Қонун лойиҳасини тайёрлашда АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Россия каби 11 дан ортиқ ривожланган давлатларнинг ижтимоий шерикликка оид бўлган қонунчилиги ва уни қўллаш амалиёти ўрганиб чиқилди. 20 дан ортиқ ННТлар вакиллари бевосита иштирок этдилар, қонун лойиҳасига билдирилган 1000 ортиқ таклифлар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида” қонуни Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 18 июнда қабул қилинган бўлиб, Сенат томонидан 2014 йил 28 августда маъқулланган.
Қонун “Ҳалқ сўзи” газетасида 29 сентябр куни чоп этилди ва у 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб амалга киритилди.
Мазкур Қонун 5 та боб ва 30 та моддадан иборат бўлиб, унинг айрим моддаларига алоҳида эътибор берилиши мақсадга мувофиқдир. Жумладан, Қонуннинг 3-моддасида ижтимоий шерикликнинг тушунчаси ва унинг субъектлари, 4-моддасида эса асосий принциплари белгиланган бўлиб улар қуйидагилардан иборатдир:
3-модда. Ижтимоий шериклик ва унинг субъектлари
Ижтимоий шериклик давлат органларининг ННТлари ва ФЖБИлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир.
Давлат органлари, ННТлари ва ФЖБИлари ижтимоий шериклик субъектларидир.
Давлат органларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлиги алоҳида қонунлар билан тартибга солинади.
4-модда. Ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари
Ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунга бўйсуниш;
тенг ҳуқуқлилик; мустақиллик;
очиқлик ва шаффофлик; холислик;
ҳаммабоплик;
ўзаро ҳурмат, манфаатларнинг инобатга олиниши ва масъулият;
мажбуриятлар қабул қилишнинг ихтиёрийлиги.
5-модда. Ижтимоий шериклик соҳалари
Ижтимоий шериклик қуйидаги соҳаларда амалга оширилиши мумкин:
аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш ва унинг ижтимоий фаоллигини ошириш;
аҳолининг бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантириш;
атроф-муҳитни, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш;
ҳар томонлама баркамол ва соғлом ёш авлодни шакллантириш, ёшларга билим бериш, уларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ва касбга йўналтириш;
оналик ва болаликни, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, соғлом оилани шакллантириш;
фан, таълим, ахборотлаштириш, маданият ва спортни ривожлантириш;
аҳолининг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат асосларини мустаҳкамлаш;
миллатлараро, маданиятлараро тотувлик ва фуқаролар тотувлиги ғояларини мустаҳкамлаш, кўп асрлик, анъанавий маънавий-ахлоқий ҳамда тарихий-маданий қадриятларни тиклаш ва сақлаш;
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.
Ижтимоий шериклик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа соҳаларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
6-модда. Ижтимоий шерикликнинг асосий шакллари
Ижтимоий шерикликнинг асосий шакллари:
ННТ ва ФЖБИларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;
ННТлари ва ФЖБИларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;
ННТлари ва ФЖБИлари вакилларининг давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида иштирок этиши;
ижтимоий шериклик субъектлари томонидан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш;
ижтимоий шериклик субъектлари томонидан ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар (бундан буён матнда битимлар ва шартномалар деб юритилади) тузиш, биргаликдаги лойиҳалар ва режаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
ижтимоий шериклик субъектлари ўртасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, ахборот алмашишдан иборат.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида” қонунига асосан Республика кенгаши ва унинг тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг Иш берувчилар ва уларнинг вакиллари ҳамда давлат бошқаруви идоралари билан меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклиги, долзарб вазифаларнинг ечими хусусидаги доимий ҳамкорлиги, мулоқотлари ва учрашувлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
А.Ахмедов
Республика кенгашининг
бош юрисконсульти