- ходимнинг ўзи қонуний никоҳдан ўтаётганда;
- фарзанд туғилганида;
- ходимнинг яқинлари, яъни турмуш ўртоғи, фарзанди, ота-оналари ва бирга яшаётган яқин қариндошлари вафот этганда;
- ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга.
Қўшимча таътилларни бериш муддатлари Тариф келишувларида, жамоа шартномаларида белгиланади.
VIII. МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ, КОМПЕНСАЦИЯЛАР,
ҚЎШИМЧА ТЎЛОВЛАР ВА ПУЛ МУКОФОТЛАРИ
8.1. Хўжалик юритувчи субъектлар оладиган даромадларАлоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳаси ходимларининг меҳнатига ҳaқ тўлаш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш манбаи ҳисобланади. Меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари ва тизимлари, йил якунлари бўйича мукофотлар, тақдирлашлар ҳамда моддий рағбатлантиришнинг бошқа шакллари Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида белгиланади.
8.2. Иш ҳақи, лавозим маошлари ва Ягона тариф сеткасининг биринчи разряд миқдорлари эришилганидан паст бўлмаган даражада белгиланади, амалдаги қонун ҳужжатларидан келиб чиққан ҳолда уларни ошириш чоралари кўрилади. Меҳнат нормалари, тариф сеткалари, ишбай ҳақ тўлаш миқдори касаба уюшмаси органи билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
8.3. Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида қуйидагиларнинг аниқ миқдорларини белгилаш кўзда тутилади:
8.3.1. ходимларга юқори касб маҳоратлари учун ва мутахассисларга меҳнатда эришган ютуқлари учун қўшимча ҳақ;
8.3.2. байрам кунлари, дам олиш кунлари ва ишдан ташқари вақтда ишлагани учун камида 2,1 миқдорда;
8.3.3. тунги сменада ишлагани учун камида 1,55 миқдорда,
8.3.4. кечки сменадаги иши учун камида 1,2 миқдорда;
8.3.5. иқлим шароитлари учун қўшимча тўловлар;
8.3.6.Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида хизмат қилган йиллари учун тўлов;
8.3.7. ходимларга тегишли бўлган мулкдан ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланганлик учун харажатларни, ишлар сайёр характерга эга бўлганда тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган қўшимча харажатларини, шунингдек бошқа жойга ишга ўтказилганда харажатларини қоплаш;
8.3.8. хизмат сафари вақтида суткалик харажатлар ва қўшимча тўловларни қоплаш;
8.3.9. бошқа турдаги компенсациялар (овқатланиш учун, жамоат транспортидаги йўл кира қиймати ва ҳ.к.);
8.3.10. қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақини сақлаш;
8.3.11. “Устоз-шогирд” йўналишида фаолият юритаётган ходимга устама ҳақ тўлаш;
8.3.12 меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларни моддий ва маънавий рағбатлантириш.
8.4. Иш ҳақини тўлаш муддатлари ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлмаслиги керак (ҳарбий қисмлар, фельдъегерлик хизмати ва махсус муассасалар бундан мустасно). Иш ҳақини тўлашнинг аниқ муддатлари ва униниг пластик карточкаларига ўтказиладиган миқдори, шунингдек, иш ҳақини тўлаш муддатининг кечиктирганлиги учун иш берувчилар жавобгарлиги Тариф келишувларида, жамоа шартномаларида белгиланади.
Иш берувчининг айби билан ходимларга иш ҳақи тўлашнинг аниқ муддатлари кечиктирилганда, иш берувчи амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.
8.5. Иш ҳақининг ўз вақтида тўланмаганлигида «Ходимга иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги учун зарарни қоплаш ҳисоб-китобини ўтказиш тартиби»га асосан зарарни қоплаш амалга оширилади (илова).
Иш берувчининг айби билан иш ҳақи мунтазам равишда ўз вақтида тўланмаган ҳолларда (йилига икки ва ундан ортиқ марта), унинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.
8.6. Ходимнинг айби билан боғлиқ бўлмаган мажбурий туриб қолишлар (иш ҳажмининг йўқлиги, моддий ресурслар билан таъминланмаганлик, фавқулодда ҳолат давридаги мажбурий тўхтаб қолишлар ва ҳ.к.) учун тўловлар ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида амалга оширилади.
8.7. Иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш пайтида (малака ошириш, қайта ўқиш, хизмат сафарида бўлиш, турли хилдаги мусобақалар, танловларда қатнашиш ва ҳ.к.) ходимлар меҳнатига ҳaқ тўлаш уларнинг охирги икки ойлик иш ҳақларининг ўртача ҳисобидан амалга оширилади.
8.8. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа тўловлари хўжалик юритувчи субъектларининг ҳисобидан ижтимоий ҳимоя комиссияси хулосасига асосан амалга оширилади. Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа тўловларини тўлаш чегараси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 февралдаги 71-сон қарорида белгиланган меъёрларга нисбатан ходимларнинг ҳолатини ёмонлаштирмайдиган миқдорда белгиланади.
IX. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ
Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири деб ҳисоблаган ҳолда Тариф келишувлари ва жамоа шартномаларида қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
9.1. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларда соғломва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашга қаритилган ҳар йили тузиладиган Битим, ходимларнинг ишлаб чиқаришда жароҳатланиши ва касб касалликларининг профилактикасига қаратилган чора-тадбирларни ташкил этиш.
9.2. Ишлаб чиқаришда жароҳатланиш профилактикасига йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш бўйича меъёрий ва услубий тавсияларни тайёрлаш ҳамда бажарилишини таъминлаш.
9.3. Ишлаб чиқаришда ўлимга сабаб бўлган ёки оғир оқибатларга олиб келган бахтсиз ҳодисаларни текширишда иштирок этиш.
9.4. Иш берувчилар қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммаларига оладилар:
9.4.1. махсус кийим, махсус пойафзал, умумий ва шахсий ҳимоя воситалари, шунингдек, сут, шарбатлар, витаминлар ва ювиш воситаларини харид қилиш учун маблағ ажратиш;
9.4.2. меҳнат мажбуриятларини бажараётганида ёки хўжалик юритувчи субъект манфаатларида бирор бир хатти-ҳаракатни амалга ошираётганида ходимнинг соғлиғига етган зарарни қонун ва меъёрий ҳужжатларда белгиланган миқдорда қоплаш;
9.4.3. соҳа ходимларини иш вақтида бахтсиз ҳодисалардан ва касб касалликларидан ҳар йили суғурта қилиш учун корхоналар томонидан қонун (ЎзР “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги) ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган миқдорда маблағ ажратиш;
9.4.4. ходим ўз меҳнат мажбуриятларини ёки хўжалик юритувчи субъект манфаатларида бошқа хатти-ҳаракатларни бажараётганида, унинг соғлиғига шикаст етказилганлиги сабабли касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлиги учун бир йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда, ўлим билан тугаган ҳолларда эса ўртача бир йиллик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида бир марталик нафақа тўлаш;
9.4.5. иш ўринларини меъёрий хужжатларга мувофиқ шаҳодатлашдан ўтказиш;
9.4.6. соғлиқни сақлаш идоралари томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, меҳнат шартномаси тузилаётган вақтда ходимларни дастлабки тиббий кўрикдан, иш фаолияти давомида эса даврий тиббий кўрикдан ўтказилишини ташкил этиш;
9.4.7. йил давомида камида икки марта 50-55 ёшдаги монтёрлар ва мачта-антеначиларни, 30 ёшдан катта бўлмаган ҳамда зарарли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган бошқа тоифадаги ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтазилишини ташкил этиш;
9.4.8. меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларни сайлаш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш ва уларни самарали ишлаши учун шароитлар яратиб берилишини ҳамда уларга бажараётган ишлари учун қўшимча ҳақ тўлаш;
9.4.9 фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш.
X. МЕҲНАТ ИНТИЗОМИ
10.1. Хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат шартномалари, лавозим йўриқномалари, хўжалик юритувчи субъектнинг Устави (Корхона тўғрисидаги низом) ва Ички меҳнат тартиби қоидаларига мувофиқ ходимларнинг меҳнат мажбуриятларини бажаришлари устидан назорат таъминланади ва амалга оширилади.
10.2. Томонлар қуйидагиларни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар:
10.2.1. ходимларни ишдаги муваффақиятлари учун фахрий ёрлиқлар ва пул мукофотлари билан, миннатдорчилик эълон қилиш, қимматбаҳо совғалар бериш, хўжалик юритувчи субъект ҳисобидан санаторий ва дам олиш уйларига бепул йўлланмалар бериш ва моддий мукофотлашнинг бошқа йўллари билан рағбатлантириш;
10.2.2. юбилей ёши (50,55,60)га етганида ходимларнирағбатлантириш;
10.2.3. ҳалол ва интизомли ходимларни соҳадаги кўп йиллик иш стажи саналари (20, 25, 30, 35, 40 йиллик) учун рағбатлантириш.
XI. ИЖТИМОИЙ ИМТИЁЗЛАР
11.1. Иш берувчилар ва тегишли касаба уюшмаси органлари Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат қилиш учун шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида ўз зиммаларига қуйидаги мажбуриятларни оладилар:
11.1.1. ходимларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш:
- навбатдаги меҳнат таътилига чиққанда;
- ходимлар биринчи марта қонуний никоҳдан ўтаётганда;
- узоқ давом этадиган касаллиги ҳолатида (бир ой ва ундан ортиқ);
- ходимнинг яқинлари, яъни турмуш ўртоғи, фарзанди, ота-оналари ва биргаликда истиқомат қилувчи оила аъзолари вафот этганда;
- пенсияга чиқишда;
- вафот этган ходимнинг оиласига;
- ишламайдиган пенсионерларга;
- кам таъминланган ва кўп болали оилаларга, бунда: оиланинг жами даромади ҳар бир оила аъзосига Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 1,5 баробари тўғри келса, бу оила кам таъминланган оила ҳисобланади;
- тўртта ва ундан ортиқ 16 ёшга тўлмаган боласи бўлган оилалар кўп болали оила ҳисобланади;
- вафот этган ишламайдиган пенсионер оиласига;
- қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилишга;
- моддий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашнинг бошқа турлари;
11.1.2. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида узоқ вақт (муддати Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида белгиланади) ишлаган ходимларга хонадон телефонларига абонентлик тўловлари бўйича, маҳаллий даврий нашрларга обуна тўловлари бўйича имтиёзлар;
11.1.3. ходимларга ижтимоий ёрдам чоралари:
- ногирон болалари бўлганларга;
- штат сони (лавозими) қисқартирилганлар рўйхатига тушган ходимларга;
- ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда соҳа ўқув муассасаларида таълим олаётганларга;
- байналминалчи-жангчиларга;
- табиий офатлардан ва бошқа фавқулодда ҳодисалардан жабрланганларга;
- стационар даволаш-профилактик муассасаларида даволанаётганларга;
- ишлаб чиқаришда жабрланганларга - даволаниш ҳамда тиббийва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларидан фойдаланиш учун харажатларни қоплаш, агар у шундай ёрдамга муҳтож деб топилса;
11.1.4. болалар уйларини оталиққа олиш;
11.1.5. ходимларнинг фарзандлари учун болалар соғломлаштириш оромгоҳларига, 16 ёшгача ногирон болалари бўлган ходимлар учун эса - дам олиш уйлари, сиҳатгоҳ (санаторий)ларга йўлланмаларнинг тўлиқ қийматини хўжалик юритувчи субъект ҳисобидан тўлаш;
11.1.6. Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, пенсияга чиқиш арафасидаги ходимларнинг (аёллар 53, эркаклар 58 ёшга тўлган ойдан бошлаб, аёллар 55, эркаклар 60 ёшга тўлган ойга қадар) шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларига хўжалик юритувчи субъект ҳисобидан ўтказиладиган кўшимча бадаллар миқдори ва уларни ўтказиш муддатларини Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида кўзда тутиш.
11.2. Қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича ишни яхшилаш, озиқ –овқат маҳсулотлари учун нарх-наволар ўсишининг олдини олиш мақсадида Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида хавфсизлик техникаси талабларига жавоб берадиган ёрдамчи хўжаликларни яратиш бўйича мажбуриятларни кўзда тутиш ёки ўз ходимларини гўшт, сут, сабзавотлар ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича фермерлар билан шартномалар тузиш.
11.3. Ижтимоий кафолатлар ва компенсациялар рўйхати тегишли иш берувчилар ва касаба уюшмаси органлари ўртасида тузиладиган жамоа шартномаларида кенгайтирилиши мумкин.
11.4. Томонлар хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги мавжуд ижтимоий объектлар (соғломлаштириш оромгоҳлари, профилакторийлар, дам олиш уйлари ва ҳ.к.)ни сақлаб қолиш ва уларни ривожлантириб бориш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар.
11.5. Ҳукумат томонидан уюштириладиган умумхалқ хайрия ҳашарларида, айниқса “Наврўз”, “Мустақиллик” байрами арафасида ўтказиладиган ҳашарларда соҳа ходимларининг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағни аниқ мақсадли фойдаланиш учун ўрнатилган тартибда ажратиш.
XII. МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ, ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ –СОҒЛОМЛАШТИРИШ ВА СПОРТ ИШЛАРИ
12. Томонлар қуйидагиларни зарур деб ҳисоблайдилар:
12.1. ходимларнинг маънавий эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шарт-шароитларни яратиш соҳасидаги ишларни яхшилаш.
Жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш ҳамда оммавийлигини ошириш мақсадида соҳа корхона ва ташкилотларида спорт жиҳозларининг моддий техника базасини мунтазам мустаҳкамлаб бориш.
12.2. жамоалар ўртасида маданият ва спортни ривожлантиришга сарфланадиган маблағлар миқдорини ошириб бориш;
12.3. соғломлаштириш оромгоҳларини эстетик жиҳатдан безатиш, моддий-техника базасини мустахкамлаш, мавсумга ўз вақтида тайёрлаш, болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
12.4. иш берувчиларга ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар йили маданий дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкиллаштиришни тавсия этиш;
12.5. алоҳида «Маънавият ва маърифат» хонасини жиҳозлаш ва уни зарур стендлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг асарлари, мустақиллик йилларида чоп этилган адабиётлар, шунингдек, плакатлар ва техник воситалар билан таъминлаш ҳамда унинг ишлаши учун шароитлар яратиш.
XIII. АЁЛЛАР МЕҲНАТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ, ҚЎШИМЧА ИМТИЁЗЛАР ВА КАФОЛАТЛАР
13.1.Тарафлар аёллар учун Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган кафолатлар, Ўзбекистон Республикасида ратификация қилинган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 100, 103 ва 111- Конвенцияларига риоя этишни ҳамда Тариф келишувлари ва жамоа шартномаларида аёлларга белгиланган маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашни амалга оширадилар.
13.2. Иш берувчилар ва тегишли касаба уюшмаси органлари Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида Аёллар учун кўзда тутилган барча кафолатларга риоя этилишини ҳамда имтиёзлар берилишини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
13.2.1. уч ёшга тўлмаган фарзанди бўлган аёлларга иш кунини 1 (бир) соатга қисқартириш;
13.2.2. аёлларнинг хоҳишига кўра, хомиладорлик ва туғиш бўйича таътилни иш берувчи маблағи ҳисобидан ҳомиладорликнинг 6 (олти) ойидан ошмасдан бошлаб бериш;
13.2.3. аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар тўлови кафолатланади;
13.2.4. ҳомиладор аёлларнинг тиббий кўрикдан ўтишлари учун , мазкур кўрикни иш вақтидан ташқари ўтказиш имконияти бўлмаса, уларни ўртача иш ҳақи сақлаган ҳолда ишдан озод этиш;
13.2.5. икки ёшдан уч ёшгача бўлган болалар тарбияси учун таътилдаги аёлларга ҳар ойда Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 50 (эллик) фоизидан кам бўлган миқдорда нафақа тўлаш;
13.2.6. икки ёшгача фарзандини овқатлантириш учун танаффус давомийлигини ҳар уч соатда камида 30 (ўттиз) минутдан белгилаш. Ходимнинг хоҳишига кўра, фарзандини овқатлантириш учун танаффуслар иш куни давомида жамланиши ҳамда дам олиш ва овқатлантириш учун бериладиган танаффусга ёки иш кунининг боши ёки охирига қўшиб берилишини инобатга олиш.
XIV. ЁШЛАР УЧУН ҚЎШИМЧА ИМТИЁЗЛАР ВА КАФОЛАТЛАР
14.1. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришда ёш мутахассислар иштироки самарасини янада ошириш ҳамда ёшларни ижтимоий ҳимоялаш масаласи ечимини топиш мақсадида томонлар Тариф келишувлари ва жамоа шартномаларида қуйидагиларни кенг ёритишга келишиб олдилар:
- Ҳалқаро Меҳнат Ташкилотининг 138, 182 – Конвенцияларига биноан ишга қабул қилиш учун энг кичик ёшга риоя этиш ҳамда болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган иш олиб бориш;
- ёш ходимлар, мутахассислар ўртасида касб маҳорати бўйича танловлар ўтказиш;
- соҳа тизимига кирувчи олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш;
- ишга жойлашган ёш мутахассисларни иш жойларида қўнимлилигини таъминлаш;
- ёш оила аъзолари бўлган ходимларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;
- ёшларни қонунчиликда ва бошқа меъёрий ҳужжатларда белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини қўллаб-қуваатлаш.
Қонун ҳужжатларига биноан ва мазкур келишув мақсадларида:
- 30 ёшгача бўлган ходимлар ёшлар деб ҳисобланадилар;
- олий ва ўрта-махсус маълумотга эга бўлган ва олган мутахассислиги бўйича илк бор ишга кирган ходимлар, ўқув муассасасини битиригандан сўнг уч йил давомида ёш мутахассислар деб эътироф этилади;
- расмийлаштирилган никоҳда илк бор рўйхатдан ўтган ва ҳар бири 30 ёшга тўлмаган эр-хотинлар ёш оилалар деб ҳисобланадилар.
14.2. Иш берувчилар ва тегишли касаба уюшмаси органлари Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида Ёшлар учун кўзда тутилган барча кафолатларга риоя этилишини ҳамда имтиёзлар берилишини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
14.2.1. Иш ҳафтасининг қуйидаги давомийлиги белгиланади:
- 16 (ўн олти) ёшдан кичик бўлган ўсмирлар учун – 24 (йигирма тўрт) соатдан ортиқ эмас;
- 16 (ўн олти) ёшдан 18 (ўн саккиз) ёшгача бўлган ходимлар учун – 36 (ўттиз олти) соатдан ортиқ эмас;
14.2.2. Соҳа ўқув муассасаларини битиргандан сўнг мутахассислиги бўйича ишга юборилган ёш мутахассисларга хўжалик юритувчи субъект томонидан Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 2 баробаридан кам бўлмаган миқдорда бир маротабалик тўловни амалга ошириш. Унинг аниқ миқдори Тариф келишувлари ва жамоа шартномаларида белгиланади.
14.2.3. Ёш оилаларга узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш ва уй-жойларини таъмирлашга фоизсиз ссудалар бериш.
14.2.4. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари талабаларига амалиёт ўташ даврида ҳамда ўқишни тугатиб ишга жойлашганида касаба уюшма бюджети ҳисобидан белгиланган тартибда бир маротабалик моддий ёрдам кўрсатиш.
14.2.5. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 84-моддасига асосан “ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларини ҳамда олий ўқув юрталарини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилар ишга қабул қилинганида дастлабки синов белгиланмайди” ҳамда 247-1-моддасига мувофиқ, “ёш мутахассислар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи ташаббуси билан бекор қилинганида, бу ҳақида маҳаллий меҳнат органларини хабардор қилиш.
XV . ИЛМИЙ ИШ ВА ИЛМИЙ КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ
15. Томонлар илмий-тадқиқот ишларида ҳамда ёш илмий ходимларни тайёрлашда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган илмий ходимларнинг иштирокини, шунингдек соҳа хўжалик юритувчи субъектларида илмий-тадқиқот ишларини амалга оширадиган раҳбар ва мутахассисларнинг ижодий фаоллигини ривожлантириш, илмий ходимлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида қуйидагиларни назарда тутишга келишиб олдилар:
15.1. илмий-тадқиқот ишларини бажаришда ходимларнинг моддий манфаатдорлигини кучайтириш мақсадида қўшимча ҳақ, устама тўловларни ва бошқа тўловларни назарда тутиш;
15.2. ёш илмий кадрларни тайёрлашда ва Тошкент ахборот технологиялари университети талабаларининг диплом ишлари билан ишлайдиган ходимларни мукофотлаш, рағбатлантириш ва тақдирлаш тартибини белгилаш;
15.3. соҳадаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан раҳбар ва мутахассисларга илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишлари учун зарур шароитларни яратиш.
XVI. МЕҲНАТ НИЗОЛАРИ
16.1. Ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат низолари ва келишмовчиликлар қонун хужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
16.2. Томонлар хўжалик юритувчи субъектларда иш берувчилар ва касаба уюшмасининг тенг сонли вакилларидан иборат бўлган меҳнат низолари бўйича комиссиялар тузишга келишиб олдилар.
XVII. КАСАБА УЮШМАСИ ҚЎМИТАСИ ВА КАСАБА УЮШМАСИ ФАОЛЛАРИНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ
17.1. Касаба уюшмаси қўмиталарининг ишдан озод этилган ходимлари (раис, раис ўринбосари, хисобчи ва бошқа ходимлар) доимий ишловчи ходимлар билан бир қаторда хўжалик юритувчи субъектлар меҳнат жамоасининг аъзолари ҳисобланадилар.
17.2. Касаба уюшмаси органларининг ишдан озод этилган ходимлари Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларда амалда бўлган, уларнинг маблағлари ҳисобидан бериладиган барча имтиёзлардан тенг ҳуқуқли фойдаланадилар.
Касаба уюшмаси органларининг ишдан озод этилган ходимларини мукофотлаш ва йиллик иш якунларига кўра тақдирлаш хўжалик юритувчи субъект маблағлари ҳисобидан белгиланган шартларда қуйидагича амалга оширилади:
- касаба уюшмаси қўмиталари раислари учун - раҳбарлари даражасида;
- касаба уюшмаси қўмитасининг бошқа ходимлари учун - хўжалик юритувчи субъектларнинг ходимлари даражасида.
17.3. Касаба уюшмаси органларига сайланган ва ишлаб чиқариш фаолиятидан озод этилган ходимларнинг тармоқдаги ҳамда мазкур хўжалик юритувчи субъектдаги умумий ва узлуксиз иш стажи сақланади.
17.4. Иш берувчилар (мансабдор шахслар) касаба уюшмаларининг ҳуқуқларини тўлиқ эътироф этадилар, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлайдилар.
17.5. Касаба уюшмаси органлари ва меҳнат низолари бўйича комиссия таркибига сайланган, меҳнат муҳофазаси бўйича вакил этилган ва асосий ишидан озод қилинмаган ходимларга интизомий жазо чораларини қўллаш, уларни бошқа ишга ўтказиш, иш берувчининг ташаббуси билан улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни нормаларига мувофиқ амалга оширилади.
17.6. Касаба уюшмасига сайланган ва асосий ишидан озод этилмаган ходимларга касаба уюшмаси ишларини бажариши учун вақт ажратиш, шунингдек уларга ҳақ тўлаш хўжалик юритувчи субъектлар маблағи ҳисобидан амалга оширилиши Тариф келишувлари, жамоа шартномаларида назарда тутилади.
XVIII. КЕЛИШУВНИНГ БАЖАРИЛИШИ УСТИДАН НАЗОРАТ
18. Томонлар қуйидагилар мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар:
18.1. Келишувлар ва жамоа шартномаларининг бажарилишини назорат қилиш бўйича биргаликдаги комиссияни тузиш;
18.2. Тармоқ келишуви, Тариф келишувлари, Ягона жамоа шартномаси ва жамоа шартномаларининг бажарилишини йил давомида икки марта (ярим йиллик ва йил якунлари бўйича) текшириш, натижаларини Давлат қўмитаси Ҳайъати ва Республика кенгаши Раёсатининг қўшма мажлисларида, шунингдек, «Ўзбекистон почтаси» ОАЖ, «Ўзбектелеком» АК, «Матбуот тарқатувчи» АКнинг тегишли органлари ва Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Раёсатининг қўшма мажлисларида кўриб чиқиш.
18.3. Йил давомида камида икки марта (ярим йиллик ва йиллик якунлар бўйича) хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жамоа шартномаларининг бажарилишини текшириш ва натижаларини жамоа шартномасини имзолаган мансабдор шахсларнинг ҳисоботи билан меҳнат жамоасининг йиғилишида (конференцияда) кўриб чиқиш.
XIX. КЕЛИШУВ БАЖАРИЛМАГАНЛИГИ ЁКИ БУЗИЛГАНЛИГИ
УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
19. Келишув мажбуриятларини бажармаганликда ёки бузганликда айбдор бўлган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда интизомий ёки бошқа жавобгарликка тортиладилар.
XX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР.
20. Мазкур Келишув ўзбек ва рус тилларида тузилган. Келишув коидаларини талқин қилиш масаласида келишмовчиликлар юзага келганда, унинг ўзбек тилидаги матни асос учун қабул қилинади. Келишувнинг ўзбек ва рус тилидаги матни бир хил юридик кучга эгадир.