Демак, Янги йил байрами олди қилиниши зарур бўлган ишлар.
Қарзларни узиш. Ҳа албатта янги йил кириб келишидан аввал қарзларингиз бўлса улардан қутилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳеч бўлмаганида асосийларидан ёки бўлмаса бир қисмидан қутилиш даркор. Келгуси йилга қанчалик кам қарзсиз ёки умуман қарз бўлмаган ҳолда ўтсангиз шунчалик кириб келаётган йил сиз учун омадли ва даромадли бўлиши аниқ.
Хафагарчиликларни унутиш. Йил давомида рўй берган кўнгилсизликларни ва сизни хафа қилган инсонларга нисбатан бўлган хафагарчилигингизни унутинг. Янги йилга ғам андуҳсиз ва гина-қудратсиз ўтинг.
Ота-оналаримизга вақт ажратиб эътиборли бўлиш. Пойтахт ҳаёт тарзи ва кундалик ишлари билан бизнинг энг яқин инсонларимиздан бири бўлмиш ота-оналаримизга етарли даражада вақт ажратишга имконимиз бўлмайди. Шу сабабли яқинлар билан биргаликда кечани ҳуш кайфиятда шинам бир муҳитда ўтказишга ҳаракат қилинг. Ота-оналарингиз сизга ёшликда ўтказиб берган байрамлар каби, сиз ҳам уларга унутилмас оила даврасидаги кичик байрам уюштириб беринг.
Яхшилик қилиш. Янги йил эшик қоқиб турган бир вақтда ўзингизда яхшилик фариштасига айланиш имкони мавжуд. Дўстларингиз билан болалар уйига ёки бўлмаса қариялар уйига бориб қизиқарли бир сахна кўриниши ташкиллаштириб беринг. Бундай имконингиз бўлмаса, ҳеч бўлмаганида оз бўлса ҳам эҳтиёжларни қондириш учун пул атасангиз аъло даражадаги иш бўлади. Ахир ҳаммамиз қўлимиздан келганича кимларгадур ёрдам беришимиз совоб ишлардан бири-ку.
Кераксиз нарсалардан холос бўлиш. Бу ишни ўзингизнинг гардеробингиздан бошласангиз маъқулроқ. Киймайдиган аммо ҳали янги бўлган либосларингизни етимхоналарга олиб бориб беринг. Яшаётган уйингизда ишлатмайдиган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган нарсаларни сақлашнинг ҳеч бир нафи бўлмайди. Улардан холос бўлинг ва уларни ўрнини янгилари эгаллаши аниқ.
Уйни безатиш. Албатта уйимизни янги йил байрами шарафи билан безатиш азалий урфдир. Шу сабабли гирляндалар, ёрқин рангли чироқлар, пуфакчалар, ўзингизнинг қўлингиз билан ясаш учун рангли қоғозларни ҳозирлаб олинг ва тезда уйни безатишга киришинг. Бу иш оила даврасида маслаҳатлашган тарзда қилинса, ҳаммаси тайёр бўлганидан кейин безатилган уйни томоша қилиш янада мароқли бўлади.
Байрам арчасини безатиш. Ҳа, уйни безатгандан кейин албатта арчани ҳам безатиш ёдингиздан кўтарилмасин. Ахир у Янги йил байрамининг рамзий дарахти-ку.
Муҳим сўзларни айтиш. Дилингизга тугиб қўйган гапларингиз борми? Ёки бўлмаса анчадан бери айтишга журъат қила олмаяпсизми? Янги йил байрами айни дилдаги сўзларни айтиш вақтидир. Кўнглингизни очинг ва бахтиёр бўлинг.
Агар сиз байрамни уйда яқинлар даврасида кутиб олишни танлаган бўлсангиз, у ҳолда албатта янги йил дастурхонига қўйиладиган таомлар тартибини тузиб олинг.
Яшаётган шаҳрингизда янги очилган жойларга ташриф буюриш. Албатта биз яшаётган гўзал пойтахтимизда йил давомида жуда ҳам шинам масканлар очилган. Албатта у ерларга ташриф буюринг.
Ваъдалар устидан чиқиш. Агар сиз бирон кишига ваъда берган бўлсангиз, албатта уни бажаринг.
Ўз қўлимиз билан бирон нарса ясаш. Яқинларингизга ўз қўлингиз билан бирон нарса ясаб ҳадя қилсангиз, бу энг қимматбаҳо совғадан ҳам ортиқроқ бўлади. Масалан, тўқилган шарф, ясалган браслет ёки бўлмаса табрикнома жуда ҳам яхши ҳадя бўлади.
Миннатдорчилик билдириш. Сизни ўраб турган барча инсонларга улар сизнинг ҳаётингизда борликлари учун миннатдорчилик билдиришни унутманг.
Кириб келаётган ЯНГИ ЙИЛ қутлуғ бўсин ва Сизга тинчлик-тотувлик, бахт-саодат, соғлиқ-саломатлик, омад, қувонч олиб келсин, барча эзгу ниятларингиз рўёбга чиқсин.