22.12.2024
ico-rss

Ishonch telefoni / Телефон доверия

(+99871) 2565685

Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгашининг стипендияси ва уни тайинлаш тартиби тўғрисида Низом

 

1. Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгашининг (келгусида -МК) стипендияси ўқишда, ижтимоий ҳаётда, илмий изланишларда муваффакиятларга эришган ҳамда касаба уюшмаси фаолиятида фаол иштирок этаётган Марказий кенгаш тизимидаги олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талаба-ўқувчиларига МК раёсати қарорига биноан тайинланади.

2. Талаба-ўқувчиларга тайинлаш учун белгиланган МК стипендиясининг квотаси ҳар ўқув йилида олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларининг ҳар биридан - 1 тадан белгиланади. Ҳар бир ўринга камида 3 та номзод тақдим этилади.

МК стипендияси олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талаба-ўқувчилари учун -Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг 1(бир) баробаригача микдорида, МКнинг касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан молиявий имкониятдан келиб чиққан ҳолда ўқув йилининг ҳар ойида ўқув муассасанинг ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

3. МКнинг стипендиясига ўқишни аъло баҳоларга ўзлаштираётган, алоқа ва ахборотлаштириш сохасидаги илмий-тадқиқот ишларида муваффақиятларга эришган, ижтимоий ҳаётда ва касаба уюшма фаолиятида фаол иштирок этаётган, республика олимпиадалари ғолиблари ва совриндорлари, соҳага оид дастурлар ва изланишларда қатнашаётган талаба-ўқувчилари даъвогар бўлишлари мумкин.

4. Тақдим этиладиган номзодлар рўйхати ўқишдаги, илмий ва ижтимоий фаолиятидаги муваффақиятларини инобатга олиб, олий ўқув юрти ва ўрта-махсус билим юртларининг илмий, ўқув (педагогик) Кенгашларида муҳокама қилиниб, уларнинг тавсиясига мувофиқ МК раёсатида стипендиясини тайинлашга лойиқлиги кўриб чиқилади.

5. МК стипендиясини тайинлашга такдим этилаётган номзод учун қуйидаги ҳужжатлар ўқув муассасаларнинг касаба уюшма қўмитаси раиси ҳар йили 1 августгача соҳа бўйича Республика бирлашган касаба уюшма қўмитасига топширилади:

-  синов дафтарчасидан кўчирма;

-  деканат, кафедра, касаба уюшма қўмитаси тавсияномаси;

-  тавсифнома (характеристика);

-  ўқув муассасанинг ҳисоб-рақами кўрсатилганҳамда олий ўқув юрти ва ўрта-махсус таълим муассасасининг илмий, ўқув (педагогик)Кенгашининг қароридан кўчирма;

-  совриндор хизматларини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

-  илмий ишлар нусхалари ва бошқа қўшимча маълумотлар;

-  номзоднинг ижтимоий аҳволи тўғрисида маълумотнома.

Барча ҳужжатлар бир нусхада йиғма жилд (файл папка)да жойланиб тақдим этилади. Йиғма жилд муқовасида ўқув муассасанинг номи, номзоднинг исми ва фамилияси, факультет(бўлим) номи кўрсатилади.

6. Соҳа бўйича Республика бирлашган касаба уюшма қўмитаси МК стипендиясига номзодларнинг ҳужжатларини ҳар йили 10 августга қадар МКга тақдим этилиши шарт.      

7. МКнинг ташкилий масалалар бўйича масъул ходими 10(ўн) кун муддатда МК стипендиясига тақдим эилган номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқади, умумлаштириб таҳлил қилади ва МК раёсатига тасдиқлаш учун киритади.

8. МК стипендияси бир ўқув йили учун тайинланади.

9. МК стипендияси талаба ва ўқувчиларга олий ўқув юрти ва ўрта-махсус билим юртлари илмий, ўқув (педагогик) Кенгашининг йиғилишида тантанали равишда эълон қилинади.

10. МК томонидан совриндор талаба-ўқувчиларга белгиланган тартибда гувоҳнома (сертификат, диплом) берилади.

11. МК стипендияси тайинланган талаба-ўқувчилар кундалик дарсларни ўзлаштиришда, ўқув интизоми ва одоб-аҳлоқни бузган ҳолатларда олий ўқув юртлари ва ўрта махсус билим юртлари илмий, ўқув (педагогик) Кенгашларининг мурожаатига кўра, МК стипендиясини бериш МК Раёсати қарори билан тўхтатилади.

 

©2008-2024 O'zbekiston aloqa xodimlari kasaba uyushmasi markaziy kengashi