Ҳар бир инсоннинг комил шахс бўлиб вояга етишида, етук касб эгаси бўлиб жамиятда ўз ўрнини топишида устоз-муаллимларнинг ўрни жуда муҳим.
Фидойи, заҳматкаш муаллим-ўқитувчилар ўз шогирдларига билим бериш баробарида улар қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб боради. Турли йўналишларда ўз иқтидори, маҳорати ва билим салоҳияти билан юқори натижаларга эришиб келаётган ўғил-қизларимизнинг муваффақиятлари замирида аввало, азиз устозларнинг заҳматли меҳнатлари мужассам.
Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни деб эълон қилинганлиги мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган минг-минглаб ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар меҳнатининг юксак эътирофи, уларга билдирилган ҳурмат ва эътибор намунасидир.
Кейинги йилларда юртимизда таълим соҳаси тоборо равнақ топиб келмоқда. Ўқув муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳар йили давлат бюджетидан катта ҳажмдаги маблағлар ажратилаётгани дунё эътирофига сазовор бўлаётган юксалишларнинг ёрқин намунасидир.
Истиқлол йилларида янги-янги таълим масканларини бунёд этилгани илмга ташна ўғил-қизларимизни янада янги куч-ғайрат билан ўқишга, забардаст мураббий ва ўқитувчиларни эса шижоат билан ишлашга ундаётгани шубҳасиздир.
Бугунги ўқув масканларимизнинг фан ҳамда ўқув-лаборатория хоналари замонавий таълим стандартлари асосида жиҳозланган, ахборот-ресурс марказлари ташкил этилган. Чет тили фани ўқитувчилари малака ошириш курсларида ўқитилиб, ушбу фанни ўқитишнинг янги ва самарали усуллари қўлланиб келмоқда.
Айтиш мумкинки, бугун барча таълим даргоҳларида малакали, етук илмий салоҳиятга эга, янгича фикрлайдиган, чет тилларини яхши ўзлаштирган педагог ходимлар фаолият кўрсатиб келаяпти. Улар ҳар йили шаҳар, вилоят ва республика миқёсида ўтказилаётган кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллашмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тизимида жами 15 та ўрта махсус, касб-ҳунар ҳамда олий таълими муассасалари бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолият юритмоқда. Улар жами 22 мингдан зиёд касаба уюшма аъзоларини бирлаштирган бўлиб, бизнинг келажагимиз бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни хаётда ўз ўринларини топишлари, комил инсон бўлиб, Ватанга садоқатли бўлишлари Кенгашнинг алоҳида эътиборидадир.
Хусусан, соҳа олийгоҳлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун корхоналарда яратилган шароитлар, уларга кўрсатилаётган имтиёзлар устидан доимий назорат олиб борилмоқда.
Касаба уюшмаларнинг сайланма органларида ёшлар вакиллигини таъминлаш, кадрлар заҳирасини ёшлар билан тўлдириш, касаба уюшмалари фаолиятида ёшларнинг фаоллигини янада ошириш мақсадида ёш ташаббускор, изланувчан, интеллектуал салоҳиятга эга бўлган бир гуруҳ ёш мутахассислардан иборат “Ёшлар кенгаши” фаолият юритмоқда.
Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш бўйича соҳа корхоналари ва ташкилотларидан ишлаб чиқариш амалиёти раҳбарини бириктириш, ўқувчиларни техника хавфсизлиги кўригидан ўтказиш, уларга хавфсиз меҳнат ва амалиёт ўтказиш жойларини ташкил қилиш, ёшларни ўқитиш, ишга қабул қилинган ёш мутахассисларни меҳнат қилиш, муносиб иш ҳақини олишлари каби вазифалар касаба уюшмаларининг алоҳида назоратида.
Қувонирлиси, ёшларимизга устоз ва мураббийлар берган таълим тарбиялари бугунги кунда ўз ҳосили бериб келмоқда. Хусусан, икки йилдан бери ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Энг фаол ёш алоқачи” ва “Энг ёш фаол дастурчи” номинациялари бўйича ташкил этиб келинаётган танловларда ғолиб деб топилган ёшлар ҳомий ташкилотлар ва касаба уюшмаларининг маҳсус рағбатлантирувчи - грантларига муносиб бўлмоқдалар.
Дарҳақиқат, ёш авлодни маънан етук, тафаккур олами кенг ва билимли инсонлар этиб тарбиялаётган ўқитувчи-мураббийлар тимсолида эртанги кунимизнинг порлоқ келажагини, Ватанимиз тараққиёти учун сидқидилдан хизмат қилувчи ўғил-қизларимиз бахтини кўрамиз. Юраги ғайрат-шижоатга тўла, ёшлар тарбияси йўлидаги масъулиятли вазифани ўз зиммаларига олган устозларга миннатдорчилик билдирамиз.
Қалби эзгуликларга йўғрилган азиз устозлар, меҳридарё муаллимлар!
Барчангизни ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами билан чин қалбимиздан табриклаймиз! Сизнинг юксак масъулиятли, машаққатли ва шарафли меҳнатингизда зафарлар, оилавий ҳаётингизда эса бахт, омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.