Айтиш мумкинки, Республика кенгаши ўтган вақт мобайнида тармоқда касаба уюшмаси ташкилотларининг ўрнини янада мустаҳкамлаш, улар фаолиятини кенгайтириш борасида кўзга кўринарли ишларни амалга оширди. Жойларда ўтказилаётган “Касаба уюшма куни” ва “Маънавият соатлари”нинг таъсирчанлиги ошиб, ўз самарасини бермоқда. Тизим корхона, ташкилот ва муассасаларида касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат муҳофазаси бўйича йўлган қўйилган яқин ҳамкорлик меҳнат жамоаларида ўзаро жипсликни мустаҳкамлаб, юқори иш самарадорлигига эришишида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Сўзимизнинг исботи сифатида ўтган йилда иш берувчилар ва касаба уюшмалари ҳамкорликда амалга оширилган ишларга тўхталсак. Хусусан, ҳисобот даврида жамоа шартномалари орқали соҳада меҳнат қилаётган 30 мингдан зиёд ходимлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтожларга жами 24,6 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Иш берувчилар ҳисобидан 1255 нафар, ижтимоий суғурта ҳисобидан 334 нафар ходимнинг санаторий, дам олиш уйларида соғлиқ тикланиб, ҳордиқ чиқаришлари таъминланди. Ёз мавсумида алоқачиларнинг 5384 нафардан зиёд фарзанди “Ўзбектелеком” АК тасарруфидаги ва мактаб қошидаги оромгоҳларда дам олдирилди. Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоа шартномаларида белгиланган 841та тадбирлардан 817 таси бажарилиши таъминланиб, бу йўналишга иш берувчиларнинг 2,9 миллиард сўмлик маблағлари сарфланди. Ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни спортга кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирларда жами беш мингдан зиёд ходимлар, айниқса, аёллар ва ёшларнинг мусобақаларда фаол қатнашишига эришилди. Бошланғич ташкилотларнинг фаолиятларни янада кучайтириш мақсадида “Энг намунали бошланғич ташкилот”, меҳнат муҳофазаси бўйича “Энг яхши корхона”, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил” кўрик-танловлари ўтказилди.
Республика кенгашига келиб тушган 149 та мурожаатлар ўз муддатида кўрилиб, муаллифларига жавоб берилди.
“Кексаларни эъзозлаш йили Давлат дастури” ижросини таъминлаш мақсадида иш берувчиларнинг жами 1 миллиард 348 миллион 500 минг сўм, касаба уюшмалари ҳисобидан 356 миллион 100 минг сўм маблағи йўналтирилди. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида 1103 нафар меҳнат фахрийси ҳамда кексаларнинг Самарқанд, Қўқон, Хива, Бухоро, Тошкент шаҳарларига саёҳати уюштирилди.
Раёсат йиғилишида ана шулар ҳақида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев батафсил сўз юритиб, эришилган ютуқлар билан бирга, касаба уюшмалари фаолиятида айрим камчиликлар ҳам учраётганини айтиб, уларнинг сабабларини батафсил таҳлил қилди. Маърузачи муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, иш берувчилар билан тизимли ишлаш касаба уюшма фаолларининг энг муҳим вазифаси эканлигини алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда, шунингдек, Республика кенгаши ва тизимдаги бошланғич ташкилотлар томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили Давлат дастури” ва тармоқ дастурининг бажарилиши якунлари, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси бирлашган, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бошланғич ташкилотлари фаолияти, Тошкент вилояти алоқа корхоналари касаба уюшмаси ташкилотларида ижро интизоми, мурожаатларни ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши ва шартномавий муносабатларни ўрганиш натижалари, 2015 йил давомида касаба уюшма бюджети ҳамда ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ишлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, жорий йилда “Маънавият соатлари” ва “Касаба уюшма куни” ўқув машғулотларини ташкил этиш тўғрисидаги ва бошқа масалалар муҳокама этилди. Муҳокамалар жараёни қизғин ўтди. Айниқса, аввалари ходим меҳнат таътили давомида санаторий ёки дам олиш уйларига аъзолик бадаллари маблағи ҳисобидан фақат ўзи учун йўлланма олиш имконига эга эди. Ҳозирда у яқин қариндошига ҳам йўлланма олиб бериши мумкин. Аммо бундан кўпчилик бехабар. Шу сабабли ҳам касаба уюшмаси фаоллари ходимлар ўртасида бу имтиёзни кенг тарғиб қилишлари зарур. Яна бир янгилик шуки, жорий йилдан бошлаб, “Касаба уюшма куни” ўқув машғулотлари жадвал асосида турли мавзуларда тегишли корхона, ташкилот касаба уюшмалари қўмиталарида ўтказилиши тасдиқланди. Бу янгилик ҳам касаба уюшма қўмиталари раислари ва фаолларига ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратади.
Раёсат йиғилишида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгуси устувор вазифалар белгилаб олинди.