Юртимизда азал-азалдан ёшлар таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиб келинган. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қабул қилинган дастлабки қонун ҳужжатларидан бири айнан ёшлар ҳақида (“Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун) эканлиги ҳам бежизга эмас. Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, миллий истиқлол ғояси, ўз Ватани ва халқига меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, ёшларни жисмонан, маънан ва руҳан баркамол этиб вояга етказиш учун зарур шарт-шароит яратишга йўналтирилган бўлиб, бу борада кўплаб давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шу йўналишдаги ишларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшаётган жамоат ташкилотларидан бири Республика касаба уюшмалари бўлиб, йиғилишда улар томонидан ижтимоий шериклик асосида ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, касаба уюшмалари олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг талаба ва ўқувчилари бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнатини мухофазалаш борасида тизимли фаолият юритмоқда. Учрашувда ёшларни доимий иш ўринлари билан таъминлаш, яратилаётган янги иш ўринларининг ишончлилиги ва меҳнат шароити юзасидан олиб борилаётган жамоатчилик назорати тўғрисида ҳам фикр алмашилди.
Тадбирда ёшларнинг Конституциявий ҳуқуклари, касаба уюшмалари томонидан ўқувчи ва талабалар, ёш мутахассисларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали улар фойдаланишлари мумкин бўлган имтиёз ва кафолатлар тўғрисида очиқ мулоқот ўтказилди.
Касаба уюшмалари мутасадилари талабаларнинг касаба уюшмалари фаолиятига оид кўплаб саволларига жавоб беришди.