22.12.2024
ico-rss

Ishonch telefoni / Телефон доверия

(+99871) 2565685

Ёрқин финал!

User Rating:  / 0
PoorBest 

Чорак финал

Ўтиш турнири ўзининг тенгкурашли, жозибали ўйинлари билан ниҳоятда қизиқарли ўтади. Сабаби бу ерда яққол фаворит йўқ, жамоаларнинг кучлари бир-бирига яқин, тактик услублар иккинчи даражага ўтиб, маҳорат, ҳиссиёт ва иштиёқ асосий даражага кўтарилади. Шу туфайли кутилмаган натижалар, ўйин суратининг кескин ўзгариши, баҳс давомида устунликнинг бир жамоадан иккинчи томонга ўтиб кетиши каби ҳолатлар кузатилади бу турнирда.

Чорак финал баҳслари ҳам шундай томошабоп ўйинларга бой бўлди. Унда қуйидаги натижалар қайд этилди:

Мониторинг маркази - ТШТТ-2 – 2:2 (пеналтилар бўйича 5-4)

Электрон ҳукумат – ALSKOM – 3:2

МАТБ (ҳарбий қисм) – ЭМММ – 5:1

UMS – Uzmobile – 3:5

Ярим финал

Агарда чорак финалда айрим жуфтликлар ўртасида қайсидир томоннинг устунлиги бироз сезилган бўлса, ярим финалдаги баҳсларда яққол тенглик кузатилди. Ҳар икки ўйинда ҳам асосий вақтлар дуранг билан якунланди. Финалчилар номи пеналтилар сериясида аниқланди:

Мониторинг маркази – МАТБ – 2:2 (пеналтилар бўйича 2-3) 

Электрон ҳукумат – Uzmobile – 1:1 (пеналтилар бўйича 4-3)  

3-ўрин учун

Одатда финал йўлланмасини бой берган жамоалар тушкунлик туфайли 3-ўрин учун баҳсда иштиёқ кўрсата олишмайди. Айниқса, бу йўлланмалар пенелтилар сериясида бой берилган бўлса, янада аламли. Бироқ “Мониторинг маркази” ҳамда Uzmobile жамоалари 3-ўрин учун баҳсни шунчаки расмиятчилик учун ўтказишмади. Жамоалар мусобақани қандай иштиёқ билан бошлашган бўлса, шундай тугатишга қарор қилишди. Қолаверса, 3-ўрин учун ҳам медаллар ва мини-кубок қўйилган, ким ҳам бундай имкониятни бой беришни истайди?! Ўйин кескин, қизиқарли курашларга бой бўлди. Бироз устунликка эришган “Мониторинг маркази” жамоаси турнирнинг фахрли 3-ўринини қўлга киритди.

Мониторинг маркази – Uzmobile – 2:1

Финал

Мусобақанинг бир неча йиллик тарихида бундай ёрқин финал камдан-кам кузатилган. Нафақат жамоалар, балки мухлислар ҳам финал баҳсига жиддий тайёргарлик кўришди. ТАТУ спорт зали трибуналарининг бир тарафи ҳарбий қисм аскарлари билан тўлган бўлса, иккинчи томонни “Электрон ҳукумат” маркази ишқибозлари тўлдиришди. Уларнинг ўйин давомида қўллаб-қувватлашлари остида жамоалар ёрқин ўйин намойиш этиб беришди.

  

Биринчи бўлимда МАТБ жамоаси катта куч билан ҳужумга ўтди. Кетма-кет ҳужумлар голлар билан якунланиб, ҳисоб 3:0 кўринишига келди. Бир қарашда МАТБ бундай устунликни энди қўлдан бой бермайдиган, ғалабани ўзида сақлаб қоладигандек эди. Аммо “Электрон ҳукумат” футзалчилари буткул ўзларини йўқотиб қўйишмади. Шошилмасдан ўйин назоратини ўз томонларига оғдиришга интилишди. Интилиш ўз самарасини берди: иккинчи бўлим охирларига келиб, 3 тўплик фарқни йўққа чиқариш уддасидан чиқишди. Сўнгги сонияларда эса ҳар иккала жамоада қулай вазиятлар юзага келди. Дарвозабон ва ҳимоячилар маҳоратигина ғолиблик тақдирини пеналтилар серияси ҳукмига топширди. Бунда омад “Электрон ҳукумат” жамоасига кулиб боқди:

МАТБ - Электрон ҳукумат – 3:3 (пеналтилар бўйича 1-3)       

Мусобақада илк бора қатнашган жамоа боши узра ғолиблик кубогини кўтариш шарафига эришди. Ажойиб натижа!

Бунёд Ризаев, “Электрон ҳукумат” жамоаси аъзоси:

$1-         “Электрон ҳукумат”ни ривожлантириш маркази ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Шу сабабдан биз ушбу мусобақада биринчи бор иштирок этдик. Илк иштирокимиз бўлишига қарамасдан, финалга қадар етиб келдик. Ҳал қилувчи баҳсда эса ҳарбий қисм жамоаси билан жуда қийин баҳсда ғалаба қозона олганимиздан бениҳоят хурсандмиз. Ғалабаларимиз замирида корхонамизда спортга, соғлом турмуш тарзига берилаётган эътибор самараси ётибди, десам муболаға бўлмайди. Мусобақа ташкилотчиларига ушбу ажойиб турнирни уюштиришгани учун миннатдорчилик билдираман.

Тақдирлаш маросими 

Тақдирлаш маросимида Алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси А.Ишанходжаев, ТАТУ ректори Ҳ.Муҳитдинов ва бошқалар иштирок этишди. Совриндор жамоаларга ташкилотчилар томонидадан махсус совринлар, медаллар ва кубоклар топширилди.

Ўтиш турнири финалчилари – МАТБ ҳамда “Электрон ҳукумат” жамоалари келгуси йилдан “Саралаш турнири”да иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритишди.

САРАЛАШ ТУРНИРИ

Кўчма кубок учун Тошкент шаҳар саралаш турнири ҳам ўз якунига етди.

Пойтахтнинг сараланган 8 жамоаси икки гуруҳга бўлиниб, мусобақанинг финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи 3 йўлланма учун баҳс олиб бордилар. “А” гуруҳида уч ўйинда 9 очко тўплаб, 1-ўринни қўлга киритган “ТШТТ” жамоаси, “В” гуруҳида уч ўйиннинг барчасида ғолиб бўлган ТАТУ жамоаси тўғридан тўғри финал йўлланмасига эга бўлишди.

Ўз гуруҳларида иккинчи ўринни қўлга киритган БРМ ҳамда UCELL жамоалари 3-йўлланма учун ўзаро баҳс олиб борди. Ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида дуранг билан якун топди. Пеналтилар сериясида UCELLнинг қўли баланд келиб, кузда бўлиб ўтадиган Кўчма кубок финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

©2008-2024 O'zbekiston aloqa xodimlari kasaba uyushmasi markaziy kengashi