22.12.2024
ico-rss

Ishonch telefoni / Телефон доверия

(+99871) 2565685

«Моҳир алоқачи» унвони муборак!

User Rating:  / 0
PoorBest 

 

 

Маълумки, 7 – май куни соҳа ходимлари ўз байрамларини нишонлайдилар.

Алоқачилар касб байрамини нишонлаш учун ушбу сана бежиз танланмаган. 1895 йил 7 май куни алоқачилар касб байрамини нишонланишига асос бўлди.  Йиллар ўтиб айнан шу кунни алоқачилар куни деб эълон қилинди.

Ушбу байрамнинг келиб чиқиши машҳур рус физиги ва кашфиётчиси Александр Степанович Поповнинг фаолияти билан боғлиқ бўлди. Тарихий манбаларга кўра, 1895 йилнинг 7 май санасида Рус физика-кимё жамиятининг Санкт-Петербург университетидаги мажлисида А.С.Попов радиосигналларни ҳеч қандай қўшимча қурилмалар ва симларсиз узата оладиган ва қабул қила оладиган биринчи радиотизим тақдимотини ўтказди.  

Бу кашфиёт ахборот сигналлари алмашинувини амалга ошириш учун ишончли технология эди ва ҳозирда ҳам у алоқа ва коммуникацияни таъминлаш йўлидаги энг керакли восита бўлиб, инсоният тамаддуни тараққиётида янги саҳифа очди.

У бутун дунёда ўзига хос инқилобни юзага келтириб, одамлар орасидаги мулоқотнинг янги принципиал усули яратилишига асос бўлиб хизмат қилди.

Ушбу сана илк бор 1925 йилда нишонланади ва шундан сўнг 1945 йилдан эътиборан ҳар йили нишонланиб келинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, радионинг 50 йиллик тантанаси иккинчи жаҳон урушининг ғалабали ниҳояланиш даврига тўғри келади.

Шу ўринда урушнинг оловли йилларида алоқачиларнинг муносиб ҳиссасини эътироф этиш зарур. Иккинчи жаҳон урушидаги буюк ғалабада алоқачилар амалга оширган хизматларнинг ўрни беқиёс бўлди.

 Ҳозирда эса интенсив технологик ўзгаришлар асрида, Ўзбекистонда инновацион технологияларни жорий қилиш ва ривожлантиришда алоқа соҳаси ходимлари ҳиссасини беҳисобдир.

Мамлакатимизда интернетга кенг полосали уланиш, WI-FI, WI-MAX, 3G ва 4G алоқаси каби янги алоқа технологиялари, шунингдек оперативликни ошириш, ахборот алмашувини янада ривожлантириш учун электрон ҳужжат айланиш тизими видеоконференцалоқа ва бошқа техник воситалар кенг жорий қилинмоқда.

Албатта, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасини ривожлантириш Республикамиздаги бошқа соҳаларни жадал ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади. Ўзларини кундалик меҳнатлари билан алоқа соҳаси ходимлари мамлакатимиз ривожига катта ҳисса қўшмоқдалар.

Сир эмас, бугунги кунда радио билан ҳеч кимни ҳайратга солиб бўлмайди. Инсоният мисли кўрилмаган даражадаги ахборот оқими ичида яшаяпти.  Ҳозирда радиога улкан бир воқелик сифатида қаралмасада, у ҳануз эскирмаган ва ўз долзарблигини йўқотмаган.

7 май – бу юз минглаб алоқачилар, радиотехник мутахассислар, радио ва телевидение каналлари ходимлари, почта хизматчилари, радиофизика факультетлари ўқитувчи ва талабаларининг байрамидир. Бу байрамни яна мамлакатимизда содир бўлаётган муҳим воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ахборотларни етказиб берувчиларнинг ҳам касб байрами десак хеч қандай муболаға бўлмайди.

Кундан кунга алоқа тизимлари автоматлашиб бориб, тараққий этмоқда. Улар маълумотларни узоқ масофаларга узатишга ва бир вақтнинг ўзида бир нечта объектлар ўртасида алоқани таъминлашга имкон беради. Буларнинг барчаси алоқачиларимизнинг хизматидир.

Алоқачиларнинг ҳар кунги машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш осон иш эмас. Бу, энг аввало, доимий меҳнат, янги воситалар ва маълумотлар узатишнинг турли усулларини ишлаб чиқиш ҳамда улардан фойдаланиш демакдир.

Шунинг учун 7-май куни алоқачиларнинг касб байрами нишонланиши муносабати билан, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасининг юқори даражада юксалтириш ҳамда равнақи йўлида фаолият юритаётган, мамлакат иқтисодиёти ва соҳанинг ривожланишига ўзларининг салмоқли ҳиссасларини қўшиб келаётган Вазирлик тизимидаги акциядорлик компаниялари, жамиятлари, корхона, ташкилот, муассасалари ҳамда мобиль алоқа операторларининг раҳбар ходимлари ва мутахассисларининг самарали меҳнатларини рағбатлантириш тадбири ташкил этилди.

Ушбу байрамона кунда соҳасидаги энг яхши раҳбар ва мутахассисилардан 15 нафари “Ўз касбининг устаси” белгиси билан,  21 нафари “Фахрий ёрлиқ” билан ва 4 нафари “Моҳир алоқачи” фахрий унвони билан тақдирландилар.

Тақдирланган қаторида Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаевга берилган “Моҳир алоқачи” фахрий унвони беъиҳтиёр соҳа алоқа корхоналари касаба уюшмаси аъзоларига берилган кўрсатилаётган эътибор деб билиб, барчамизни Ватан равнақи, эл-юрт тинчлиги, меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий, хуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш йўлида амалга ошириб келаётган ишларимизни янада самарали бажаришга чорлайди албатта! 

Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши  аппарати “Моҳир алоқачи” унвони билан тақдирланганлар Ишанходжаев Асрор Аслановични  чин дилдан табриклайди.

  

©2008-2024 O'zbekiston aloqa xodimlari kasaba uyushmasi markaziy kengashi