22.12.2024
ico-rss

Ishonch telefoni / Телефон доверия

(+99871) 2565685

АЙЁМ ТАРИХИ

User Rating:  / 0
PoorBest 

"Авесто"да Наврўзнинг расман байрам қилиниши маздопарастлик динининг асосчиси Зардуштнинг дунёга келиши билан боғланади. Зардушт (эрамиздан олдинги 623-554 йиллар) баҳор кунларидан бирида қаҳқаҳа уриб туғилади. Ўша куни олам нурга тўлади, қуёш янада чарақлаб кетади. Бутун мавжудот ял-ял яшнайди, меваю зироатлар, ғаллалар серҳосил бўлади, молу қўйлар эгизак туғишади, дарёю чашмалар сероб бўлади, қуёш нурини бутун коинотдан дариғ тутмайди, мамлакат тинч, эл фаровон бўлади. Ана шу санани – баҳор ойи Фарвардиннинг 21-кунини Ахурамазда йилнинг биринчи куни – Наврўз деб белгилашни буюради.

Афсоналарга қараганда, Одам Ато Момо Ҳаво билан учрашган кун Наврўз деб тан олинган эмиш. Фирдавсийнииг «Шоҳнома»сида янги йил байрами шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Етти иқлимни ўз тасарруфига киритган Жамшид Дамованд юртга яхшилик қилиш мақсадида одамларга касб ўргатади, темир эритиб қурол ясатади, ип йигиртириб кийим тўқитади, иморатлар барпо қилади, табиблик сирларини очади, кема ясайди, боғ бунёд қилади. Ниҳоят, «ишлари гуркираб берганда мева» бир куни тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади. Ушбу афсонага кўра худди шу куни Наврўз нишонланган.

Подшоҳ Жамшид замонида башарият қариш ва ўлимни билмаган, ер юзи гул-гул яшнаб, одамзот, барча маҳлуқотлар кўпайган, Тангри улар учун неъматларни беҳисоб қилган. Кунлардан бир кун Жамшид саҳрога чиқиб, қамишзорлар оралаб бораётса, ҳар бир ниҳолдан аллақандай мўъжизавий шарбатлар оқиб турган экан. Қўл узатиб, ялаб кўрса, жуда ширин экан. Ўша куни одамларга бу шарбатларни йиғиб олиб, наврўзий кунлар бир-бирига тарқатишни буюрибди ва бу шакар қамишни сунъий усулда ўстиришни жорий қилибди. Наврўз кунлари кишиларнинг бир-бирларига турли ширинликлар пишириб тарқатиши, қанд-қурслар инъом этиши ўшандан қолган экан.

Буюк қомусий билим соҳиби Беруний ҳам "Осор-ал-боқия" китобида Наврўз тарихини батафсил ёритган. Олимнинг таъкидлашича, Ажам юртлари подшоҳлари замонида Наврўз олти кун байрам қилинган.

Байрамнинг биринчи куни шаҳаншоҳ халқ ҳузурига чиқиб, оташкада майдонида тантаналарнинг расман бошланганлигини эълон қилган. Етим-есирлар, кам таъминланган, муҳтож оилаларга эҳсонлар тарқатилган, умумхалқ ҳашари – ариқ-зовурлар, сув дамбалари, ҳовузлар, кўчаю хиёбонларни поклаш ишлари бошлаб юборилган. Иккинчи куни эса, шоҳ амалдор зодагонларни тўплаб, байрам билан қутлаган, қилинадиган ишлар ҳақида маслаҳатлашиб олган. Учинчи кун подшо зардуштий уламолар билан машварат қурган, тўртинчи куни эса сарой аҳли билан байрам тантаналарини нишонлаган. Бешинчи куни шоҳ ҳамда вазирлар, қариндош-уруғлар, фарзандлар учун "ийд дастурхони" ёзилган. Олтинчи куни шоҳ фақат ўз хонадони билан байрам қилган. Шунинг учун бу кун "Наврўзи бузург" деб аталган.

Соғинганман, ҳилол ойнинг балқишини,

Бўтана сув гоҳо тиниб қалқишини,

Баҳоройим, чорлаб келгин бахт қушини -

Ўшал қушнинг бахт беришин соғинганман!

Алишер Навоий «Тарихи мулуки ажам» («Ажам шоҳлари тарихи») асарида Жамшиднинг буюк кашфиётлари сўнгида улуғ Наврўз ихтиро қилинганлигини баён қилади. Навоий ёзишича: «Жамшид «Чиҳил минор» номли одамзод кўрмаган ва ақл бовар қилмайдиган баланд бино қуриб, олам саломин ва ашров ва аҳбарин йиғиб, анда азим жашн қилди. Ул вақтким, қуёш нуқта эътиқодли рабийға тақвил қилиб эрди ул бинода тахт устига ўлтириб, адолат сайт ва садосин оламға мунташир қилди ва ул кунининг отин наврўз қўйди».

Сарчашмаларда Тангри барча маҳлуқотларни яратган биринчи кун, "фаришталар яратилган кун", "Қуёш, у замонанинг кўзи" бўлгани учун байрам қилишни буюрган, деб уқтирилади.

Умар Хайёмнинг муқаддима ва хотимадан ташқари 14 бобдан иборат "Наврўзнома" асарининг "Мўъбадларнинг мўъбадини келиши ва Наврўзнинг келтирилиши", "Ажам подшоҳларининг удумлари" бобларида қадимги Турон ва Эрон халқларининг турли удумлари, тақвимлари, Сада, Меҳржон ва Наврўз байрамлари ҳақида кенг маълумот беради, улар билан боғлиқ афсоналарни келтиради.

Олим Асторий подшоҳ Каюмарсдан тортиб, Сосоний ҳукмдорлардан Яздигурд замонасигача Наврўзнинг байрам қилиниши ҳақида фикр юритар экан, эронийлардаги    12 та йил ойлари номини келтиради. Айни пайтда ҳар бир ойнинг хоссасини батафсил тасниф этади.

Мовароуннаҳрнинг айрим ҳудудлари ва Озарбайжонда Наврўз 13 кун байрам қилинган – Фарвардин – Март ойи уларда шоду хуррамлик кунлари ҳисобланган. 13-куни бутун халқ шаҳар-қишлоқларни тарк этиб, саҳрога, тоғ ён бағирларига кўчиб чиқишган, ҳар хил ўйинлар, мусобақалар уюштирилган, бойчечаклар териб, лапару ўланлар айтишган, турли хил таомлар, наврўзий ошлар пиширилган. Машҳур шоир ва бастакор Борбад Марвазийдан (VI аср) тортиб ўрта асрларгача бўлган даврда яшаган барча шоирлар, бастакорлар Наврўзга бағишлаб "Наврўзи Ажам", "Наврўзи хоро", "Наврўзи бузург" "Наврўзгоҳ" сингари куйлар, кўплаб шеърлар, достонлар битишган.

Юсуф Хос Ҳожибнинг (XI аср) "Қутадғу билиг", Рабғўзийнинг "Қиссасул анбиё", Хоразмийнинг "Муҳаббатнома" (XVI аср) асарларида Наврўз васфига бағишланган алоҳида фасллар мавжуд. Ҳайдар Хоразмий халқ байрами оғзаки ижоди анъаналаридан файз топиб, "Гул ва Наврўз" достонини яратди. Навоийдан тортиб барча шоирларимиз Наврўз васфига бағишлаб кўплаб шеърлар битган, наврўзномалар яратган. Халқ оғзаки ижодида кўплаб қўшиқлар, болалар ашулалари яратилган:

Келди баҳор, гул баҳор,

Тоғлар бўлди лолазор.

Биз тоғларга югурдик,

Бир доман лола тердик.

Дарҳақиқат, Наврўзнинг қачон ва қандай вужудга келганлигини аниқ кўрсатиш қийин бўлса-да, шуни айтиш мумкинки, бу байрам доно кишилар томонидан кашф қилинган. Чунки Наврўзнинг дунёга келиши чуқур илмий асосланган коинот ва табиат қонуниятлари, яъни Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, тун ва куннинг тенглашуви, кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланишнинг бошланиши билан боғлиқ бўлган. Бу эса (ҳар қандай жамиятда) йил боши қачон келишидан қатъи назар Наврўзни уйғониш байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган.

Хуллас, мустақил Ўзбекистонда Наврўз чинакам халқ шоду хуррамлиги, яшариш, табиатнинг янгидан уйғониб, порлоқ келажак умиди билан гуркираб ривожланиши, яратувчилик байрами сифатида нишонланади. У кўҳна, ҳамиша мароқли умумхалқ шодиёнасидир!

 

p style=

©2008-2024 O'zbekiston aloqa xodimlari kasaba uyushmasi markaziy kengashi