Алоқа соҳаси касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган хуқуқий йўналишдаги ишлар ва чора-тадбирлар мамлакатимизда демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришда изчиллик билан, босқичма-босқич амалга оширилаётган кенг қамровли ишларга тўла мос равишда олиб борилмоқда.
Соҳа ходимлари ва тармоқ касаба уюшма аъзоларининг хуқуқий саводхонлигини янада ошириш, хар бир ходимда ўзини хуқуқий ҳимоя қила олиш кўникмасини шакллантириш, уларнинг меҳнатга оид қонуний хуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.
Соҳа ходимларининг хуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, иш хақи тўловини кечиктирмаслик, ижро интизомини мустаҳкамлаш, иш вақти режимига, меҳнат қонунчилигида белгиланган иш вақти ва дам олиш вақтига оид бўлган қонун талабларига риоя қилиниши ва уларнинг бажарилишини назоратга олиш тармоқ касаба уюшмасининг 2014 йилдаги устувор вазифаси этиб белгиланди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари Давлат қўмитаси билан Марказий кенгаш ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик бўйича 2013-2014 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси қабул қилингани тармоқ касаба уюшмалари фаолияти самарадорлигини ошириш имконини яратди.
2014 йилнинг 4-7 март кунлари Давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ва бошланғич касаба уюшма қўмиталари иштирокида Сурхондарё вилоятидаги 8 та корхона ва муассасаларда, амалдаги қонунчиликни тарғиб қилиш, ходимларнинг хуқуқий саводхонлигини ошириш ҳолати ўрганиб чиқилди, бошланғич ташкилотларда хуқуқий маърузалар, сухбатлар ва бошқа тадбирлар олиб борилди.
Шунингдек, 2014 йилнинг 1-чорагида Марказий кенгаш аппарати ходимлари томонидан алоқа соҳаси ходимларининг 8 та ёзма ариза ва шикоятлари кўриб чиқилди ҳамда 32 та оғзаки ва “ишонч телефони” орқали, мурожаатлари қайд этилиб, уларга тегишли маслаҳатлар ва хуқуқий тушинтиришлар берилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қиёсланганда, ходимларни хуқуқий жиҳатдан химоялаш кўлами ва самарадорлиги ошиб бораётгани кузатилади.
Жумладан, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари билан ҳамкорликда, “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ тизимидаги “Халқаро почтамт” филиали ходими Н.Мухамеджановнинг, Сурхондарё вилояти Денов тумани почта ходими Д.Сатторованинг, Андижон вилоят Хонобод шаҳар почта алоқаси тармоғи бошлиғи Х.Назировнинг, Тошкент вилоят Қибрай туманида яшовчи М.Ташанованинг меҳнат хуқуқлари ҳимоя қилинди.
2014 йилнинг биринчи чорагида иккита қонун лойиҳасига таклиф берилди, республика касаба уюшмаларининг “Ишонч” ва алоқа соҳасининг “Хабар” газеталарида хуқуқий мақолалар чоп этилди, касаба уюшмасининг жамоатчилик назоратига оид иккита буклет, касаба уюшма фаоллари учун учта тушинтириш хати ва қўлланмалар тайёрланиб, бошланғич ташкилотларга фойдаланиш учун тарқатилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан барча соҳа меҳнаткашлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг саломатликларини янада мустахкамлашга қаратилган спорт-соғломлаштириш тадбирлари орқали соғломлаштириш ҳамда уларни оммавий спорт билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида жорий йилнинг 18 апрель куни “Алишер Навоий” номидаги Миллий боғнинг “Наврўз” мажмуасихудудида “Касаба-ТУР” веломарафони тадбири ўтказилди.
Марафонда корхона, ташкилот ва муассасалардаги велоспорт турига қизиқиши бор меҳнаткашлар ва ҳаваскор велоспортчилар иштирок этдилар. Улар қаторида Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши тизимдаги бир қатор корхона ва ташкилотлар меҳнаткашлари ҳам иштирок этиш истагини билдирдилар.
Зўр шижоат ва кўтаринки руҳда 20-35 ёшдаги эркак ва аёллар ўртасида тармоқлараро ўтказилган марофонда “Ўзбектелеком” АК “Бош коммутация маркази” филиалидан Абдуазизов Эргаш ва Назарова Анна, “Тошкент шаҳар телефон тармоғи” филиалидан Мусиралиев Болат, Гафурова Шахноза, Тошпулатов Шоакбар ва Юлдашева Зарифалар, “Тошкент ахборот технологиялари университети”дан Миродилова Азиза, Очилов Бобир, Рахматуллаева Мохиралар 10 км. Масофани ҳеч қандай қийинчиликсиз, зўр махорат билан босиб ўтдилар.
Марафоннинг 35 ёш ва ундан катта ёшдаги эркаклар ўртасида ўтказилган мусобақада эса “Тошкент ахборот технологиялари университети” ходими Усмонов Бекзод 5 км. масофани босиб ўтишда ўз махоратини кўрсатди.
Мазкур марафонда иштирок этган корхона ва ташкилот раҳбарларига Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши ўз миннатдорчилигини билдиради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2124 -сон Қарори ижросини таъминлаш ҳамда ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, кўмаклашиш ва иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, мақсадида «Ёш мутахассислар» республика Форуми ва “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловини ташкил этиш тадбирлари асосида Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгашинниг 2014 йил 7 апрелда “Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари сохасида фаолият юритаётган ёш мутахассислар ўртасида “Энг фаол ёш алокачи”, “Энг фаол ёш дастурчи” танловларини ташкил этиш тўғрисида 01/3 17-20 “о” қўшма қарори қабул қилинди.
Қўшма қарорда қўмита тизимидаги акциядорлик компаниялари, жамиятлари, корхона, ташкилот ва муассасалар рахбарлари, қўмитанинг худудий бошкарма бошлиқлари ва бошлангич касаба уюшма ташкилотлари рахбарларига тизимда фаолият кўрсатаётган 30 ёшгача бўлган мутахассислар ўртасида икки боскичда - “Энг фаол ёш алокачи”, “Энг фаол ёш дастурчи” танловларини 1-боскичи май ойида вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида, 2-боскичи июнь ойида Республика миқёсида Тошкент шахрида тасдиқланган Низом ва баҳолаш Мезон асосида ўтказиш вазифалари юклатилди.
Танловларни ўткавзиш бўйича ташкилий ишлар вилоятларда Давлат қўмитасининг худудий бошқармалари томонидан, Республика босқичи тармоқ ишчи комиссияси томонидан амалга оширилади.
Маълумот учун телефонлар: 8 371 256-22-66, 252-54-85, 252-28-48
Эл.почта This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it. , This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси марказий кенгаши ташаббуси билан шу кунларда алоқа ва ахборотлаштириш тизимидаги вилоятлар ва пойтахтдаги бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари раислари ҳамда фаоллари учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ўқув марказида беш кунлик ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу машғулотлар дастуридан касаба уюшмалари фаолиятларини янада самарали ташкил қилиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, иш ҳужжатларини юритиш, хуллас, касаба уюшма қўмиталари фаоллари учун зарур бўладиган барча жараёнлар ўрин олган. Ташкилотчиларнинг машғулотларда касаба уюшмаси қўмиталарига янги сайланган раисларнинг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишгани диққатга сазовор.
Ташкил этилган ўқув-машғулотлар мавзулари ҳозирги кундаги долзарб масалалардан келиб чиққан ҳолда танланган бўлиб, маърузалар тажрибага эга бўлган етук мутахассислар томонидан тақдимот усулида олиб борилмоқда.
Шунингдек, машғулотларда кичик гуруҳларда ишлаш, муаммоли вазиятларни ҳал этиш чораларини белгилаш ва амалга ошириш механзмини ишлаб чиқиш борасида олиб борилган амалий машғулотлар тақдимотларини тингловчиларнинг ўзлари баҳолашлари муаммоли вазиятларни хал этиш борасида бир-бирилари билан фикр алмашиш, тажрибалари билан бўлишиш имконини бермоқда.
Бундан ташқари, ўқув машғулот иштирокчиларини “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ Тошкент почтаси филиали касаба уюшма қўмитаси ва намунавий Янгибозор тумани цех касаба уюшма қўмитасининг иш фаолияти билан танишиш жараёни уларда катта таъсурот қолдирди.
Маълумки, Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши ҳар ойда Тошкент шаҳридаги фаоллари учун Касаба уюшма кунини ўтказиб келади. Навбатдаги тадбир Федерация кенгаши ўқув марказида вилоятлардан келган фаоллар билан биргаликда ўтказилди. Тадбирни Марказий кенгаш раиси Асрор Ишанходжаев очди ва кун тартибидаги “Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий вазифаларидан келиб чиқадиган касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари тўғрисида” маъруза қилди. Маърузачи “Соғлом бола йили Давлат дастури” ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш, меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазасига оид қонунчилик ҳужжатлари ижроси бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини дам олдириш, хотин-қизлар, ёшларнинг бандлиги, кичик бизнес субъектлари, янги ташкил қилинган қўшма корхоналар ходимларини касаба уюшмасига жалб этиш, маданий-оммавий ва спорт тадбирларини сифатли ташкил этиш сингари масалалар хусусида батафсил сўз юритди.
Марказий кенгаш етакчи юристконсулти Абдувоҳид Аҳмедов Сурхондарё вилоятидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини ўрганиш якунлари мисолида ходимларни ҳуқуқий ҳимоялаш бўйича касаба уюшмаси қўмиталарининг вазифалари ҳақида ахборот берди.
Шундан сўнг, Марказий кенгаш раисининг таклифига кўра, вилоятлардан келган касаба уюшма қўмиталари раислари ўз фаолиятлари, иш жараёнида учраётган муаммоли масалалар, келгуси вазифалар ҳақида гапириб беришди. Очиқ ва ошкора ўтган мулоқотда муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди.
Ўқув машғулот тингловчилари учун маданий тадбир ҳам уюштирилган бўлиб, улар Алоқа тарихи музейига ҳамда “Мукимий” номидаги драмма-театр томошасига ташриф буюришди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши томонидан касаба уюшмалари фаолларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг етакчилик қобилиятларини янада кучайтириш бўйича давра суҳбатлари, учрашувлар, турли маданий-маърифий тадбирлар тизимли равишда ўтказиб келинмоқда. Албатта, бу эзгу ҳаракатлар соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоялаш, тизим ривожи учун хизмат қиладиган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишига яқиндан ёрдам беришга қаратилганидан далолатдир.
Юртимизга кириб келган кўклам фасли ўзи билан чор-атрофга янгиланиш, ёшариш нафаси ила зеб бериб, наботот оламига гул-чечаклари билан оро берди. Кўклам ўлкамизга нафақат гўзаллик, яшиллик сепини ёзди, балки ўзи билан қувонч ва шодиёналарга тўлиқ байрамларни ҳам етаклаб келди. Унинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда энг нафосатли айём хотин-қизлар байрами, халқимизнинг севимли байрами – “Наврўзи олам” кенг нишонланади.
Маълумки, аёлни улуғлаш–оилани, Ватанни, ҳаётни улуғлашдир. Ўзбекистонда доимо аёллар, айниқса, ўсиб келаётган ёш қизларимизга, уларнинг саломатлиги, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, мамлакатимиз алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳаси тизимидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш орқали саломатлигини мустаҳкамлаш, аёлларимиз, айниқса, қизларимизни маънавий-аҳлоқий камолотга йўналтириш, уларнинг руҳиятини, иймон-эътиқодини, иродасини одамийлик, инсонпарварлик, юртпарварлик, меҳр-оқибат, саҳоват ва келажакка ишонч фазилатлари билан бойитиш, давлатимиз томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган муносиб шароитлардан оқилона фойдаланиш, жамиятда, оилада ўз ўринларини топиш ва соғлом авлодни тарбиялаш, оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ичкиликбозлик ва гиёҳвандликнинг олдини олиш кабилар касаба уюшмаси қўмиталарининг асосий вазифаларига айланган.
Юртимизга кириб келган баҳор айёмининг байрамлари арафасида Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳамкорлигида кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритаётган аёллар ўртасида “Соғлом она — соғлом авлод гарови” шиори остида Аёллар спорт фестивали ўтказилди. Мазкур тадбини ташкил этиш ва ўтказиш тасдиқланган Низом асосида ташкил этилди ҳамда бу борада махсус Ишчи гуруҳлар фаолият олиб борди.
Маълумки, ушбу нуфузли спорт тадбирининг туман босқичи саралаш ўйинлари ўтган йилнинг декабр ойида бошланган эди. Уларда “Ўзбектелеком”, «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компаниялари, “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ, “Алоқабанк” ОАТБ Республика, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва алоқа корхона, ташкилот, муассасалардан ҳамда туман, шаҳар филалларидан 1500 зиёд хотин-қизлар қатнашдилар.
Эътиборлиси, соҳанинг барча корхоналари вакилалари вилоятлардаги мусобақаларнинг саралаш босқичларида фаол иштирок этишди. Шу тариқа, финал босқичида қатнашадиган вилоят терма жамоалари шакллантирилди. Мусобақалариспортнингшахмат, рус шашкаси ва стол тенниси бўйича аёллар ўртасида яккахон тартибда, волейбол ва кўп кураш жамоа таркибида ўтказилди.
Тошкент шаҳрида ўтказилган мусобақлар бўйича энг юқори натижаларга эришган иштирокчилардан иборат 2та ҳамда вилоятлардан 1тадан жами 15та терма жамоалар таркибида 165 нафар аёллар Фестивалнинг якуний Республика босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.
Аёллар спорт Фестивали иштирокчилари 2014 йилнинг 5 март куни Самарқанд шаҳрида кутиб олинди ҳамда “Азия-Самарқанд” меҳмонхонасига жойлаштирилди.
Аёллар спорт фестивали бўйича мусобақалар Самарқанд Давлат унивеситети спорт залида республикадан келган қатнашчиларнинг шўх-шодон мусиқалар садоси остида ҳар бир вилоят номи ёзилган тахтачалар билан залга бирин-кетин кириб келишлари паради билан бошланди.
Самарқанддаги Ҳамид Олимжон номидаги театр актёрлари томонидан соҳибқирон Амир Темур сиймоси, унинг яқин сафдоши, умр йўлдоши Бибихоним, фарзандлари Шохруҳ Мирзо, набиралари Мирзо Улуғбек каби ватан ва халқ равнақи йўлида ўзларининг беқиёс хизматлари билан эл ичида танилган инсонлар сиймолари гавдаланган театрлаштирилган саҳна кўриниш, жажжи спортчи болаларнинг таэквандо спорт туридаги чаққон ҳарактлари билан уйғунлашди.
Спорт мусобақаларини тартибли ва юқори савияда ўтишини ташкил этиш мақсадида терма жамоалар ўртасида қура ташлаш ва алоҳида ишлаб чиқилган режа асосида амалга оширилди. Фестивал мусобақалари, асосан спортнинг беш тури бўйича ўтказилди. Шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол ҳамда кўпкураш мусобақалари бўйича вилоятлараро беллашув қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.
Мусобақаларнинг шахмат ва шашка турларида қатнашчилар ҳар қандай қийин вазиятларда муаммолар ечимини осонлик билан ҳал этишлари, теннис ўйинларида иштирокчиларнинг чаққон ва чапдастликлари, волейбол ва кўпкураш мусобақаларида тез ва қисқа фурсатларда кўзлаган мақсадларига ҳеч қандай қийинчиликсиз етишишларини намойиш қилдилар.
Спортнинг рус шашкаси тури бўйича ўтказилган мусобақаларда Андижон, Наманган, Бухоро вилояти, шахмат бўйича ўтказилган мусобақада Андижон Тошкент шаҳар-2 ва Самарқанд вилоят терма жамаолари аъзоларига насиб бўлди.
Якуний натижаларга кўра стол тениси бўйича 1-даражали диплом билан Тошкент шаҳри-1 терма жамоаси аъзоси, 2-даражали диплом билан Сирдарё вилояти терма жамоа аъзоси ва 3-даражали диплом билан Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоаси аъзоси тақдирланди.
Кўп кураш мусобақаларида учинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоасига, иккинчи ўрин Фарғон вилоят терма жаомасига ва биринчи ўрин Навоий вилоят терма жамоасига насиб этди.
Мусобақанинг зўр шиддат ва жасорат билан ўтказилган волейбол белашувида аёлларнинг спортга бўлган қизиқишлари, ёшига қармай эпчил ва чақонлиги, сабр ва матонати яққол намаён бўлди. Мазкур мусобақада ғолиб ҳам мағлуб бўлган терма жаома ҳам майдонни табассум ила тарк этди. Ғолиблик супасининг учинчи ўрнига Сурхондарё, иккинчи ўринига Тошкент шаҳар-2 ва биринчи ўринга Тошкент шаҳар-1 терма жамоалари кўтарилди.
Кечки пайт “Азия Самарқанд” меҳмонхонасида вилоятлардан ташриф буюрган фестивал қатнашчилари томонидан маънавий-маърифий кеча намойиш этилди.
Кечада ҳар бир терма жамоалар томонидан “Соғлом бола йили” ҳамда “Соғлом она-соғлом авлод гарови” шиори остида тайёрланган маданий чиқишлар спорт фестивалига ўзгача тус берди.
Айниқса, андижонлик меҳмонларнинг Андижон полкаси, хоразмлик вакилларнинг лазги мусиқалари остидаги шўх ва шодон рақслари, бухоролик қатнашчилар ижросидаги “Келинлар қўзғолони” спектаклининг алоқачи-спортчилар образидаги янги кўриниши ва фарғоналиклар томонидан турмуш чорраҳаларидаги қайнона-келин ўртасидаги муаммолар, Тошкент ва навоийлик меҳмонларнинг бугунги кун ёшларининг автобус ва кўча-хиёбонлардаги ёши катталарга бўлган ҳурмат-эътиборларини ўрнига қўймаслик муносабатлари, бошқа вилоятдан келган вакиллар ҳам соғлом авлодни тарбиялаш, оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш каби театрлаштирилган саҳна кўринишларини намойиш этдилар.
Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари мусобақаларнинг эртаси куни Имом ал-Бухорий мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Шоҳи Зинда, Ал-Мотуридий, Ҳазрати Дониёр пайғамбар қабри, Ҳазрати Хизр масжиди ва Регистон майдони каби шаҳарнинг тарихий манзилларини обод, сўлим ва гўзал диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишди.
Спорт фестивали якуни 7 март куни “Маржон” таънтаналар уйида байромана дастурхон атрофида мусабақа ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғаларни таътанали топшириш ҳамда маданий, қўнгилочар чиқишлар билан якунланди.
Соҳада фаолият юритаётган аёллар ўртасида “Соғлом она — соғлом авлод гарови” шиори остида ўтказилган Аёллар спорт фестивали Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан илк маротаба уюштирилган бўлиб, алоқачи хотин-қизларнинг уй юмушларида, ишдан бўш пайтлари спортда ва маънавий-маърифий ишларда ҳам бенуқсон фаолият кўрсатишлари яққол намоён бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси А.Ишанходжаев, Республика ахборот кутубхона маркази директори А.Абдуазизов, Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқарма бошлиғи Д.Хўжамбердиев, “Ўзбектелеком” АК маъсул ходимлари, “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ, “Алоқабанк” ОАТБ, “Электомагнит мослашув маркази”ДУК, Республика радио, телевидение узатиш маркази вилоят филиал раҳбарлари, Самарқанд вилояти алоқа корхона ва ташкилот раҳбарлари, оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий Кенгаши мазкур тадбирга ҳомийлик қилган барча ташкилотларга ўз миннатдорчилигини билдиради.
Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси
Марказий кенгаши масъул ходими
Раъно Тўраева