Эртаси куниёқ янги йил Ҳиндистонга йўл олади. Умуман олганда, Ҳиндистонда янги йил сифатида нишонланадиган нақ саккизта сана бор. Масалан, ҳиндларнинг Гуди Падва кунида ним-нима дарахтининг жуда аччиқ ва ёқимсиз баргларидан татиб кўриш керак. Уларнинг иримига кўра, бу инсонни турли дард ва балолардан асрайди, ва ҳайратланарлиси — ширин ҳаёт кечиришига замин яратади.
Ҳаммамизга машҳур ҳазил куни — 1 апрелда Одесса (Украина)да янги йил нишонланади. Уларнинг фикрича, 1 апрель — янги кулгу йилининг бошланишидир, ана шунақа.
Апрель ойининг 13-санасида Янги йил Шри-Ланка ва Непалга етиб келади ва байрам табиат энг чиройли тус олганвақтда нишонланади.
Жазирмадан силласи қуриган Лаосга Янги йил байрами 14 апрелда — аҳоли ёмғир мавсумини кутаётган паллада ташриф буюради.
Бирмада эса аксинча, тропик ёғинлардан сўнг — апрель ойининг 12-17-саналари оралиғида Янги йил нишонланади. Байрамнинг аниқ санасини ҳар йили маданият вазирлиги томонидан белгиланиб, янги йил байрами уч кун нишонланади.
1940 йилда Таиланд ҳукумати янги йил байрамини 1 январда нишонлаш ҳақида қарор чиқарган бўлсада, Таиланднинг бош байрами — апрель ойининг иккинчи ўн кунлигида нишонланади.
Ана энди янги йил энг иссиқ фасл бўлмиш - ёз ойига ташриф буюради. Мевалар ғарқ пишган паллада Майя қабилалари 16 июль куни байрамни кутуб оладилар. Жибути ва Нигерга эса бу байрам август ойида етиб келади.
1 сентябр - йўқ бу Суриянинг мустақиллик байрами эмас, ўқув йили ҳам эмас, шунчаки олтин куз фаслида мамлакатга янги йил кириб келади. Бу байрам куз ойларида яҳудийларнинг оиласида ҳам нишонланди.
10 кунлик фарқ билан айнан 11 сентябр куни нишонланувчи Янги йил -Эфиопия (Ҳабашистон)да ёмғир мавсуми якунланганидан дарак беради.
Мана октябр ойига ҳам етиб келдик. Ҳўш бу ойнинг 7 санасида Гамбия байрам дастурхонини безайди. Улар қаторида Индонезияда ҳам байрам нафаси юрт кезади. Бу давлатларда байрам инсонларнинг янги кийим кийишлари ва ўтган йилдаги дилхираликлар учун бир-бирларидан кечирим сўрашлари билан бошланади. Ҳа аввалом бор кечирим сўрайдиган ишни қилиш керак эмас, қўлингдан келса яхшилик қил, келмаса ёмонликка қўл урма дейишади-ку, бизнинг бомо ва момоларимиз.
Ҳўш, азизлар - 18 ноябрда янги йил Яман чегарасини кесиб ўтади. Ноябрь ойи ўрталарида Океаниядаги оролларда ва Гавай оролларида ҳам янги йил байрам қилинади.
31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси ҳозир, айниқса ёшларимиз ўртасида «Хеллоуин» номи билан машҳур. Бироқ бу айнан шу тунда кельт тилларига мансуб халқлар яшовчи давлатлар (Шотландия, Ирландия, Мэн ороли) да кельт Янги йили — «Сайману» нишонланади.
Янги йилни Австралияликлар одатдагидек 1 январь куни нишонлайди. Аммо қизиқ томони бу пайтда уларда ёз фасли бўлади ва ҳаво шунақанги иссиқ бўлганидан Қорбобо ва Қорқиз совғаларни чўмилиш кийимида тарқатишади.
Эскимосларда эса янги йил энг оригинал кунда қарши олинади. Яъни уларда қачон биринчи қор ёғса, ўша кун — Янги йил!
Қадимги Мисрда эса Янги йил ёз фаслида, Нил дарёси тошган вақтда нишонланган. Олимпиада ўйинлари ватани ҳисобланмиш Қадимги Юнонистонда Янги йил 22 июнь кунида нишонланган экан. Бу санани улар йилнинг энг узун куни бўлганлиги учун Янги йил сифатида қабул қилишган.
Италияликлар Янги йил кечасида деразаларидан эски буюмларини улоқтиришлари сизга маълум бўлса керак. Уларнинг деразасидан кўчага гул тувак, эски стуллар, оёқ кийимлар, майда буюмлар ва яна шунга ўхшаш кўплаб ашёлар «учиб тушади». Баъзида улар орасида қимматбаҳо жиҳозлар ҳам бўлади. Улар бундан зинҳор ҳайиқишмайди. Сабаби италияликларнинг фикрича, қанча кўп нарсани ирғитишса, уларга Янги йилда шунча кўп бойлик олиб келади. Фақат сизга кичкина бир маслаҳат. Агар мабодо Янги йил арафасида Италияга бориб қолсангиз, ҳеч иккиланмай бошингизга каска кийиб олаверинг. Акс ҳолда....
Венгрияда Янги йил куни пулга ювинишар экан. Уларнинг фикрича, бундай қилишса уларга йил бўйи муҳтожлик яқин йўламас эмиш. Хитойда Янги йил базми мушакбозликсиз ўтмайди. Янги йил кечасида турли хил шаклдаги мушаклар Хитой осмонини безайди. Хитойда яна бир ажойиб одат бор – Янги йилнинг биринчи кунида сўкиниш ва ўзаро жанжаллашиш қатъий таъқиқланган. Янги йил кирган куни Японияда 108 марта қўнғироқ чалинади. Кун чиқар юрт вакиллари ишонишадики, ҳар бир қўнғироқ чалинганда улардаги салбий ҳислатлар биттадан камаяди. Хусусан, очкўзлик, бахиллик, ёвузлик, калтабинлик, ялқовлик шулар жумласидандир. Шунингдек, Японлар Янги йил куни эшикларини учта дарахт барглари билан безайдилар. Буни ўзига хос маъноси бор. Яъни қарағай – узоқ умр рамзи, бамбук – садоқат рамзи, олхўри – ҳаётни севиш рамзи.
Янги йилнинг қайси бирини қачон ва қандай нишонлашингиз ўзингизга ҳавола. Асосийси — бу кун унутилмас ва ҳақиқий байрам бўлсин!