Маълумки, UCELL бренди остида мобил алоқа хизматлари кўрсатувчи “COSCOM” қўшма корхонаси нафақат республикамизда, балки Марказий Осиёда ҳам ўз мавқеига эга. Қарийб тўққиз миллионлик мижозга эга компания аҳоли ва корхона, ташкилотларга энг илғор технологиялар асосида мобил хизматлар, шунингдек, юқори тезликдаги интернет хизматлари кўрсатиб келмоқда. Бу хизматлардан ташқари, компания мамлакатимизнинг турли жойларида ўтказилаётган ижтимоий тадбирларда ҳам фаол қатнашиб келаётир. Табиийки, мазкур нуфузли компания қошидаги касаба уюшмаси қўмитасининг ишлари ҳам шу даражада улкан ва салмоқли бўлиши даркор. Касаба уюшма фаоллари мана шу мезон асосида ўз фаолиятларини йўлга қўйишган.
Ҳисобот даврида нафақат компания фаолиятида, республика ва соҳа касаба уюшма ташкилотлари таркибида ҳам катта ўзгаришлар содир бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалри Федерация Кенгаши ва, ўз навбатида, Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши Уставларига замон талаблари асосида тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритилиб, қабул қилинди. Бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари учун ўз фаолиятларини кенг йўлга қўйиш мақсадида қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилди.
Масалан, бошланғич ташкилот ўз молиявий маблағларидан кўпроқ фойдаланиш имкониятларига эга бўлди. Ташкилот касаба уюшмаси бюджетининг 10 фоизи миқдоридаги маблағдан нафақат касаба уюшма аъзоларига, балки уларнинг яқин қариндошлари учун ҳам санаторий ва дам олиш уйларига йўлланмалар олиб бериши мумкин. Ёки бўлмаса, аввал фаолларга моддий ёрдам учун маблағ касаба уюшма бюджетининг 10 фоизини ташкил қилган бўлса, ҳозир бу мақсад учун 30 фоиздан кам бўлмаган маблағ ажратилмоқда.
Компания ходимлари учун барча меҳнат шароитлари яратилган. Ходимлар соғлиғи тиббий суғурталанган, уларга шунингдек, имтиёзли равишда алоқа хизматидан, жумладан, интернет хизматидан фойдаланиш имконияти яратилган. Жамоа шартномасига кўра, ходимларга тўйлари, юбилей саналари ва шунга ўхшаш зарур ҳолатларда моддий ёрдам берилади. Ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш бориш мақсадида режа асосида компаниянинг тегишли сертификатларига эга ходимлари томонидан Корпоратив ўқув марказида мунтазам ўқув машғулотлари ўтказилади.
Айни пайтда компания касаба қўмитасининг 501 нафар аъзоси бор. Ҳисобот даврининг 2013 йили самарали бўлди. Ўша йилнинг феврал-март ойларида компаниянинг олти минтқавий офисларида умумий йиғилишлар ўтказилиб, касаба уюшмасининг Бухоро, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Андижон ва Наманганда касаба уюшма гуруҳлари ташкил қилиниб, уларга етакчилар сайланди. 120 нафар ходим ўз аризасига кўра, касаба уюшма аъзолигига қабул қилинди.
Мунтазам олиб борилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари натижасида компания ходимларининг касаба қўмитасига бўлган ишончи ортиб борди. Мисол учун, 2013 йилда касаба уюшмасига турли мазмундаги 12та мурожаат тушган бўлса, ўтган йили мурожаатлар сони кўпайди. Бу ташкилот имкониятларидан фойдаланиш истагидагилар кўпаётганидан далолатдир.
2013 йили иш берувчи ва касаба уюшмаси ўртасида тузилган муҳим ҳужжат – Жамоа шартномаси қабул қилинди. Маълумки, ушбу ҳужжат иш берувчи билан меҳнат жамоаси аъзолари ўртасидаги меҳнат муносабатларини мувофиқлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Уни ишлаб чиқишда компания мутахассислари Р.Пинхасов, М.Сангилов, О.Семко, М.Домахинларнинг хизматлари катта бўлиб, улар касаба уюшма фаоллари билан тенгма-тенг меҳнат қилишди. Жамоа шартномаси тарафлар томонидан тизимли равишда бажарилиб келинмоқда.
Ҳисобот даврида спорт-соғломлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, шу даврда саноторийларда соғлиғларини тиклаш учун 100 нафардан ориқ ходимларга йўлланмалар олиб берилди. Ёки бўлмаса, ходимларнинг оила аъзолари билан Тошкент вилоятидаги дам олиш ҳудудларига 70 маротаба бир-икки кунлик саёҳатлари уюштирилди. Бу сафарларда жами 1400 нафар кишининг иштироки таъминланди. Ўтган йилнинг июл-август ойларида компания ходимлари оила аъзолари билан “Электормагнит мослашув маркази” ДУКнинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги дам олиш зонасида мароқли ҳордиқ чиқаришди. Икки юздан ортиқ ходим Самарқанд шаҳрига зиёратига борди.
Касабақўм томонидан бош офис ва Бухоро, Навоий минтақавий офисларига стол тенниси жиҳозлари олиб берилди. Хусусан, Навоий ва Термиз минтақавий офислари ходимлари ёз ойларида мини футбол билан шуғулланишларига шароит яратиб берилди. Умуман олганда, касабақўм томонидан компания ходимларининг волейбол, мини футбол ва тоғ алпинизми билан шуғулланишлари учун барча ташкилий ишлар амалга оширилди. Натижада соҳа миқёсида ўтказилаётган мазкур спорт турлари бўйича беллашувларда ходимларнинг фаол қатнашиши кузатилмоқда.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Бухоро ва Термиз минтақавий офислари ходимлари фарзандлари учун байрам тадбирлари уюштирилди. Шунингдек, мунтазам равишда маданий-оммавий тадбирларга, яъни концерт, спетаклларга чипталар берилиб, ходимларнинг маданий дам олишлари ташкил қилинди.
Мана шундай ибратли ишларни амалга оширишда компания касаба уюшмаси қўмитаси раиси Нусрат Исҳоқовнинг хизматлари катта. Нусрат ака иш берувчи билан касаба уюшмаси ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўя олди. Шу ўринда Н.Исҳоқовнинг фаолиятига бир оз тўхталсак. Жорий йилнинг 3 март куни Нусрат ака муборак 60 ёшга тўлади. Табиатан ҳаракатчан, мудом изланишни яхши кґрадиган, ташкилий ишларда уқуви баланд бу инсон Тошкент давлат политехника институти (ҳозирги Техника университети)да ўқиб, электрон техника муҳандиси йўналишида билим олган. Талабалик йилларида ҳам факултет касабакўм раиси бўлган. Кейинчалик турли идоралару корхоналарда ишлаган кезларида ҳам ташкилий ишларни қойилмақом уддаларди. Айниқса, Тошкент алоқа коллежида қаттиқўл ва талабчан раҳбар Эркин Нуритдинов қўл остида турли вазифаларда ишлаб зуваласи яна пишди. Шундан сўнг Яккасарой тумани ҳокимлигида ташкилий ишлар бўлими мудир вазифасида ишлади. 1997 йили эса “COSCOM” қўшма корхонасига маҳаллий кадр сифатида ишга таклиф этилди. Хорижий компанияда муҳандислик билан бирга жамоатчилик асосида касаба уюшмаси қўмитаси раислигини мана 18 йилдирки, шараф билан олиб бормоқда.
Нусрат ака турмуш ўртоғи Шоирахон опа билан икки ўғилни вояга етказишди. Фарҳод ва Бекзод ҳозирда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишади. Катта келин Нодирахон “Тошкент почтамти” филиалининг 144-алоқа бўлимини моҳирлик билан бошқаряпти. Кичик келин Тошкент кимё технологиялари институтининг бакалаврлик ва магистрлик йўналишларида ўқиган. Айни пайтда у фарзанд тарбияси билан машғул. Шириндан-шакар неваралар – Азамат, Азимжон, Амирхон ва Одилхонлар Исҳоқовлар оиласининг давомчиларидир.
– Одамларга нафим тегса хурсанд бўламан, – дейди Нусрат ака. – Газета-журнал мутолаасини, мумтоз қўшиқларни тинглашни ёқтираман. Айниса, бўш вақт топдим дегунча, ҳовлимиздаги дарахт ва гулларни парваришлашга киришиб кетаман ва бундан ўзгача завқ оламан.
Ошкора ва кўтаринки кайфиятда ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишида ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ҳам тилга олиниб, уларни келгусида бартараф этиш, минтақавий офисларда касаба уюшма гуруҳлари ишларини янада жонлаштириш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Жорий йилда компаниянинг Термиз, Қарши, Урганч ва Нукус шаҳридаги офисларида ҳам касаба уюшмаси ташкилотининг вазифалари, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясидаги ролига доир тадбирлар ўтказишни, шу орқали аъзолар сонини кўпайтириш каби вазифалар белгилаб олинди. Йиғилишда касабақўмнинг тўққиз нафар фаоллари, раис этиб яна Нусрат Исҳоқов сайланди. Касаба уюшмаси ташкилотининг тавсиясига кўра, узоқ йиллик ва самарали меҳнатлари учун компания мутахассислари Байрам Жумагулов, Вячеслав Смирнов, Файзулло Кунгуров, Мирсобит Сангилов ва Меҳридин Муҳамедовларга Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгашининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланишган эди. Йиғилишда ана шу мукофотлар эгаларига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, касаба уюшма гуруўлари етакчилари Аваз Каримов, Рустам Бобожонов, Фарҳоджон Хасановларга фаолликлари ва “COSCOM” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона бош директори Тону Гнюбергга касаба уюшмаси қўмитасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани, мустаҳкам ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Дарҳақиқат, қаерда ўзаро ҳамжиҳатлик бўлса, ўша ерда ўсиш, тарақиёт бўлади. Буни яхши англаган компания касаба уюшмаси қўмитаси фаоллари муваффақиятни қўлдан бой бермай, янада юқори чўққиларга эришадилар, деган умиддамиз.
Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир.