22.12.2024
ico-rss

Ishonch telefoni / Телефон доверия

(+99871) 2565685

СОҒЛОМ ОНА — СОҒЛОМ АВЛОД ГАРОВИ!

User Rating:  / 1
PoorBest 

Юртимизга кириб келган кўклам фасли ўзи билан чор-атрофга янгиланиш, ёшариш нафаси ила зеб бериб, наботот оламига гул-чечаклари билан оро берди. Кўклам ўлкамизга нафақат гўзаллик, яшиллик сепини ёзди, балки ўзи билан қувонч ва шодиёналарга тўлиқ байрамларни ҳам етаклаб келди. Унинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда энг нафосатли айём хотин-қизлар байрами, халқимизнинг севимли байрами – “Наврўзи олам” кенг нишонланади.

Маълумки, аёлни улуғлаш–оилани, Ватанни, ҳаётни улуғлашдир. Ўзбекистонда доимо аёллар, айниқса, ўсиб келаётган ёш қизларимизга, уларнинг саломатлиги, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, мамлакатимиз алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳаси тизимидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш орқали саломатлигини мустаҳкамлаш, аёлларимиз, айниқса, қизларимизни маънавий-аҳлоқий камолотга йўналтириш, уларнинг руҳиятини, иймон-эътиқодини, иродасини одамийлик, инсонпарварлик, юртпарварлик, меҳр-оқибат, саҳоват ва келажакка ишонч фазилатлари билан бойитиш, давлатимиз томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган муносиб шароитлардан оқилона фойдаланиш, жамиятда, оилада ўз ўринларини топиш ва соғлом авлодни тарбиялаш, оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ичкиликбозлик ва гиёҳвандликнинг олдини олиш кабилар касаба уюшмаси қўмиталарининг асосий вазифаларига айланган.

Юртимизга кириб келган баҳор айёмининг байрамлари арафасида Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳамкорлигида кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритаётган аёллар ўртасида “Соғлом она — соғлом авлод гарови” шиори остида Аёллар спорт фестивали ўтказилди. Мазкур тадбини ташкил этиш ва ўтказиш тасдиқланган Низом асосида ташкил этилди ҳамда бу борада махсус Ишчи гуруҳлар фаолият олиб борди.

Маълумки, ушбу нуфузли спорт тадбирининг туман босқичи саралаш ўйинлари ўтган йилнинг декабр ойида бошланган эди. Уларда “Ўзбектелеком”, «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компаниялари, “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ, “Алоқабанк” ОАТБ Республика, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва алоқа корхона, ташкилот, муассасалардан ҳамда туман, шаҳар филалларидан 1500 зиёд хотин-қизлар қатнашдилар.

Эътиборлиси, соҳанинг барча корхоналари вакилалари вилоятлардаги мусобақаларнинг саралаш босқичларида фаол иштирок этишди. Шу тариқа, финал босқичида қатнашадиган вилоят терма жамоалари шакллантирилди. Мусобақалариспортнингшахмат, рус шашкаси ва стол тенниси бўйича аёллар ўртасида яккахон тартибда, волейбол ва кўп кураш жамоа таркибида ўтказилди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган мусобақлар бўйича энг юқори натижаларга эришган иштирокчилардан иборат 2та ҳамда вилоятлардан 1тадан жами 15та терма жамоалар таркибида 165 нафар аёллар Фестивалнинг якуний Республика босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.

Аёллар спорт Фестивали иштирокчилари 2014 йилнинг 5 март куни Самарқанд шаҳрида кутиб олинди ҳамда “Азия-Самарқанд” меҳмонхонасига жойлаштирилди.

Аёллар спорт фестивали бўйича мусобақалар Самарқанд Давлат унивеситети спорт залида республикадан келган қатнашчиларнинг шўх-шодон мусиқалар садоси остида ҳар бир вилоят номи ёзилган тахтачалар билан залга бирин-кетин кириб келишлари паради билан бошланди.

Самарқанддаги Ҳамид Олимжон номидаги театр актёрлари томонидан соҳибқирон Амир Темур сиймоси, унинг яқин сафдоши, умр йўлдоши Бибихоним, фарзандлари Шохруҳ Мирзо, набиралари Мирзо Улуғбек каби ватан ва халқ равнақи йўлида ўзларининг беқиёс хизматлари билан эл ичида танилган инсонлар сиймолари гавдаланган театрлаштирилган саҳна кўриниш, жажжи спортчи болаларнинг таэквандо спорт туридаги чаққон ҳарактлари билан уйғунлашди.

Спорт мусобақаларини тартибли ва юқори савияда ўтишини ташкил этиш мақсадида терма жамоалар ўртасида қура ташлаш ва алоҳида ишлаб чиқилган режа асосида амалга оширилди. Фестивал мусобақалари, асосан спортнинг беш тури бўйича ўтказилди. Шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол ҳамда кўпкураш мусобақалари бўйича вилоятлараро беллашув қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.

Мусобақаларнинг шахмат ва шашка турларида қатнашчилар ҳар қандай қийин вазиятларда муаммолар ечимини осонлик билан ҳал этишлари, теннис ўйинларида иштирокчиларнинг чаққон ва чапдастликлари, волейбол ва кўпкураш мусобақаларида тез ва қисқа фурсатларда кўзлаган мақсадларига ҳеч қандай қийинчиликсиз етишишларини намойиш қилдилар. 

Спортнинг рус шашкаси тури бўйича ўтказилган мусобақаларда Андижон, Наманган, Бухоро вилояти, шахмат бўйича ўтказилган мусобақада Андижон Тошкент шаҳар-2 ва Самарқанд вилоят терма жамаолари аъзоларига насиб бўлди.

Якуний натижаларга кўра стол тениси бўйича 1-даражали диплом билан Тошкент шаҳри-1 терма жамоаси аъзоси, 2-даражали диплом билан Сирдарё вилояти терма жамоа аъзоси ва 3-даражали диплом билан Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоаси аъзоси тақдирланди.

Кўп кураш мусобақаларида учинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоасига, иккинчи ўрин Фарғон вилоят терма жаомасига ва биринчи ўрин Навоий вилоят терма жамоасига насиб этди.

Мусобақанинг зўр шиддат ва жасорат билан ўтказилган волейбол белашувида аёлларнинг спортга бўлган қизиқишлари, ёшига қармай эпчил ва чақонлиги, сабр ва матонати яққол намаён бўлди. Мазкур мусобақада ғолиб ҳам мағлуб бўлган терма жаома ҳам майдонни табассум ила тарк этди. Ғолиблик супасининг учинчи ўрнига Сурхондарё, иккинчи ўринига Тошкент шаҳар-2 ва биринчи ўринга Тошкент шаҳар-1 терма жамоалари кўтарилди. 

Кечки пайт “Азия Самарқанд” меҳмонхонасида вилоятлардан ташриф буюрган фестивал қатнашчилари томонидан маънавий-маърифий кеча намойиш этилди.

Кечада ҳар бир терма жамоалар томонидан “Соғлом бола йили” ҳамда “Соғлом она-соғлом авлод гарови” шиори остида тайёрланган маданий чиқишлар спорт фестивалига ўзгача тус берди.

Айниқса, андижонлик меҳмонларнинг Андижон полкаси, хоразмлик вакилларнинг лазги мусиқалари остидаги шўх ва шодон рақслари, бухоролик қатнашчилар ижросидаги “Келинлар қўзғолони” спектаклининг алоқачи-спортчилар образидаги янги кўриниши ва фарғоналиклар томонидан турмуш чорраҳаларидаги қайнона-келин ўртасидаги муаммолар, Тошкент ва навоийлик меҳмонларнинг бугунги кун ёшларининг автобус ва кўча-хиёбонлардаги ёши катталарга бўлган ҳурмат-эътиборларини ўрнига қўймаслик муносабатлари, бошқа вилоятдан келган вакиллар ҳам соғлом авлодни тарбиялаш, оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш каби театрлаштирилган саҳна кўринишларини намойиш этдилар. 

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари мусобақаларнинг эртаси куни Имом ал-Бухорий мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Шоҳи Зинда, Ал-Мотуридий, Ҳазрати Дониёр пайғамбар қабри, Ҳазрати Хизр масжиди ва Регистон майдони каби шаҳарнинг тарихий манзилларини обод, сўлим ва гўзал диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишди.

Спорт фестивали якуни 7 март куни “Маржон” таънтаналар уйида байромана дастурхон атрофида мусабақа ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғаларни таътанали топшириш ҳамда маданий, қўнгилочар чиқишлар билан якунланди. 

Соҳада фаолият юритаётган аёллар ўртасида “Соғлом она — соғлом авлод гарови” шиори остида ўтказилган Аёллар спорт фестивали Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан илк маротаба уюштирилган бўлиб, алоқачи хотин-қизларнинг уй юмушларида, ишдан бўш пайтлари спортда ва маънавий-маърифий ишларда ҳам бенуқсон фаолият кўрсатишлари яққол намоён бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси А.Ишанходжаев, Республика ахборот кутубхона маркази директори А.Абдуазизов, Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқарма бошлиғи Д.Хўжамбердиев, “Ўзбектелеком” АК маъсул ходимлари, “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ, “Алоқабанк” ОАТБ, “Электомагнит мослашув маркази”ДУК, Республика радио, телевидение узатиш маркази вилоят филиал раҳбарлари, Самарқанд вилояти алоқа корхона ва ташкилот раҳбарлари, оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий Кенгаши мазкур тадбирга ҳомийлик қилган барча ташкилотларга ўз миннатдорчилигини билдиради.

Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси

Марказий кенгаши масъул ходими

Раъно Тўраева

 

©2008-2024 O'zbekiston aloqa xodimlari kasaba uyushmasi markaziy kengashi